Bog'lanish

Telefon
(+998 69) 227-06-62

Elektorn manzil
namangan@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

10

Тадбиркорлар ҳуқуқларини давлат томонидан кафолатланиши мустақиллик маҳсулидир


1.jpgМустақиллик шарофати ва Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар туфайли Ўзбекистон бугунги кунда изчил тараққий этиб бораётган замонавий индустриал мамлакатга айланди. Мамлакатимизда ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш ҳамда тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масаласига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда.

Жумладан, Адлия вазирлиги томонидан тадбиркорликни ҳуқуқий таъминлаш ва ривожлантиришнинг самарадорлигини оширишга, уларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Ушбу вазифлардан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида “Тадбиркорлар ҳуқуқларини давлат томонидан кафолатланиши мустақиллик маҳсулидир” мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Тадбирда оммавий ахборот воситалари вакиллари билан бирга тадбиркорлик субъектлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар вакиллари иштирок этдилар.

Анжуманда таъкидланганидек, сўнгги йилларда хусусий мулк ва тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга доир бир қатор қонун ҳужжатлари такомиллаштирилди. Рухсат бериш тартиб-таомилларини қисқартириш, ортиқча бюрократик ғовларни бартараф этишга оид муҳим аҳамиятга эга бўлган қонун ҳужжатлари қабул қилинди. Тадбиркорларда моддий-техника ва молиявий ресурслар олишлари учун кенг имкониятлар пайдо бўлди, бизнес-муҳити яхшиланди. Фаолиятнинг лицензияланадиган турлари ва рухсат бериш тартиботлари анча қисқарди, рўйхатдан ўтказиш ҳамда ҳисобот тизими соддалаштирилди. Уларнинг молиявий хўжалик фаолиятини фақат солиқ органлари текшириши, тадбиркорларга нисбатан ҳар қандай ҳуқуқий таъсир чораларининг фақат суд қарорига биноан қўлланилиши белгиланди.

1.jpgАнжуманда қайд этилганидек, бу каби кўрилаётган чоралар тадбиркорларнинг сони ва уларнинг республика иқтисодиётидаги улушини йилдан-йилга ошишига хизмат қилмоқда. Бугунги кунда мамлакатимизда 580 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъектлари фаолият кўрсатаётган бўлиб, кичик бизнес улуши ялпи ички маҳсулот таркибида 56,7 фоизни, аҳоли бандлиги соҳасида эса 77 фоизни ташкил этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 15 майдаги ПФ-4725-сонли “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ва у билан тасдиқланган Дастурда айнан шу масалалар 
ўз ифодасини топди. Ушбу Фармон тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш учун яна бир ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилди. Фармон билан тасдиқланган Дастурда белгиланган вазифаларни амалиётга тўлиқ тадбиқ этиш мақсадида 12 та норматив ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.

2015 йилнинг йилнинг 21 августидан кучга кирган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” ги Қонун тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини кафолатли ҳимоя қилинишида муҳим аҳамият касб этмоқда. Мазкур қонун билан Ўзбекистон Республикасининг 10 та кодексларига ҳамда 

33 та қонунларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Жумладан, Жиноят кодексининг 184-моддасига киритилган қўшимчага кўра, тадбиркор томонидан солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш жинояти натижасида давлатга етказилган зарарнинг ўрни тўлиқ қопланганда, жавобгарликдан озод этилиши белгиланди. Натижада ҳозирга қадар 40 дан ортиқ тадбиркор зарарни қоплаганлиги учун жавобгарликдан озод этилди.

Солиқ кодексига киритилган қўшимча ва ўзгартиришларга мувофиқ, солиққа оид бир нечта ҳуқуқбузарлик учун молиявий жариманинг миқдори энг кўп белгиланган жарима миқдоридан ошмаслиги тартиби ўрнатилди. Илгари ҳар бир ҳуқуқбузарлик учун алоҳида жарима ҳисобланиб, уларнинг умумий миқдори қўшиб чиқарилар эди.

Бундан ташқари, ҳуқуқбузарнинг моддий аҳволини ва бошқа енгиллаштирувчи ҳолатларни инобатга олиб, суд молиявий жариманинг энг кам миқдоридан ҳам камроқ жарима белгилашга ҳақли эканлиги белгиланди. Олдин судда ушбу ваколат йўқ эди.

1.jpgШунга кўра, Хўжалик судлари томонидан 500 га яқин ҳолатда молиявий жарималар ҳуқуқбузарлик мажмуи бўйича қўлланилган бўлса, 200 дан ортиқ ҳолатда эса белгиланган молиявий санкциянинг энг кам миқдоридан ҳам камроқ молиявий санкция қўлланилди.

Шу ўринда қайд этиш керакки, ҳозирги кунда тадбиркорлик субъектларига қулайлик яратиш, уларнинг жадал ривожланишини таъминлаш мақсадида 70 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда 380 дан зиёд имтиёз ва преференциялар белгиланган. Мисол 
учун, солиқларни ва бошқа мажбурий тўловларни ўз вақтида тўлайдиган, шунингдек ишлаб чиқаришнинг барқарор ўсиш суръатларини таъминловчи кичик тадбиркорлик субъектларининг молиявий-хўжалик фаолиятини солиқ текширувидан ўтказишда 2017 йилнинг 1 январигача бўлган муддатгача мораторий қўлланишини назарда тутувчи преференция мавжуд. Қўлланилган мораторий натижасида 15.849 та тадбиркорлик субъекти 2016 йил текшириш режасига киритилмади.

Шунингдек, ушбу қонуннинг 6-моддасига киритилган қўшимчага асосан якка тартибдаги тадбиркорларга бир нафардан учтагача ходим ёллаш ҳуқуқи берилди. Берилган имкониятдан фойдаланган ҳолда фаолият кўрсатаётган якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан 8000 га яқин фуқароларнинг иш билан бандлиги таъминланди.

Тадбирда шунингдек, хусусий мулк, кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда суд органларининг роли ва аҳамиятини ошириш борасида қилиниши лозим бўлган вазифалар тўғрисида ҳам сўз юритилди.

1.jpgТадбир қатнашчилари диққатига бир неча далил ва рақамлар тақдим қилинди. Биргина 2016 йилнинг 1 ярим йиллигида давомида тадбиркорлик соҳасидаги қонун бузилиш ҳолатларини бартараф этиш юзасидан 1.208 та тақдимнома, 955 та огоҳномалар киритилиб, кўрилган таъсир чоралари натижасида 979 нафар мансабдор шахслар интизомий жавобгарликка тортилди, шу жумладан 52 нафари эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. Давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг хусусий сектор ҳуқуқларини чеклайдиган 837 та ноқонуний ҳужжатлари қонунга мувофиқлаштирилди.

Муҳокамаларда назорат қилувчи органлар масъул ходимлари томонидан қонун ҳужжатларига қатъий риоя этиш, шунингдек, давлат хизматлари кўрсатувчи идоралар томонидан белгиланган талаблар даражасида иш олиб борилиши қонунийликни таъминлашга, тадбиркорларнинг давлат органларига нисбатан ишончи ортиши ва ўз навбатида иқтисодиётдаги улушининг янада кўпайишига хизмат қилиши эътироф этилди. Тадбир якунида иштирокчиларнинг фикр-мулоҳазалари тингланиб, уларнинг таклифлари асосида келгусида бу борада қилиниши лозим бўлган аниқ вазифалар юзасидан тегишли тавсиялар қабул қилинди.