Янгиликлар
Қонун моҳиятига бағишланди
Наманган вилоятида “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги янги таҳрирдаги Қонуннинг мазмун-моҳияти” мавзусида семинар ўтказилди. Йиғилишга Наманган вилоят ҳокими ўринбосари Х.Маткаримов раислик қилди. Йиғилишда вилоят адлия бошқармаси бошлиғи Ш.Маҳмудов, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Жиноий, маъмурий ва ижтимоий қонунчилик бошқармаси бош маслаҳатчиси С.Ариповлар қатнашишди. Шунингдек, Наманган, Андижон ва Фарғона вилояти ҳокимлиги ҳамда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳудудий бўлинмаларининг ва бошқа ташкилотларнинг ҳуқуқшунослари ва бевосита норма ижодкорлиги фаолияти билан шуғулланувчи ходимлари, шунингдек, Наманган шаҳар ва барча туманлар ҳокимликларининг ҳуқуқшунослари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
Йиғилишда “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги янги таҳрирдаги Қонунга киритилган янгиликларнинг мазмун-моҳияти, “Ҳудудий адлия органлари томонидан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорлари лойиҳаларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказишнинг айрим масалалари” ҳамда “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси устидан назорат ва мониторинг олиб бориш” масалалари кўриб чиқилди.
Наманган вилоят адлия бошқармаси бошлиғи Ш.Маҳмудов жамиятни демократлаштириш ва янгилаш, мамлакатни ислоҳ қилиш ҳамда модернизациялаш жараёнида маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳуқуқ ижодкорлиги соҳасидаги фаолиятини янада такомиллаштириш масалаларига республика раҳбарияти томонидан алоҳида эътибор қаратилмаётганлиги, .бу эса ўз навбатида, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳуқуқ ижодкорлиги фаолиятининг янада самарали ташкил қилинишига, улар томонидан қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар сифатининг яхшиланишига ва қонунчилик техникаси талабларига тўлиқ жавоб беришига, шунингдек қонунчиликда юзага келадиган турли номувофиқликларнинг олдини олишга хизмат қилиши, мустақиллик йилларида миллий ҳуқуқ тизимини яратиш, қонунлар ва қонунчилик техникасини такомиллаштириш, уни юқорироқ сифат босқичига кўтариш юзасидан катта ҳажмли ишлар амалга оширилганлиги, жумладан, қонун ижодкорлиги соҳасида “Қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамаси тўғрисида”, “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”, “Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида”ги қонунлар миллий парламент томонидан қабул қилинганлиги тўғрисида сўз юритди.
Таъкидланганидек, “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги янги таҳрирдаги Қонун 2012 йил 24 декабрда қабул қилинган бўлиб, қонунда бир қатор янги нормалар киритилганлиги, яъни норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг турларига Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари ва фармойишлари қўшилганлиги, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар ўз ваколати доирасида буйруқлар ҳамда қарорлар тарзида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиши, вазирликлар, давлат қўмиталари ёки идоралар томонидан қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга нисбатан ҳуқуқий ворислик, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга қўйиладиган асосий талаблар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни эълон қилиш, уларнинг кучга кириши ва амал қилиши билан боғлиқ бир қатор нормалар киритилганлиги, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини ташкил этиш ва таъминлаш бўйича алоҳида боб киритилган.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари Ўзбекистон Республикаси қонунчилигининг ажралмас бўлаги сифатида ижтимоий муносабатларни норматив тартибга солишда алоҳида аҳамият касб этиб, ҳозирги кунда давлатимизда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва киритиш соҳасида зарур норматив база шаклланган.
Бундан ташқари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш, шунингдек ҳудудий адлия органларининг маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари лойиҳаларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказишга доир ишларини ташкил қилиш ва уларнинг бу соҳадаги фаолиятига услубий ёрдам кўрсатиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг 2013 йил 1 февралдаги “Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш, юридик-техник расмийлаштириш ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш тартиби тўғрисидаги йўриқномани тасдиқлаш ҳақида”ги буйруғи қабул қилиниб, адлия бошқармаси томонидан барча маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг эътиборига етказилган.
Анжуманда иштирокчилар Қонун юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олдилар.