Янгиликлар
Ягона марказ фаолияти такомиллашмоқда
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамда вилоят адлия бошқармаси ташаббуси билан жорий йилнинг Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси “LexUZ” билан ишлаш амалиётини “ягона дарча” марказлари ходимларига тушунтириш, шунингдек, Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган “Тадбиркорлик субъектларига “ягона дарча” тамойили асосида давлат хизматларини кўрсатувчи ягона марказлар фаолиятини ташкил этиш ва улар орқали давлат хизматлари кўрсатишга оид” Қўлланманинг тақдимотига бағишланган семинар бўлиб ўтди.
Тадбирда “ягона дарча” марказининг ходимлари, давлат хизматлари кўрсатувчи ва давлат хизматлари кўрсатишда иштирок этувчи бошқа ташкилотларнинг вакиллари ҳамда тадбиркорлик субъектлари қатнашди.
Ўқув семинарини ўтказишдан асосий мақсад, жойлардаги тадбиркорлик субъектлари, марказ ходимлари ва давлат хизматларини кўрсатувчи идоралар вакилларига Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси “LexUZ”дан фойдаланиш тартибини ҳамда Тадбиркорлик субъектларига “ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматларини кўрсатувчи ягона марказлар фаолиятини ташкил этиш ва улар орқали давлат хизматлари кўрсатишга оид Қўлланманинг мазмун-моҳиятини тушунтиришдан иборатдир.
Бундан ташқари, ўқув семинарида Тадбиркорлик субъектларига “ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматларини кўрсатиш ягона марказлари фаолиятини ташкил этиш ва тадбиркорлик субъектларига қулайлик яратиш мақсадида манфаатдор вазирлик ва идоралар ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамкорлигида амалга оширилган тадбирлар ҳақида ахборот берилди.
Шунингдек, бугунги кунда:
- марказларнинг кадрлар заҳираси шакллантирилиб, улар малакали мутахассислар билан тўлдирилди ҳамда марказга мутахассисларни ишга қабул қилиш ва лавозимидан озод этиш адлия органлари билан келишилган ҳолда амалга оширилиши тартиби жорий этилди;
- марказлар томонидан аризачиларга информацион ёрдам кўрсатиш, шунингдек давлат хизматларини кўрсатиш тартиби ва муддатлари тўғрисида бепул консультация бериши лозимлиги белгилаб берилди;
- “Ягона дарча” марказларини белгиланган тартибда камида 1 Мб/с тезлигида бўлган Интернет тармоғининг миллий сегмент маълумотларини узатиш тармоғига, шунингдек бепул фойдаланиш асосида давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг идоралараро электрон ҳамкорлик тизимига, жумладан Ўзбекистон Республикаси интерактив давлат хизматлари ягона портали орқали уланиши таъминланди;
- “Ягона дарча” марказлари билан давлат хизматларини кўрсатувчи давлат органлари ўртасидаги ўзаро муносабатлар идоралараро электрон ҳамкорлик тизими орқали амалга оширилиши белгиланди;
- қабул қилинган қонун ҳужжатларини “Ягона дарча” марказлари ходимлари ва тадбиркорлик субъектларига етказиш мақсадида, 2015 йилнинг декабрь ойида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида тегишли манфаатдор вазирлик ва идораларнинг масъул ходимлари томонидан 16 та давлат хизматларини кўрсатувчи ташкилотларнинг мутахассислари иштирокида ўқув семинарлари ўтказилди.
Бундан ташқари, ҳар ойда ҳудудий адлия органларининг масъул ходимлари томонидан тадбиркорлик субъектларини давлат рўхатидан ўтказиш ва “Ягона дарча” марказлари томонидан кўрсатилаётган давлат хизматларини тартибга солувчи қонун ҳужжатларини мазмун-моҳияти бўйича жойларда тадбиркорлик субъектлари учун “Очиқ эшиклар куни” бўлиб ўтаётганлиги ташкилотчилар томонидан таъкидлаб ўтилди.
Очиқ мулоқот тарзида ўтказилган семинарда бундан кейинги фаолиятни фақат ҳамкорлик ва ҳамжиҳатлик асосида ташкил этиш лозимлиги юзасидан келишиб олинди.