Янгиликлар
ҲУҚУҚИЙ ТАРҒИБОТ–КИТОБХОНЛИК–МЕМОРАНДУМ!
Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мақсад ва вазифаларини, янги қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини ижрочилар ва кенг жамоатчиликка етказиш ва тушунтириш, шунингдек фуқароларда, айниқса ёшларда китобхонлик маданиятини янада ривожлантириш, уларни ишончли ҳуқуқий ахборот ва ҳуқуқий мазмундаги тарғибот материаллари билан таъминлаш долзарб аҳамият касб этади.
Мазкур йўналишда амалга оширилаётган ишларни янада кучайтириш, янги қабул қилинаётган қонун ҳужжатларини кенг жамоатчиликка етказишда ахборот-ресурс марказлари имкониятларидан самарали фойдаланиш, фуқаролар, айниқса талабалар ва ўқувчиларга ишончли ҳуқуқий ахборотдан фойдаланиш имкониятини яратиш мақсадида 2018 йил 25 август куни Наманган вилоят адлия бошқармаси ва Наманган вилоят ахборот-ресурс маркази томонидан Томонлар учун бир хил кучга эга бўлган икки нусхада меморандум имзоланди.
Мазкур меморандумга биноан, Наманган вилояти адлия бошқармаси томонидан сўнги қабул қилинган қонун ҳужжатлари ва тарғибот материалларини кўпи билан 5 дақиқада вилоят ахборот-ресурс марказига электрон тарзда етказилади ва маълумотлар қабул қилиниши билан шу заҳоти ахборот-ресурс марказининг 72 та ҳудудий бўлимларига юборилади. Бундан кўзланган мақсад ахборот-ресурс марказининг умумий ўрта таълим мактабларидаги бўлимлари орқали ўқитувчи ва ўқувчиларни ҳуқуқий саводхонлигини юксалтириш ҳамда ҳуқуқий манбааларини ишончли маълумотлар билан бойитишда тезкорликни таъминлаш хисобланади.
Шунингдек, меморандумда Адлия органлари ходимларининг китобхонлик маданиятини, фикрлаш ва дунёқарашини янада ривожлантириш, уларни ишдан бўш вақтларида мумтоз асарларимиз, ўзбек ва дунё ёзувчиларининг бой адабий меросидан баҳраманд бўлишларини таъминлаш мақсадида ҳар ойда икки маротаба (шанба кунлари) марказда адлия органлари ходимларининг “китобхонлик кунлари” ташкил этилиши назарда тутилди.
Имзолаш жараёни якунлангач, вилоят адлия бошқармаси бошлиғи Х.Сабиров томонидан вилоят ахборот-ресурс марказига ташриф буюрилиб, меморандумда акс этган вазифаларни тўғри бажарилиши шахсан кўздан кечирилди.
Наманган вилоят адлия бошқармаси
Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими