Янгиликлар
Фермер хўжалиги ташкил этишнинг ҳуқуқий асослари
Наманган вилоят Адлия бошқармаси ташаббуси билан Тўрақўрғон туман ҳокимлигида “Фермер хўжалиги ташкил этишнинг ҳуқуқий асослари” мавзусида учрашув ташкил этилди. Учрашувда туман ҳокимлиги ва бошқарма ходимлари, тумандаги фермерлар иштирок этдилар.
Унда мамлакатимизда хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда уларни ҳуқуқий ҳимоя қилиш масаласига муҳтарам Президентимиз ҳамда ҳукуматимиз томонидан доимий эътибор қаратиб келинаётганлиги, натижада мамлакатимизда фермер хўжаликлари сони ва уларнинг мамлакатимиз иқтисодиётидаги улуши йилдан-йилга ошиб бораётганлиги, бугунги кунда Наманган вилоятида 41 мингдан зиёд тадбиркорлик субъектлари мавжуд бўлса, шундан 7 мингдан ортиғини ёки 17 фоизини фермер хўжаликлари ташкил этаётганлиги юзасидан йиғилганларга ахборот берилди.
Бундан ташқари, фермерларимиз дастлаб маҳсулотни хомашё сифатида етиштирган бўлса, эндиликда улар ушбу маҳсулотни қайта ишлаш, қишлоқ хўжалигида замонавий технологияларни жорий этиш ҳисобига ўз фаолиятларини кенгайтириб бораётганликлари, мазкур соҳадаги ишларимизни янада кенгайтиришимиз ва ривожлантиришимизда фермерларимизни кўп тармоқли тадбиркорга айлантиришимиз лозимлигини замоннинг ўзи талаб этаётганлиги таъкидлаб ўтилди.
Шу ўринда айтишимиз мумкинки, бугунги кунда, фермер хўжаликлари фаолиятидаги муносабатларни тартибга солувчи энг мақбул воситаларидан бири бу шартномалардир. Айнан шартнома тузиш орқали тарафлар ўзларининг хоҳиш истакларини ифода этувчи ҳуқуқларини, ўз навбатида бажариши лозим бўлган мажбуриятларини белгилаб оладилар.
Айнан ушбу шартномавий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш мақсадида мамлакатимизда халқаро умумэътироф этилган тамойилларга тўлиқ жавоб берувчи қонун ҳужжатлари ишлаб чиқилиб, қабул қилинди.
Учрашув сўнгида фермерлар ўзларини қизиқтирган саволлар юзасидан бошқарма ходимларига мурожаат қилиб, керакли жавоб ҳамда тавсияларни олдилар.