Янгиликлар
Умумдавлат акцияси ижроси амалда.
Бугунги кунда мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳамда мулк ҳуқуқини дахлсизлигини таъминлаш йўлида ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Юритимизда олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида 2018 йил 21 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида” 2018 йил 20 апрелдаги ПФ–5421-сон Фармони ижросини таъминлаш чора-тадбирлари ҳақида”ги 461-сонли Қарори қабул қилинди.
Мазкур қарорни Наманган вилояти ҳудудида ижросини таъминлаш мақсадида Наманган вилоят адлия бошқармаси бошлиғининг 2018 йил 22 июнь куни 206-ум-сонли буйруғи қабул қилинди.
Қарор ижросини таъминлаш мақсадида олиб борилган ишлар натижасида биргина Наманган шаҳрининг ўзида фуқаролар томонидан кўчмас мулкка нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича 2 500 та аризалар келиб тушди. Шундан 560 тасига туман (шаҳар) ҳокимининг қарорлари қабул қилинган бўлса, 114 та аризалар рад этилган. Бир марталик йиғим белгиланган муддатда тўланмаганлиги оқибатида 400 та аризалар харакатдан тўхтатилган.
Шунингдек, фуқаролар томонидан берилган аризаларни кўриб чиқиш муддатлари, ташкил этилган комиссия аъзолари томонидан бузилганлик ҳолатлари ҳам мавжуд.
Хусусан, Наманган шаҳар қурилиш бўлими томонидан 286 та, ДСЭНМ томонидан 127 та, давлат солиқ инспекцияси томонидан 564 та аризаларни кўриб чиқиш муддатлари бузилган.
Наманган шаҳар адлия бўлими томонидан олиб борилаётган ишларнинг қонунийлигини таъминлаш мақсадида тегишли идораларга
10 огоҳнома, 6 тақдимнома, 5 маъмурий таклиф ва 12 та бошқа таъсир чоралари қўлланилган.
Шу каби масалар билан мурожаат қилган бир неча фуқароларга Наманган вилоят адлия бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари У.Исматиллаев ва Наманган шаҳар адлия бўлими бошлиғи О.Бозаровлар томонидан кадастр ҳужжатлари тантанали равишда топширилди.
Наманган вилоят адлия бошқармаси
Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими