Янгиликлар
Фармон ва ижро: фуқаролик жамияти институтларининг бугунги ҳолати
Ўтган давр мобайнида мамлакатимизда нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолияти учун жуда кенг шароитлар яратилиб, улар жамият ҳаётининг турли соҳаларида фаолият кўрсатиб келмоқдалар. Уларнинг фаолиятига давлат сиёсати даражасида эътибор берилиши нодавлат нотижорат ташкилотлар сонининг кундан кунга кўпайиб, фаолиятларининг янада кенгайишига сабаб бўлмоқда.
Хусусан, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари фаолиятини ташкил этишда мавжуд бўлган айрим муаммо ва камчиликларни бартараф этиш мақсадида жорий йилнинг 4 май куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мамлакатни демократик янгилаш жараёнида фуқаролик жамияти институтларининг ролини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни қабул қилинди. Фармон билан 2018 йил 1 июндан бошлаб нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолияти соҳасида қуйидаги янги демократик ислоҳотлар амалиётга жорий этилди:
— рўйхатдан ўтказувчи орган билан нодавлат нотижорат ташкилотларининг тадбирларини келишиш тартиби режалаштирилаётган тадбирлар ҳақида хабардор қилиш тартиби билан алмаштирилади;
— нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳисобварақларига чет давлатлардан, халқаро ва хорижий ташкилотлардан, чет давлатларнинг фуқароларидан ёки уларнинг топшириғига биноан бошқа шахслардан уларнинг уставларида (низомларида) назарда тутилган вазифаларни амалга ошириш учун келиб тушган пул маблағларидан ва мол-мулкдан, уларни олиш рўйхатдан ўтказувчи орган билан белгиланган тартибда келишилгандан сўнг, бирон-бир тўсиқларсиз фойдаланилади;
— Ўзбекистон Республикасидаги нодавлат нотижорат ташкилотлари учун ажратилган грант маблағлари мазкур ташкилотларнинг мамлакатдаги исталган банк муассасаларида очилган махсус ҳисобварақларига келиб тушади;
— меҳнатга ҳақ тўлаш фондини тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган келиб тушган маблағлар ҳисобидан шакллантирувчи нодавлат нотижорат ташкилотлари учун ягона ижтимоий тўлов ставкаси 15 фоиздан кўп бўлмаган миқдорда белгиланади;
— жамоат фонди маъмурий харажатларининг, шунингдек, васийлик кенгаши ва тафтиш комиссияси аъзоларига бериладиган мукофот пули тўловларининг ва улар ўз вазифаларини бажариши билан боғлиқ харажатлар компенсациясининг йиллик умумий суммаси фонднинг барча харажатлари суммасининг 30 фоизидан ошмаслиги керак;
— нодавлат нотижорат ташкилотларининг пенсионер ходимларига пенсия уларнинг мазкур ташкилотлардаги фаолияти ягона иш жойи бўлган тақдирда, тўлиқ тўланади.
Мазкур фармон билан нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолиятидаги мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимига қаратилган муҳим вазифалар белгилаб берилди. Фармон талабларидан келиб чиқиб, ўтган давр мобайнида Наманган вилоят адлия бошқармаси томонидан бир қатор ишлар амалга оширилди.
Хусусан, фармоннинг 9-бандида белгиланган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри марказларида ННТларнинг ҳудудий эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда, бўшаб ётган ва самарали фойдаланилмаётган давлат мулки объектлари негизида “Нодавлат нотижорат ташкилотлари уйлари”ни ташкил этиш, мазкур биноларга янги ташкил этилган, шунингдек, ижтимоий аҳамиятга эга бўлган соҳаларда ўз фаолиятини амалга ошираётган ННТларни ижара тўловининг “нол” ставкасини қўллаган ҳолда жойлаштириш бўйича 2018 йил 29 май куни Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси Наманган вилоят ҳудудий бошқармасига бошқарма томонидан хат юборилиб, ҳудудий бошқарманинг 2018 йил
1 июндаги жавоб хатида келтирилган рўйхат асосида Наманган шаҳри марказида бўш турган ва самарали фойдаланилмаётган давлат мулки объектлари рўйхати шакллантирилди.
Шунингдек, 2018 йил 1 июнь куни мазкур рўйхатда келтирилган объектларда бинога муҳтож ННТларни жойлаштириш масаласини кўриб чиқиш тўғрисида Наманган вилояти ҳокимлигига хат юборилди.
Ҳозирда, Наманган вилоят адлия бошқармаси томонидан Наманган шаҳар, Банк кўчаси, 9-уйда жойлашган Наманган вилоят ободонлаштириш бошқармаси балансидаги 4 қаватли бинонинг бўш турган ва самарали фойдаланилмаётган 2-3-қаватларидаги мавжуд 34 та хоналарга бинога муҳтож ННТларни жойдаштириш ҳамда “ННТлар уйлари”ни ташкил этиш бўйича вилоят ҳокимининг қарори лойиҳасига таклифлар тайёрланди.
Шунингдек, фармоннинг 7-8-бандлари ижросини таъминлаш мақсадида Халқ депутатлари Наманган вилоят Кенгаши ҳузуридаги фуқаролик жамияти институтлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш бўйича жамоат фондининг таъсис ҳужжатлари тайёрланиб, бошқарма бошлиғининг 2018 йил 4 июлдаги буйруғига асосан, жамоат фондига давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳнома берилди.
Жорий йилнинг 28 июнь куни Наманган вилоят “Ёшлар маркази”да Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди, вилоят ҳокимлиги, вилоят адлия бошқармаси, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Наманган вилояти ҳудудий бўлинмаси, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси Наманган ҳудудий бўлинмаси ҳамда вилоятда фаолият кўрсатувчи нодавлат нотижорат ташкилотлар вакиллари иштирокида “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни ва Президентимизнинг 2018 йил 4 майдаги
ПФ-5430-сонли Фармонида белгиланган вазифаларнинг Наманган вилоятида самарали бажарилишини ўрганиш якунларига бағишланган давра суҳбати ўтказилди.
Шунингдек, 19 июль куни вилоят адлия бошқармасининг Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими бошлиғи А.Мусашайхов ва Нодавлат нотижорат ташкилотлар бўлими етакчи маслаҳатчиси Б.Саримсақовлар фармоннинг мазмун-моҳияти юзасидан “Олтин замин” радиосининг “Сиз учун маҳим” номли жонли эшиттиришида чиқиш қилдилар.
Бундан ташқари, жорий йилнинг 25 июль куни Наманган вилоят адлия бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 майдаги ПФ–5430-сонли “Мамлакатни демократик янгилаш жараёнида фуқаролик жамияти институтларининг ролини тубдан ошириш
чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолияти соҳасига оид бошқа қонун ҳужжатларининг
мазмун-моҳияти юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Девони масъул ходими А.Тўраев, Ўзбекистон Республикаси Нодавлат нотижорат ташкилотлар миллий ассоциацияси масъул ходими И.Ходжаев ва Наманган вилояти ҳокимлиги котибият мудири А.Абдурахманов ва вилоят Нодавлат нотижорат ташкилотлар вакиллари иштирокида семинар-тренинг ўтказилди.
Хусусан, бугунги кунда вилоятимизда 2018 йилнинг 1 август ҳолатига давлат рўйхатига олинган ННТлар сони 407 тани, ҳисоб рўйхатига олинган ННТлар сони 210 тани, жами ННТлар сони 617 тани ташкил этаётганининг ўзиёқ фикримизнинг ёрқин далилидир.
Мухтасар қилиб айтганда, юқоридаги фармоннинг қабул қилиниши нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари фаолиятини янада такомиллаштиришга, уларга кенг шароитлар яратиб беришга, бир сўз билан давлат органлари билан нодавлат нотижорат ташкилотлар ҳамкорлигини янги босқичга кўтаришга хизмат қилди.
Наманган вилоят адлия бошқармаси
бўлим бошлиғи С.Қодиров