Янгиликлар
“Ягона дарча” марказлари ташкил этилди
Наманган вилоят адлия бошқармаси томонидан Ахборот технологиялари ва комуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси, вилоят Ер ресурслари ва давлат кадастри, шунингдек, Табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси ва бошқа манфаатдор идоралар ҳамкорлигида амалий семинар ўтказилди.
Шундан келиб чиққан ҳолда жорий йилнинг 28 сентябрь куни Мухтарам Президентимизнинг “Тадбиркорлик субъектларига “Ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорлари қабул қилинди.
Мазкур қарор билан барча туман ва шаҳарларда жумладан, Наманган вилоятида ҳам бугунги кунга қадар фаолият юритиб келаётган Тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш инспекциялари негизида тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатувчи “ягона дарча” марказлари ташкил этилиши ва 2016 йил 1 январдан эътиборан тўлиқ иш фаолиятини бошлаши белгилаб берилди.
Эндиликда “Ягона дарча” марказлари 4 та фаолият йўналиши бўйича эмас балки, 16 турдаги давлат хизматларини тадбиркорларга сифатли ва ўз вақтида кўрсатилишини таъминлаб беради.
Айтиш жоизки, ўтган давр мобайнида вилоятимизда “Ягона дарча марказ”лари фаолиятини ташкил этиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилди.
Жумладан, марказлар учун биноларни танлаш ва ажратиш, уларни таъмирлаш ҳамда фаолиятини йўлга қўйиш борасида деярли барча-туман ва шаҳарларда ишлар якунланиб қолди.
Вилоятдаги туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳузуридаги “Ягона дарча” марказларига жами 103 та штат бирлиги ажратилган бўлиб, мазкур лавозимларга номзодлар тавсия этиш учун 183 нафар номзодлар билан суҳбат ўтказилиб, ҳозирги кунга келиб мазкур штат бирликлари ходимлар билан тўлдирилди.
Бундан ташқари, марказларнинг моддий-техник баъзасини мустаҳкамлаш мақсадида минимал талабларни ҳисобга олган ҳолда замонавий ташкилий техника ва компьютер ускуналари билан кўшимча равишда жиҳозлаш мақсадида маҳаллий бюджетдан 338,7 млн сўм маблағ ажратилди.
Тадбиркорларга ва “Ягона дарча” маркази ходимларига қулайлик яратиш мақсадида давлат хизмати кўрсатишнинг электрон ахборот алмашинуви “Е-ijro” дастури йўлга қўйилмоқда. Ҳар бир давлат хизмати кўрсатувчи давлат органи вакиллари электрон рақамли имзо калитлари билан таъминланмоқда.
Ўйлаймизки бу борада ишларни якунлаб олсак, “Бир дарча” марказларида тадбиркорларга давлат хизмати кўрсатишнинг сифат ва самарадорлиги янада ошади.
Мазкур семинардан кўзланган асосий мақсадтадбиркорларга давлат хизмати кўрсатишнинг сифат ва самарадорлиги янада ошириш, “Ягона дарча” марказлари фаолияти нимадан иборат эканлигини тушунтириш ҳамда яратилган имтиёзлар ҳақида очиқ мулоқот тарзида суҳбатлашишдан иборат бўлди. Семинар фикр-мулоҳазаларга бой тарзда ўтказилиб, йиғилганларнинг қизиқтирган саволларига соҳа вакиллари жавоб бердилар.