Янгиликлар
Давлат дастурининг муҳим омили
“Соғлом она ва бола” Давлат дастурини амалга ошириш бўйича Наманган вилоят адлия бошқармаситомонидан НамМТИ қошидаги академик лицейида “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурининг мақсад ва вазифалари ҳамда мазмун-моҳиятини аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилишга бағишланган учрашув ташкил этилди. Учрашувда адлия бошқармаси, вилоят ФҲДЁ ва нотариал архив ходимлари, шунингдек, вилоят ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқарма масъул ходимлари иштирок этдилар.
Оналар ва болаларнинг саломатлигини муҳофаза қилиш, айниқса, ёш авлодни ҳар томонлама баркамол қилиб вояга етказиш мамлакатимизда давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Истиқлол йилларида бу борада жуда кўплаб ислоҳотлар амалга оширилиб келинаётгани айтиб ўтилди.
Тадбирда Давлат дастурининг устувор вазифаларидан бири оилани, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, аёллар манфаатларини ҳимоя қилиш, соғлом болани тарбиялашда уларнинг ролини ошириш, кучли, барқарор ва равнақ топаётган давлатнинг негизи сифатида оила институтини мустаҳкамлашга йўналтирилган қонунчилик ва норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштиришга қаратилганлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Шунингдек, олис ва чекка қишлоқ туманларида яшаётган аҳоли, айниқса аёллар учун зарур ижтимоий, маиший ва тиббий нуқтаи назардан зарур шарт-шароитлар яратиш, қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосидаги замонавий уй-жойлар, ижтимоий инфратузилма объектларини барпо этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилаяпти. Замонавий, ихтисослаштирилган тиббиёт марказларининг ташкил этилгани ва улар энг илғор аппаратлар билан жиҳозлангани гўдаклар саломатлигини муҳофаза қилиш, болалар ўлими камайишида муҳим омил бўлаётганлиги юзасидан ўзларининг фикрларини билдириб, бу борадаги салбий ҳолатларни олдини олишимизда ёшларда нималар талаб қилиниши лозимлиги алоҳида таъкидлади.