Bog'lanish

Telefon
(+998 69) 227-06-62

Elektorn manzil
namangan@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

23

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари экспертизасини янада такомиллаштириш бўйича долзарб вазифалар


Тошкентда “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари экспертизасини янада такомиллаштириш бўйича долзарб вазифалар”мавзусида халқаро семинар бўлиб ўтди.

1.jpgМазкур анжуман Адлия вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун хужжатлари мониторинги институти билан ҳамкорликда,шунингдек БМТнинг Ўзбекистондаги тараққиёт дастури ва К.Аденаур жамғармасининг Марказий Осиё бўйича ваколатхонаси кўмагида ташкил этилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Олий мажлиси сенаторлари ва депутатлари,Вазирлар махкамасининг масъул ходимлари,Олий суд ҳузуридаги Тадқиқот маркази ҳамда Англия,Германия,Корея,Латвия каби бир қатор хориж давлатларидан экспертлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари фаол иштирок этдилар.

Халқаро семинар очилишида ҳозирги кунда фуқаролик жамиятини изчил ривожлантириш ва демократик ҳуқуқий давлатни барпо этиш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасида миллий қонунчиликни такомиллаштириш асосий вазифалардан бири эканлиги таъкидланди. Бунда янги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш, ривожланган демократик мамлакатлар илғор тажрибасидан келиб чиққан ҳолда эскирган ёҳуд бугунги талабларга мос бўлмаган айрим меъёрларни тўлиқ ёки қисман янгилашга алоҳида аҳамият берилмоқда. Ҳам қонунлар, ҳам қонуности норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни амалга ошириш муаммолари давлат органларининг уларни тайёрлаш бўйича фаолиятини қайта баҳолаш заруратига олиб келмоқда. Бу жараёнда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари экспертизасини ўтказишга алоҳида эътибор қаратиш лозим.

1.jpgМамлакатимиз Биринчи Президентининг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 23 йиллигига бағишланган тантанали йиғилишдаги маърузасида таъкидлаганидек, Олий Мажлис, ҳукумат ва қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга бўлган бошқа субъектларнинг энг муҳим вазифаси шундан иборат бўлиши керакки, улар қонунлар ва уларни ҳаётга жорий этиш механизмларини ҳар томонлама аниқ ва пухта ишлаб чиқиши зарур. Токи бу қонун ва механизмлар ҳаётдаги аниқ муносабатларни кенг миқёсда тартибга солиб борсин,бу жараёнда иштирок этадиган ҳар бир субъект ўз ўрнини билсин ва ўз фаолиятида қонун талабларига асослансин.

Семинарда қайд этилганидек, айни вақтда республикамизда норма ижодкорлиги жараёнини тартибга солувчи, қабул қилинаётган қонунчилик ҳужжатлари сифатини таъминлашга қаратилган зарур норматив-ҳуқуқий база яратилди. Қонунчиликни такомиллаштириш бўйича ишлар самарадорлигини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида», «Қонун лойиҳаларини тайёрлаш ва уларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида»ги қонунлар, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилаётган қонун лойиҳалари ҳамда Олий Мажлис Сенатига тақдим этилган қонунлар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни юридик-техник расмийлаштириш қоидалари ва бошқа норматив-хуқуқий актлар қабул қилинди.

Экспертлар фикрига кўра, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш ижодий ёндашувни, катта меҳнат, чуқур билим ва кўникмани талаб этувчи норма ижодкорлиги жараёнининг муҳим босқичи бўлиб, у кўплаб ташкилий тадбирларни ўтказиш, зарур материаллар ва маълумотларни тўплаш, таҳлилий ишларни бажариш, лойиҳа матнини тайёрлаш ва уни ҳар томонлама асослаб бериш, лойиҳани келишиш, унинг ҳуқуқий ва бошқа экспертизасини амалга оширишни талаб этади.

1.jpgТаъкидлаш зарурки, қонунлар лойиҳалари ҳуқуқий экспертизасини юксак профессионал даражада ташкил этиш шарти билан ўтказиш лойиҳалар сифатини анча яхшилаш, ҳуқуқий нормаларни турлича талқин қилишни олдини олиш, тартиб-қоидаларни амалга оширишда салбий оқибатларни бартараф этиш имконини беради. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш ва экспертизасини ўтказишда амалдаги қонунчиликдаги «оқ доғлар»ни ҳамда давлат ҳокимияти ва бошқаруви тизимида коррупция юзага келишига ва бошқа ҳуқуқбузарликлар содир этилишига шароит яратувчи нормаларни аниқлаш муҳим омил ҳисобланади. Шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш ва экспертизасидан ўтказишда уларнинг таъсирини баҳолаш, яъни уларнинг ижобий ва салбий жиҳатларига эътибор қаратиш зарур. Шу боис, биринчи даражали вазифа бу демократик хорижий мамлакатлар норма ижодкорлиги фаолияти тажрибасини ўрганишдир.

Ҳалқаро семинар доирасида иштирокчилар эътиборига мамлакатимизда ўтказилаётган изчил ислоҳотлар мазмун-моҳияти Биринчи Президентимизнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 23 йиллигига бағишланган тантанали йиғилишдаги маърузасида белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда етказилди. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари экспертизасини янада такомиллаштириш, қонунчилик ҳужжатларининг ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий жараёнларга таъсирини баҳолаш ҳамда коррупциоген меъёрларни аниқлаш ва бартараф этиш, ривожланган мамлакатлар илғор тажрибасини ўрганишга доир, шунингдек, мазкур соҳани тартибга солувчи бошқа долзарб масалалар кенг муҳокама этилди.

Халқаро анжуманда сўзга чиққан Буюк Британия Парламенти Жамоалар палатасининг Тартибга солишни ислоҳ қилиш Қўмитаси раиси Эндрю Бриджен Ўзбекистонда амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий ислоҳотларни, шу жумладан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари экспертизасини янада такомиллаштириш ва қабул қилинаётган қонунчилик ҳужжатлари сифатини ошириш соҳасидаги ислоҳотларни ҳамда парламентнинг қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш жараёнида давлат бошқаруви органлари билан ўзаро ҳамкорлигини юқори баҳолади.

1.jpgКорея Республикаси Давлат қонунчилиги вазирлиги Қонунчиликка қўмаклашиш бюроси Бош директори Хан Ёнг Су ўз маърузасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари экспертизасини янада такомиллаштириш, шу жумладан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг жамоатчилик муҳокамаси масалалари таҳлили, тўғридан-тўғри таъсир этувчи қонунлар қабул қилинишини таъминловчи ҳуқуқий механизмларни такомиллаштириш, қонунчилик жараёнини ахборот-таҳлилий қўллаб-қувватлашда илмий-тадқиқот хизматлари ролига доир масалалар бўйича тажриба алмашиш муҳимлигига эътибор қаратди.

Халқаро семинар якунлари бўйича ривожланган хорижий демократик мамлакатлар тажрибасини инобатга олган ҳолда давлат органларининг сифатли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш соҳасидаги фаолиятини янада такомиллаштириш, норматив-ҳуқуқий, шу жумладан, коррупцияга қарши ҳужжатлар лойиҳалари экспертизасини бунданда ривожлантириш, қонун ҳужжатларининг ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий жараёнларга таъсирини баҳолаш методикасини ишлаб чиқиш ва жорий этиш, қонун ҳужжатлари таъсирини баҳолаш тизимини жорий этиш борасида халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш ҳамда давлат органлари вакилларининг ушбу соҳадаги билимларини ошириш бўйича аниқ таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.