Янгиликлар
Муҳим сиёсий жараён
Марказий сайлов комиссияси қарори билан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш даврида сайловчилар ҳуқуқий маданиятини юксалтириш бўйича ўтказиладиган тадбирлар дастури тасдиқланди. Ушбу дастур доирасида Наманган вилоят адлия бошқармаси ташаббуси билан семинар ташкил этилди. Унда вилоят прокуратураси, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси, ФЖШМҚМИ ҳудудий бўлинмаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Республика маънавият тарғибот маркази вилоят бўлими масъул ходимлари ҳамда ёш сайловчилар иштирок этдилар.
Тадбирда мутахассислар дастур мамлакатимизда истиқомат қилаётган турли миллат вакилларининг ҳам сиёсий тадбирда фаол иштирок этишини, сайлаш ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган тадбирлар кўзда тутилаётгани диққатга сазовор эканлигини таъкидладилар. Бинобарин, “Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ижтимоий келиб чиқиши, ижтимоий ва мулкий мавқеи, ирқий ва миллий мансублиги, жинси, маълумоти, тили, динга муносабати, машғулотининг тури ва хусусиятидан қатъи назар, тенг сайлов ҳуқуқига эгалиги, мамлакатимизнинг барқарор тараққиёти ҳамда халқимиз турмуш фаровонлигини, ёрқин келажагини кафолатлашда ҳал қилувчи аҳамиятга эга сиёсий жараённи юксак даражада ташкил этиш мақсади сари қўйилган навбатдаги муҳим қадам эканлиги тушунтирилди.
Шу билан бир қаторда, сайловлар фуқароларнинг жамият ва давлат ишларини бошқаришдаги иштирокининг асосий шакли, уларнинг сиёсий ҳуқуқларини рўёбга чиқариши, ўз хоҳиш-иродасини эркин ифодалашини таъминлайдиган сиёсий тадбирлиги, одамларнинг хоҳиш-иродаси, орзу-умидлари, ижтимоий кайфияти яққол намоён бўлиши ҳақида батафсил фикр билирилди.
Шунингдек, семинарда иштирокчилар мониторинг натижалари билан хабардор қилинди. Жумладан, жорий йилда сайлов жараёнида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган фуқаролар сони республикамиз бўйича 21 миллион 435 миндан иборат бўлиб, 2015 йилги Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови жараёнларида рўйхатга олинган сайловчилар сонига нисбатан 636 минг 957 нафарга ортганини кўрсатаётгани, вилоятимизда эса сайловчилар сони 1771067 нафарни ташкил этиши, уларнинг 69185 нафари биринчи марта ўзларининг сайлов ҳуқуқларидан фойдаланувчи ёшлар эканлиги айтиб ўтилди.
Семинар якунида юксак сайлов маданияти демократик жамият ҳамда фуқаролар сиёсий етуклигининг муҳим мезони эканлиги, сайловларни умумэътироф этилган халқаро андозалар доирасида, сайлов қонун ҳужжатлари қоидаларига оғишмай ўтказишнинг асосий шарти ҳисобланаши, дастур эса сайловчиларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш баробарида шу йилнинг 4 декабрь — овоз бериш куни онгли равишда қарор қабул қилиши учун замин яратишга хизмат қилиши фахр ифтихор билан тилга олинди.
Тадбир сўнггида ёш сайловчилар ўзларини қизиқтирган саволлар билан округ аъзоларига мурожаат қилдилар ва керакли жавобларни олдилар.