Янгиликлар
2018 йил I ярим йиллиги давомида жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган мурожаатларни таҳлил қилиш юзасидан маълумот
Наманган вилоят адлия бошқармасига 2018 йил I ярим йиллиги давомида жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган мурожаатлар таҳлил қилинганда қуйидагилар аниқланди.
I. Бошқармага келиб тушган мурожаатларни (ёзма, ишонч телефони, сайёр қабул ва виртуал) кўриб чиқиш натижалари бўйича:
Жумладан, вилоят адлия бошқармасига 2018 йил I ярим йиллиги давомида жами 449 та (шундан 190 таси Ҳуқуқий хизмат кўрсатишни давлат томонидан тартибга солишга оид, 109 таси инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид, 35 таси тадбиркорлик субъектлари ва хорижий инвестицияларни ҳуқуқий ҳимоя қилиш соҳасига оид, 25 таси шартномавий муносабатларга оид ва 90 таси бошқа соҳаларда) мурожаатлар келиб тушди.
Келиб тушган мурожаатларнинг 379 таси ҳал этилиб, шундан 171 та мурожаат, яъни уларнинг 45 фоизи қаноатлантирилди.
Хусусан, Ҳуқуқий хизмат кўрсатишни давлат томонидан тартибга солиш соҳасидаги мурожаатларнинг 40 фоизи (68 та), Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги мурожаатларнинг 25 фоизи (42 та), Шартномавий муносабатларга оид мурожаатларнинг 16 фоизи (18 та), Тадбиркорлик субъектлари ва хорижий инвестицияларни ҳуқуқий ҳимоя қилиш соҳасидаги ҳал этилган мурожаатларнинг 14 фоизи (17 та), ҳамда бошқа соҳалардаги мурожаатларнинг 15 фоизи (26 та) важлар ўз тасдиғини топганлиги сабабли қаноатлантирилди.
Қаноатлантирилган мурожаатлар асосида 8 та тақдимнома, судларга 192 млн 272 минг 483 сўмлик 23 та даъво аризалари, шунингдек тегишли идораларга айбдор шахсларни маъмурий жавобгарликка тортиш бўйича 9 та таклифлар киритилди.
Қўлланилган таъсир чоралари натижасида 80 млн 573 минг сўм пул маблағлари қайтарилди ҳамда 2 та ноқонуний қарорларнинг ижроси тўхтатилди ва бекор қилинди. Шунингдек, 5 нафар шахс интизомий жавобгарликка тортилди.
Бундан ташқари, 208 та мурожаат юзасидан ҳуқуқий тушунтириш берилди, 1 та мурожаат кўрмасдан қолдирилди, 59 та мурожаат тегишлигига кўра бошқа идора ва ташкилотларга юборилди. Шунингдек, 10 та мурожаат ҳисобот даврига (III чорак) қолдиқ бўлиб ўтди.
Келиб тушган мурожаатларни 25 тасини кўриб чиқишда мутахассислар жалб қилинди, 107 таси бевосита мурожаат этган фуқаро иштирокида кўриб чиқилди, шунингдек 75 таси жойига чиқиб ўрганилди.
II. Ишонч телефонларига келиб тушган мурожаатларни кўриб чиқиш натижалари бўйича:
Наманган вилоят адлия бошқармасининг “Ишонч телефони”га (1008) 2018 йил I ярим йиллиги давомида жами 25 та (инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасига оид 9 та, тадбиркорликка оид 7 та, шартномавий муносабатларга оид 1 та, ва бошқа соҳаларда 8 та) мурожаатлар келиб тушди.
“Ишонч телефони”га келиб тушган мурожаатларнинг 23 таси кўриб чиқилиб, шундан 13 таси ёки 56 фоизи қаноатлантирилиб, 10 таси
(43 фоизи) бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилди. Шунингдек, 1 та мурожаат кўрмасдан қолдирилди ҳамда 1 та мурожаат тегишлигига кўра бошқа идора ва ташкилотларга юборилди.
Келиб тушган мурожаатларнининг 7 тасини кўриб чиқишда мутахассислар жалб қилинди, 4 таси бевосита мурожаат этган фуқаро иштирокида кўриб чиқилди.
III. Бошқарма раҳбарияти томонидан ўтказилган сайёр қабулларда келиб тушган мурожаатларни кўриб чиқиш натижалари бўйича:
Бошқарма раҳбарияти томонидан тасдиқланган жисмоний ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш жадвалларига асосан ҳисобот даврида Наманган туман, Косонсой, Уйчи, Учқўрғон, Тўрақўрғон туманларида ҳамда Наманган шаҳрида сайёр қабуллар ташкил этилиб, жисмоний ва юридик шахслардан жами 40 та (инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасига оид 19 та, шартномавий муносабатларга оид 13 та, нотариат, ФҲДЁ, адвокатура соҳасига оид 6 та ва тадбиркорликка оид 2 та) мурожаатлар келиб тушди.
Ушбу мурожаатлар бошқарманинг тегишли таркибий бўлимлари томонидан ўрганиб чиқилиб, 28 та (76 фоиз) мурожаатлар қаноатлантирилишига эришилди, 12 тасига (16 фоиз) ҳуқуқий тушунтириш берилди.
IV. Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал ва халқ қабулхонаси орқали келиб тушган мурожаатларни кўриб чиқиш натижалари бўйича:
Бошқармага 2018 йил I ярим йиллиги давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал ва халқ қабулхонаси орқали жами 114 та (Ҳуқуқий хизмат кўрсатишни давлат томонидан тартибга солиш соҳасига оид 92 та (81 фоиз), тадбиркорликка оид 3 та (4 фоиз), инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасига оид 6 та (5 фоиз), шартномавий муносабатларга оид 1 та (1 фоиз), бошқа соҳаларга оид 12 та (10 фоиз) мурожаатлар келиб тушди.
Келиб тушган мурожаатларнинг 32 таси (28 фоиз) қаноатлантирилиб, 82 таси (72 фоиз) бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилди.
Келиб тушган мурожаатлар хусусияти бўйича таҳлил қилинди.
1. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида.
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида жами 109 та мурожаат келиб тушди. Мазкур мурожаатларнинг 70 таси ҳал этилган бўлиб, 42 таси қаноатлантирилди. Мурожаатларни қаноатлантириш даражаси 60 фоизни ташкил қилади. Мурожаатларни кўриб чиқиш натижалари юзасидан аниқланган қонунбузилишлар бўйича 5 та тақдимнома, 11 та даъво ариза ва 2 та маъмурий таклиф киритилди.
Мазкур таъсир чораларининг натижалари юзасидан 27 млн 72 минг сўм пул маблағлари қайтарилди ҳамда 2 та ноқонуний қарорларнинг ижроси тўхтатилди ва бекор қилинди.
Мазкур соҳадаги таҳлил, мурожаатларни қуйидаги соҳаларда уларнинг кўплигини кўрсатади:
- меҳнат низолари юзасидан 25та
- уй-жойга доир қонунлар юзасидан 6 та
Меҳнат низолари юзасидан мурожаатларда ойлик ва унга тенглаштирилган тўловларни ўз вақтида тўламаслик ва ишдан бўшатиш ҳолатлари кўрсатилган.
Уй-жойга доир қонун ҳужжатлари юзасидан мурожаатларда асосан
уй-жойига кадастр ҳужжатлари тайёрлай олмаётганлиги ёки ҳужжатсиз уйларни ҳужжатлаштириш билан боғлиқ муаммолар кўрсатилган.
Меҳнат низолари юзасидан 2017 йил давомида хизмат кўрсатувчи идораларда ойлик ва унга тенглаштирилган тўловларни ўз вақтида тўламаслик ҳолатлари юзасидан мурожаатлар сони ортганлиги сабабли, адлия бошқармасининг 2018 йил I ярим йиллик иш режасига Наманган вилоят “Сувоқава” давлат корхонаси тизимига кирувчи идораларида Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 19 мартдаги “Иш ҳақи ўз вақтида тўланишига доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 88-сон Қарори ижроси ўрганиш киритилган.
Хусусан, бошқарма бошлиғининг 2018 йил 19 февралдаги 56-ум-сонли буйруғига асосан жорий йилнинг 19-27 февраль кунлари Наманган вилоят “Сувоқава” давлат корхонаси тизимига кирувчи идораларида Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 19 мартдаги “Иш ҳақи ўз вақтида тўланишига доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 88-сон Қарори ижроси тегишли маълумотлар олиш орқали ўрганилди.
Ўтказилган ўрганишлар давомида аниқланган қонун бузилиш ҳолатларини бартараф этиш ва келгусида бу каби қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўймаслик юзасидан жорий йилнинг 1 март куни Наманган вилоят “Сувоқава” ДУКнинг Мингбулоқ, Косонсой, Наманган, Поп, Тўрақўрғон, Уйчи, Учқўрғон, Чуст, Янгиқўрғон туман, Наманган шаҳар ва Дўстлик филиаллари ҳамда Наманган вилоят “Сувоқава” ДУКга
10-52/8-сонли жами 12 та тақдимнома киритилди.
Бундан ташқари, Наманган вилоят бандлик бош бошқармасига юборилган маъмурий таклифга асосан 2018 йил 28 март куни Косонсой туман филиали раҳбари Р.Абдуллаевга 344 480 сўм, Поп туман филиали раҳбари А.Назировга 344 480 сўм, Чуст туман филиали раҳбари Р.Атахановга 344 480 сўм, Тўрақўрғон туман филиали раҳбари З.Мадаримовга 344 480 сўм ва Янгиқўрғон туман филиали раҳбари К.Темировга 344 480 сўм маъмурий жарима солинди.
Юқоридагиларни инобатга олиб, келгусида мазкур соҳадаги мурожаатларни сонини янада камайтириш мақсадида:
- келгусида шикоятлар кўпайган соҳаларда ҳудудий келиб чиқишини инобатга олган ҳолда манзиллий ҳуқуқий тарғибот тадбирларини кучайтириш;
- оммавий ахборот воситаларида мунозарали масалалар бўйича ҳуқуқий жиҳатдан тушунтиришга қаратилган мавзуларни кўпайтириш;
- жисмоний ва юридик шахсларга хизмат кўрсатувчи телефон компаниялари орқали тизимли равишда муаммо бўлиб турган масалаларни тушунтиришга қаратилган СМС тарзидаги цитата кўринишида қисқача мақолаларни жўнатиш чораларини кўриб чиқиш;
- давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида жисмоний ва юридик шахсларга тезкор хизмат кўрсатиш мақсадида “Онлайн маслаҳат” хизматини ишга тушириш чораларини кўриш.
2. Шартномавий-ҳуқуқий ишларни назорат қилиш соҳасида.
Шартномавий-ҳуқуқий ишларни назорат қилиш борасида жами 25 та мурожаат келиб тушди. Мазкур мурожаатларнинг 24 таси ҳал этилган бўлиб, шундан 18 таси қаноатлантирилди, 6 тасига ҳуқуқий тушунтириш берилди. Мурожаатларни кўриб чиқиш натижалари юзасидан аниқланган қонунбузилишлар бўйича 9 та даъво ариза ва 1 та маъмурий таклиф киритилди.
Мазкур таъсир чораларининг натижалари юзасидан 53 млн 500 минг сўм пул маблағлари қайтарилди.
Таҳлил, қуйидаги соҳаларда мурожаатлар кўплигини кўрсатади.
- шартномалар тузилиши ва бажарилиши бўйича -13 та
- ерга оид қонун ҳужжатлари юзасидан, бунда ер ажратиш, ундан фойдаланиш ва ерга бўлган хуқуқнинг бекор қилиниши масалалари бўйича 5 та.
Мурожаатларда ҳудудларда тайёрловчи ташкилотлар томонидан ҳисоб-китоблар ўз вақтида тўланмаётганлиги шунингдек, фермер хўжаликлари учун маҳаллий давлат ҳокимият органлари томонидан ер ажратиш ва уни ҳужжатлаштиришда камчиликларга йўл қўйилаётганлиги баён этилган.
Мазкур ҳолатлар ташкилотлар ходимлари томонидан соҳаларни тартибга солувчи қонун ҳужжатлари нормаларини яхши билмаслиги ёки уларга амал қилмаслиги, хўжалик юритувчи субъектлар томонидан эса соҳани тартибга солувчи қонун ҳужжатлари нормаларини яхши билмаслиги туфайли келиб чиқмоқда.
3. Ҳуқуқий хизмат кўрсатишни давлат томонидан тартибга солиш соҳасида.
Ҳуқуқий хизмат кўрсатишни давлат томонидан тартибга солиш соҳасида жами 190 та мурожаат келиб тушган бўлса, шундан
89 таси нотариат соҳасида, 78 таси ФҲДЁ органлари соҳасида, 23 таси адвокат соҳасида ҳисобланади.
Нотариат соҳасида мурожаатларнинг аксарият қисмини уй-жой
олди-сотди ва ҳадя шартномаларини расмийлаштириш, қонун бўйича меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида ҳамда мулк ҳуқуқи тўғрисида гувоҳнома олиш, шунингдек васиятнома тўғрисидаги маълумотларни олиш билан боғлиқ мурожаатлар ташкил этади.
ФҲДЁ соҳасидаги мурожаатларнинг аксарият қисми фарзандининг туғилишини қайд қилиш юзасидан бўлиб, бу борада муаммолар келиб чиқишининг асосий сабаби фуқаролар томонидан никоҳи суд томонидан бекор қилинмаган бўлсада, шаръий никоҳ асосида бошқа фуқаро билан биргаликда турмуш қуриб, фарзанд дунёга келганда она билан қонуний никоҳда турган эр томонидан болага нисбатан бошқа фуқаронинг оталиги белгиланиши ёки ёлғиз она аризаси асосида қайд этилишига розилик аризаси бермаганлиги ёки она бошқа давлат фуқароси бўлганлиги натижасида ўша давлатдан онанинг оилавий аҳволи ва боланинг туғилиши қайд этилмаганлиги тўғрисида маълумотномалар олиш зарурлиги ва ушбу маълумотномаларни олиш учун МИНСК конвенцияси асосида сўров хатлари юборилганлиги ҳамда жавоб хатлари келгунга қадар боланинг туғилишини расмийлаштириш вақт талаб этишини фуқаролар тушунмаслигидир.
Адвокатура соҳасидаги мурожаатларнинг аксарият қисмини адвокатлар томонидан мижозларни алдаш, яъни кўрсатиладиган хизматлар учун келишилган пулларни белгиланган тартибда кирим қилмаслик ёки юридик хизмат кўрсатиши оқибатида адвокат томонидан бирон бир натижага эришмаганлиги баён этилган.
Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда Ҳуқуқий хизмат кўрсатишни давлат томонидан тартибга солиш соҳасида шикоятларни камайтириш мақсадида:
- ОАВда “Нотариус маслаҳати” дастурини йўлга қўйиш, бунда соҳага оид долзарб масалалар бўйича чиқишлар ташкил этиш мақсадга мувофиқ бўлади;
- ФҲДЁ органлари ҳамда ДНИ ходимлари ўртасида профилактик тадбирларни янада кучайтириш;
- “Адвокатура тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг
14-моддасидан “Малака комиссияси томонидан қарор қабул қилингунига қадар адвокат интизомий иш қўзғатилишига сабаб бўлган шикоятни берган шахс билан ярашув чораларини кўришга ҳақли” бандини чиқариб ташлаш таклиф этилади. Сабаби бугунги кунда мазкур талаб адвокатларнинг ваколатини суиистеъмол қилинишига сабаб бўлмоқда.
- ходимлар томонидан касб этикаси қоидаларига қатъий риоя қилишини, нотариал идораларда тўлов терминал жиҳозини ишлаб туришини доимий таъминлаш мақсадида Адлия вазирлиги ҳамда Марказий банк билан ҳамкорликда рейдлар ташкил этиш чораларини кўриш;
Юқоридагилардан келиб чиқиб, мавжуд муаммоларни бартараф этиш орқали жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини бузилишини олдини олиш мақсадида ҳамда мурожаатларни кўриб чиқишда йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан қуйидаги таклифлар билдирилади:
1. Мурожаатларни ҳар томонлама ва объектив кўриб чиқилишига алоҳида эътибор қаратиш, мурожаатларни кўриб чиқиш ва муаллифларга асослантирилган жавоблар берилиши устидан доимий назорат ўрнатиш;
2. Мурожаатларни кўриб чиқишда Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатлари талабларига қатъий риоя қилиб бориш;
3. Келиб тушган мурожаатларнинг тўлиқ ва сифатли ҳал этилишини таъминлаш мақсадида уларни жойига чиқиб ўрганиш амалиётини кўчайтириш;
4. Бошқарма бўлимлари ва соҳалар бўйича маъсуллар ҳар чоракда шикоятлар кўпайган соҳаларни ўрганиб, сабабларини таҳлил қилиб, муаммоларни бартараф этиш юзасидан раҳбариятга ва юқори турувчи идораларга тегишли таклифлар киритиш;
5. Мурожаатлар кўп тушаётган ҳудудларда сайёр қабулларни ўтказиш жараёнида масалани жойида ҳал қилиш чораларини кўриш, бунда тегишли мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигини йўлга қўйиш;
6. Ҳар чорак якунлари бўйича шикоятлар кўпайиш сабабларини умумлаштириш ва йиғилишларда муҳокама қилиш, қолаверса Халқ депутатлари вилоят, туман (шаҳар) кенгашларида муҳокама қилиш чораларини кўриш;
7. Бошқарма ва унинг таркибий бўлинмалари ходимлари томонидан қонун ҳужжатларини тарғибот қилиш жараёнида шикоятлар кўпайган соҳадаги қонун ҳужжатлари нормаларини тарғиб қилишга алоҳида эьтибор бериш, бунда оммавий ахборот воситалари орқали муаммоли масалалар бўйича чиқишлар ва мақолаларни чоп этиш чораларини кўриш билан тарғиботни кучайтириш.
Наманган вилоят адлия бошқармаси
Ташкилий-назорат ва таҳлил ишлари бўлими