Янгиликлар
Наманган вилоят адлия бошқармаси томонидан 14 август куни Янгиқўрғон туманида “Ҳуқуқий ахборот куни” номи остида ташкил этилган оммавий сайл бўйича А Х Б О Р О Т
Бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мақсад ва вазифаларини, янги қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини халқимизга етказиш, уларнинг ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятини янада юксалтириш, “Фуқаролар давлат органларига эмас, давлат органлари фуқароларга хизмат қилиши керак” деган принципни амалда қарор топтириш, ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларни тадбиркорликка кенг жалб этиш юзасидан кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, вилоятнинг энг олис, чекка ҳудудларидаги аҳолини ишончли ҳуқуқий ахборот билан таъминлаш, уларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини янада юксалтириш, халқ билан бевосита мулоқотни йўлга қўйиш мақсадида жорий йилнинг 14 август куни Наманган вилоятининг Янгиқўрғон туманида Республика ишчи гуруҳи ва вилоят адлия бошқармасининг ташаббуси билан “Ҳуқуқий ахборот куни” номи остида оммавий сайл ташкил этилди.
Сайлда вилоят адлия бошқармаси, туман адлия бўлимлари, вилоятда фаолият кўрсатувчи давлат нотариал идоралари, Давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармаси, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, вилоят ички шлар бошқармаси ва туман ички ишлар бўлими, ҳарбий қисмлар, Адвокатлар палатаси вилоят бошқармаси, туман ҳокимлиги, давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизмат ходимлари, бандлик бош бошқармаси ва туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази, тиббиёт муассасалари шифокорлари, тижорат банклари, Ёшлар иттифоқи вилоят ва туман кенгаши, бошқа мутасадди ташкилотлар, шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотлар, туманда фаолият кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари ва фермер хўжалиги вакиллари ўз фаолиятлари билан иштирок этдилар.
Сайл уч қисмдан иборат шаклда ташкил этилди.
Биринчи қисми ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларда мардлик ва жасурлик ҳислатларини шакллантириш мақсадида давлат хавфсизлик хизмати, ички ишлар, мудофаа ва миллий гвардия ҳарбий қисмлари аскарларининг кўргазмали чиқишлари ва ўқув машғулотлари намойиши ўтказилди.
Шунингдек, сайлда ҳарбий техникалар, мосламалар ва қуролларнинг кўргазмаси, Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилотининг кўргазмали чиқишлари ташриф буюрган фуқаролар, яйниқса ёшларда катта таассурот қолдирди.
Ёшлар иттифоқи вилоят ва туман кенгаши ташаббуси билан “Ёшлар келажагимиз” давлат дастури доирасида ёшларни тадбиркорликка кенг жалб этиш бўйича кўргазмали тарғибот материаллари тарқатилиб, спорчиларнинг кўргазмали чиқишлари, бокс, карате, кураш, шахмат, шашка мусобақалари ташкил этилди.
Сайлнинг иккинчи қисмида давлат органлари ва ташкилотлари, тижорат банклари, аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази, тиббиёт муассасалари шифокорлари ва бошқа мутасадди ташкилотларнинг сайлга ташриф буюрган фуқароларга “хизмат кўрсатиш бурчаклари” ташкил этилиб, ҳар бир иштирокчи ташкилот ўзининг фаолият йўналишидан келиб чиққан ҳолда фуқароларга керакли ҳуқуқий тушунтириш ва масалаҳатларини бериб бордилар.
Жумладан, вилоят адлия бошқармаси, туман адлия бўлими ва давлат нотариал идоралари, томонидан ташкил этилган алоҳида ҳуқуқий хизмат кўрсатиш бурчагида мерос, уй-жой олди-сотди шартномаси, гаров ва кафиллик шартномалари ҳамда бошқа нотариал ҳаракатларни расмийлаштириш ҳамда уларни амалга оширишда тақдим қилиниши лозим бўлган ҳужжатлар тўғрисида 300 дан ортиқ фуқароларга ҳуқуқий тушунтириш ва маслаҳатлар берилди.
Шунингдек, адлия бошқармаси ва туман адлия бўлимлари ходимлари томонидан 200 дан ортиқ фуқароларга турли мавзуларда ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. Шунингдек, 13 нафар фуқароларнинг мурожаатлари туман адлия бўлимининг иш юритувига қабул қилиниб, ижроси назоратга олинди.
Сайлда вилоятдаги 50 та давлат органлари ва ташкилотларининг вакант юридик хизмат ходимлари учун бўш иш ўринлари ярмаркаси ҳам ташкил этилиб, фуқароларга ишга кириш масаласида амалдаги қонунчилик талаблари тўғрисида тушунтиришлар берилди.
Қолаверса, Давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармаси ва туман давлат хизматлари маркази томонидан сайлга ташриф буюрган фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига жойида сайёр тартибда давлат хизматлари кўрсатилиши таъминланди.
Масалан, марказ ходимлари томонидан ўзбошимчалик билан қурилган турар-жойларга эгалик ҳуқуқини эътироф этиш бўйича 18 та аризалар қабул қилиниб, белгиланган тартибда “Е-IJRO” электрон ҳамкорлик тизими орқали ер тузиш ва кўчмас мул кадастри туман филиалига юборилди.
Шунингдек, 8 нафар фуқароларнинг тадбиркорликни бошлаш ва давлат рўйхатидан ўтказиш масаласи ўрганилиб, 5 нафарига тегишли ҳуқуқий тушунтиришлар берилди ва 3 нафари тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтказилди. Марказ томонидан 6 нафар фуқароларга электрон рақамли имзо калити олиниши, 9 нафар фуқароларга фарзандларини мактабгача таълим муассасаларига йўлланмалар расмийлаштириб берилиши, 4 нафар фуқароларни жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тизимига ҳисобга олиниши, туман ФҲДЁ бўлими томонидан 1 та никоҳ ва 1 нафар фуқаронинг фарзандига туғилганлик ҳақида гувоҳнома расмийлаштириб берилиши таъминланди. Фуқароларга давлат хизматларининг мазмун-моҳияти акс этган кўргазмали тарқатма материаллар, буклет ва флаерлар ҳам тарқатилди.
Бундан ташқари, туманда фаолият кўрсатувчи судлар ҳамда Адвокатлар палатаси вилоят бошқармасига аъзо адвокатлик тузилмаларининг тажрибали адвокатлари томонидан 100 дан ортиқ фуқароларга муаммоли масалалар юзасидан жойида бепул ҳуқуқий масалаҳатлар ва тушунтиришлар берилди.
Шу билан бирга вилоят бандлик бош бошқармаси ва туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари томонидан “бўш иш ўринлари ярмаркаси” ҳам ташкил этилиб, унда 98 та ташкилот 218 та бўш иш ўрни билан иштирок этди. Мазкур ярмаркада 300 дан ортиқ фуқаролар ўзларини қизиқтирган масалалар бўйича мурожаат қилишиб, натижада 149 нафар фуқароларга ишга жойлашишлари учун йўлланмалар берилди.
Бундан ташқари, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимидаги
31 та вилоят даволаш-профилактика муссасаларида фаолият олиб бораётган 31 нафар тажрибали шифокорлар ҳамда 15 нафар ўрта тиббиёт ходимлари томонидан тиббий кўриклар ўтказилиб, 1 200 дан ортиқ фуқароларга турли йщналишларда бепул тиббий хизматлар кўрсатилди. Хусусан, тадбирга 2 та УТТ, 2 та ЭКГ, 1 та рақамли ва рақамсиз рентген Проскан флюоромобил,
1 дона мобил ижтимоий дорихона, 2 дона “Hyundai” тиббий тез ёрдам автотранспорт воситалари жалб этилди.
Шунингдек, ногиронлиги бўлган шахсларга 2 дона ногиронлар аравачаси тақдим этилиб, 2 нафар фуқарога Республика даволаш муассасаларига, 9 нафар фуқароларга вилоят ДПМларига, 24 нафарига туман тиббиёт бирлашмаси тизимидаги бўлимларга имтиёзли даволаниш учун бепул йўлланмалар берилди.
Сайлда Марказий банк Наманган вилоят бош бошқармаси ҳамда туманда фаолият кўрсатувчи тижорат банклари, жумладан “Агробанк”, “Микрокредитбанк”, “Халқ банки”, “Ҳамкорбанк”, “Қишлоққурилишбанк”, “Савдогарбанк” ва бошқа банклар туман филиаллари, Ёшлар иттифоқи вилоят ва туман кенгашининг “Ҳар бир оила тадбиркор”, “Ёшлар келажагимиз” давлат дастурлари ижроси бўйича алоҳида кўргазмали бурчаклари ташкил этилди.
Шунингдек, туманда фаолият кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари ва фермер хўжаликларининг ўзлари томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ва бошқа турдаги истеъмол товарларнинг ярмаркаси, қуён, товуқ, курка каби уй ҳайвонлари савдоси ҳам ташкил этилди.
Сайлнинг учинчи қисмида маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилиб, сайлга ташриф буюрган фуқароларнинг кайфиятини янада кўтариш, сайлни завқли ва мазмунли ўтказиш мақсадида бир гуруҳ санъат ва маданият вакиллари томонидан байрам дастури намойиш этилди. Мазкур дастурда қўшиқчилар, сўз усталари, раққосалар, миллий чолғу асбоблари усталари, шоирлар ўзларининг чиқишлари билан сайлга ташриф буюрган фуқароларга байрамона кайфият улашдилар.
Вилоятда фаолият кўрсатувчи нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда миллатлараро тотувликни янада мустаҳкамлаш мақсадида сайлга таклиф этилган “Қирғиз”, “Тожик”, “Рус” ва “Корейс” миллий-маданий марказларининг иштироки тадбирга ўзгача кўтаринки руҳ баҳш этди.
Шунингдек, туманда фаолият кўрсатувчи миллий ҳунармандлар ва тадбиркорлар томонидан миллий либослар, ҳунармандчилдик маҳсулотлари, бадиий, юридик ва илмий китоблар кўргазмаларининг ташкил этилиши ёш китобхонлар, бадиий адабиётга қизиқуви ёшларда катта таассурот қолдирди.
Сайлга Янгиқўрғон тумани ва туманга қўшни бўлган ҳудудлардан жами 4 мингдан ортиқ фуқаролар ташриф буюрдилар.
Мазкур сайл марказий ва маҳаллий телерадиоканаллар, босма оммавий ахборот воситалари, интернет нашрлари, бошқарманинг веб-сайти ва “Facebook”даги саҳифасида кенг ёритилди.
Бир сўз билан айтганда “Ҳуқуқий ахборот куни” тадбири фуқароларнинг ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятини янада оширишга, барча соҳаларда фуқароларга сифатли хизмат кўрсатилишини таъминлашга, аҳоли билан давлат органлари ўртасидаги мулоқотни янги босқичга олиб чиқилишига хизмат қилди десак муболаға бўлмайди.
Наманган вилоят адлия бошқармаси
Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими
бошлиғи А.Мусашайхов