Янгиликлар
Юридик хизмат фаолиятини тартибга солувчи қонунчилик ижроси доимий назоратда.
Маълумки, 2017 йил 19 январь куни муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёев томонидан “Юридик хизмат фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди. Мазкур қарорнинг ижросини таъминлаш мақсадида 2017 йилнинг
1 май куни 250-сонли “Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Юридик хизмат фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2017 йил 19 январдаги ПҚ-2733-сон қарорини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида”ги Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинди.
Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги юридик хизмат фаолиятини мувофиқлаштириш соҳасида махсус ваколатли орган ҳисобланади.
Юқоридаги қарорлар талабларидан келиб чиқиб, бугунги кунда Наманган вилоят адлия бошқармаси томонидан юридик хизмат фаолиятини мувофиқлаштириш соҳасида бир қатор ишлар амалга оширилиб келинмоқда.
Жумладан, жорий йилнинг май-июнь ойларида юридик хизмат ходимларига ҳамда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотларига қулайлик яратиш мақсадида Наманган вилоятида Республика юристлар малакасини ошириш маркази билан ҳамкорликда сайёр малака ошириш ўқув курслари ташкил этилди. Мазкур ўқув курси давомида 60 дан ортиқ юридик хизмат ходимлари ўзларининг малакаларини оширдилар.
Шунингдек, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 19 нафар юридик хизмат ходимлари белгиланган тартибда аттестациядан ўтказилиб, уларга тегишли гувоҳномалар берилди.
Қолаверса, жорий йилнинг 1-ярим йиллик ҳолатида 70 дан ортиқ ҳуқуқшунос кадрлар белгиланган тартибда лавозимга келишилиб, ўз хизмат вазифаларини бажаришга киришдилар.
Таъкидлаш лозимки, Наманган вилоят адлия бошқармаси томонидан юридик хизмат фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя қилиниши бўйича доимий равишда ўрганиш ўтказиб келинмоқда.
Хусусан, ўтган давр мобайнида 30 дан ортиқ ташкилотларда юридик хизмат фаолиятини ташкил этилиши бўйича ўрганишлар ўтказилди. Мазкур ўрганишлар натижасида 300 дан ортиқ хато ва камчиликларга йўл қўйилганлиги аниқланди. Ҳамда ушбу хато ва камчиликларни бартараф қилиш юзасидан тегишли таъсир чоралари киритилди.
Хусусан, маъмурий таклифлар киритилиши натижасида, жами киритилган 9 та таклиф бўйича 19 нафар мансабдор шахслар юридик хизмат фаолиятида йўл қўйилган хато ва камчиликлари учун маъмурий жавобгарликка тортилдилар
Мисол учун, соғлиқни сақлаш тизимида ўтказилган ўрганишлар жараёнида амалга оширилган ишлар билан биргаликда бир қатор камчиликларга йўл қўйилганлиги аниқланди. Жумладан,
Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2017 йил 28 февралдаги 42-мҳ-сон буйруғи билан тасдиқланган “Юридик хизмат ходимини лавозимга тайинлаш ва озод қилиш масалаларини адлия органлари билан келишиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 3-бандида, ..., шунингдек ҳудудий давлат органлари ва бирлашмалари юридик хизмати ходимлари лавозимга тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари билан келишилган ҳолда тайинланиши ва озод қилиниши белгиланган бўлсада, Норин, Чуст, Чортоқ, Учқўрғон, Тўрақўрғон, Мингбулоқ туман тиббиёт бирлашмалари томонидан юридик хизмат ходимини лавозимга тайинлашда келишилмасдан ишга қабул қилинганлиги аниқланди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 22 ноябрдаги 244-сон қарори билан тасдиқланган Юридик хизматлар ходимларини аттестациядан ўтказиш ва уларнинг малакасини ошириш тартиби тўғрисида низомда белгиланган муддатларда малакасини оширганлиги ва аттестациядан ўтганлиги ҳолати ўрганилганда, Наманган вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, Чуст, Чортоқ, Учқўрғон, Уйчи, Норин, Косонсой (аттестация) туман тиббиёт бирлашмаларининг юридик хизмат ходимлари белгиланган тартибда малака оширмаган ҳамда аттестациядан ўтмаганлиги маълум бўлди.
Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2017 йил 28 февралдаги буйруғи билан тасдиқланган “Юридик хизмат ходимининг иш жойини моддий-техника жиҳатидан жиҳозлашга доир минимал талаблар”нинг
(2017 йил 28 февраль, рўйхат рақами 2863) 4-бандида, битта штатдан иборат бош юрисконсульт, етакчи юрисконсульт, катта юрисконсульт ёки юрисконсульт шаклидаги давлат органлари ва бошқармалари юридик хизмати учун қуйидаги зарур шарт-шароитлар яратилиши лозим, яъни 1 та алоҳида хизмат хонаси, мебель жиҳозлари (стол, стуллар ва шкаф), 1 та сейф ёки металл шкаф, замонавий компьютер техникаси, 1 та сканер, 1 та нусха кўчирувчи аппарат, 1 та принтер, UPS қурилмаси, телефон алоқаси, 1 та факс аппарати, телефон аппарати, интернет тармоғи, канцелярия анжомлари (сони ва миқдори заруриятга кўра) таъминланиши белгиланган бўлсада, Чортоқ, Тўрақўрғон, Норин, Чуст, Мингбулоқ туман тиббиёт бирлашмалари томонидан юқоридаги талаблар бажарилмаганлиги аниқланди.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 177-моддаси 1-қисмига кўра, иш берувчи ходимлар меҳнатини ташкил қилиши, қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатларда, меҳнат шартномасида назарда тутилган меҳнат шароитларини яратиб бериши, меҳнат ва ишлаб чиқариш интизомини таъминлаши, меҳнат муҳофазаси қоидаларига риоя этиши, ходимларнинг эҳтиёж ва талабларига эътибор билан қараши, уларнинг меҳнат ва турмуш шароитларини яхшилаб бориши, ушбу Кодексга мувофиқ жамоа шартномаларини тузиши шартлиги белгиланган бўлсада, Тўрақўрғон, Норин, Чуст, Мингбулоқ туман тиббиёт бирлашмалари, Наманган вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази ҳамда Наманган вилоят тери-таносил касалликлари диспансерида ҳуқуқшунос иш фаолияти учун юқоридаги минимал талабларда қайд қилинган ашёлар мавжуд эмаслиги сабабли белгиланган тартибда бандлик идораларига маъмурий таклифлар киритилди.
Киритилган маъмурий таклифлар натижасига кўра, юридик хизмат фаолиятида йўл қўйилган хато ва камчиликлари учун тегишли мансабдор шахслар маъмурий жавобгарликка тортилдилар ҳамда минимал талабларнинг ижроси таъминланиб, юридик хизмат ходимларига тегишли шарт-шароитлар яратилди.
Умуман олганда, юридик хизмат фаолиятини ташкил этишда амалдаги қонунчилик талабларига риоя этилиши ҳолатлари доимий равишда ўрганилиб борилиб, келгусида соҳани такомиллаштириш юзасидан таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилади ва бу ўз навбатида юридик хизматни янада ривожланишига хизмат қилади.
Қолаверса, юридик хизмат фаолиятини такомиллашиб бориши жойларда аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини ортиб боришига, ҳуқуқий саводхонликни юксалишига, шу ўринда қайд этиш лозим бўлади, турли ташкилотларда юз бериши мумкин бўлган коррупциоген вазиятлар вужудга келишининг профилактика қилинишида ўзининг самарасини бериши эҳтимолдан ҳоли эмас.
Ташкилий-назорат ва таҳлил ишлари бўлими бошлиғи
Рахимов Отабек Сойибжанович