Янгиликлар
Ораста ва оқила қизлар
Наманган тумани 26-умумтаълим мактабида “Ораста қизлар” тўгараги иштирокчилари ўртасида “Соғлом турмуш тарзи” мавзусида машғулот бўлиб ўтди.
Учрашувда таълим ва тарбиянинг не чоғлик аҳамият касб этиши, таълимнинг узлуксизлиги ва изчиллиги, умумий ўрта, шунингдек, ўрта-махсус, касб-ҳунар таълимининг мажбурийлигини, ўрта-махсус касб-ҳунар таълими йуналишини, яъни академик лицейда ёки касб-ҳунар коллежида ўқишни танлашнинг ихтиёрлигини, таълим тизимининг дунёвий характерга эга эканлигини, давлат таълим стандартлари доирасида таълим олишнинг ҳамма учун очиқлилиги ҳақида батафсил тўхталиб ўтилди.
Таълим тизимида давлат ва жамоат бошқарувини уйғунлаштириш лозимлиги, эрта турмуш қуриш ҳолатлари айнан қизларни мунтазам равишда таълимга жалб этмаслик ҳолатларида вужудга келаётганлиги алоҳида таъкидланди.
Машғулот давомида, бу каби тўгаракларнинг қиз бола ҳаётидаги аҳамияти, унинг турмушдаги ўрни, касб-корга эга бўлишда ва уни янада такомиллаштиришда, оилавий ҳунармандчиликка давлатимиз томонидан яратиб берилаётган имкониятлар хусусида мутахассислар томонидан тушунтиришлар берилди.
Юртбошимиз “Қиз болани коллежни битирмасдан, касб ҳунар эгалламасдан кимки турмушга бермоқчи бўлса, билиб қўйинглар, мен бунга мутлақо қаршиман” шунингдек, “Юртимиздаги ҳар бир қиз бола-бу менинг қизим, менинг набирам ва уларни хафа қилишларига мен ҳеч қачон йўл қўймайман” деган фикрлари доирасида, умумий ўрта таълим мактабларида, касб-ҳунар коллежларида ва маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудида кенг қўлламли тарғибот ишлари фаол олиб борилаётгани таъкидланди.
Суҳбат сўнгида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан жавоб олдилар.