Янгиликлар
Аёллари эъзозланган юрт
Гўзаллик ва нафосат, меҳру муҳаббат, вафо ва назокат рамзи бўлган, ўзининг меҳрибонлиги, қалб саҳовати билан ҳар қайси оилани оила қиладиган, унга файзу тароват берадиган, фарзандларимиз юрагига, ўз Она юртига севги ва садоқат туйғусини сингдирадиган оналаримизнинг, аёлларимизнинг бетакрор фазилатлари ҳақида ҳар қанча гапирсак, уларни ҳар қанча эъзозласак камлик қилади.
Дарҳақиқат 8 март - Халқаро хотин-қизлар байрами вилоят адлия бошқармасида ҳам кенг шукуҳ билан нишонланди. Зеро, Ватанга, оилага, ҳаётга ва келажакка эҳтиром — аёлга, мўътабар зотларга эҳтиромдан бошланади. Аёлини асраган эл қудратли, онасини эъзозлаган фарзанднинг эса толеи баланд бўлади. Зеро, дунёдаги жамики буюк зотлар, жаҳонгир-у фозиллар оқила ва доно оналар бағрида ўсиб-улғайишган. Шу боис ҳам аёлни азалдан муқаддас билиб, унга ҳурмат-иззат кўрсатилган.
Сўзга чиққанлар, тизимда меҳнат қилаётган опа-сингилларимизни қутлар экан, юртимизда тинчлик-осойишталикни сақлаш, оилаларни мустаҳкамлаш, жамиятимизда меҳр-оқибат муҳитини кучайтиришдаги ўрнини ва таъсирини, чидам ва сабр-бардош, оқилалик ва шукроналик каби фазилатларини ҳеч нарса билан қиёслаб, баҳолаб бўлмайди дея таъкидлаб ўтдилар.
Бугунги кунда ҳаётимизнинг деярли барча жабҳаларида, у давлат ва жамият қурилиши, ўзини-ўзи бошқариш органи бўладими ёки таълим тарбиями, соғлиқни сақлаш тизими бўладими, фермерлик ва тадбиркорлик, спорт ва маданият ёки санъат йўналишлари бўладими, жамики барча соҳалар равнақи, эл-юр фаровонлиги йўлида эришаётган муваффақиятларимиз замирида, аввало аёлларимизнинг муносиб самарали ҳисси ва фидоийлиги мужассамдир.
Айни пайтда юртимизда хотин-қизларнинг сиёсий ва ҳуқуқий савияси, ижтимоий фаоллиги тобора юксалиб бораётганини давлат ва жамият бошқарувининг барча бўғинларида, суд-ҳуқуқ тизимида, нодавлат ташкилотлар, ижтимоий тузилмалар фаолиятида, умуман, ҳаётимизнинг барча соҳа ва тармоқларида яққол кузатиш мумкин.
Бу ҳақда гапирганда, вилоят адлия бошқармаси тизимидаги Давлат нотариал идоралари ходимларининг 44 фозини, ФҲДЁ органлари ходимларининг эса 84 фозини аёллар ташкил этаётгани юқоридаги фикрларимизнинг яққол даълилидир.
Бундан ташқари, олдимизга қўйган улуғ мақсад – соғлом авлодни камол топтиришда, айниқса, йигит-қизларимизнинг билимли бўлишида, уларнинг жамиятда ўз ўринларини топишларида ҳам айнан оналарнинг, аёлларнинг алоҳида ва бебаҳо улуши борлиги эътироф этилди.