Янгиликлар
Сайловга оид ҳуқуқий тарғибот тадбирлари
Ҳар қандай ўзини мустақил деб билган ҳуқуқий демократик давлатда сайловлар давлат бошқарувини ташкил этишнинг муҳим белгиси ҳисобланади. Ўз навбатида, халқ хоҳиш-иродасининг сайловлар орқали эркин ифодаланиши фуқаролик жамияти ва давлат ишларини бошқаришда иштирок этишнинг олий шакли бўлиб, демократик ҳуқуқий давлатнинг ажралмас белгисидир.
Фуқароларимизнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини, шунингдек, уларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш адлия органларининг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади.
Марказий сайлов комиссияси томонидан жорий йилнинг 29 мартида ўтказилиши белгиланган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини юқори савияда ташкил этиш мақсадида Наманган вилоят адлия бошқармаси томонидан ҳам бир қатор самарали ишлар амалга оширилиб келинмоқда.
Мазкур чора-тадбирлар режасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 6-Наманган сайлов округи комиссияси ҳамда бир қатор манфаатдор идора ва ташкилотлар билан ҳамкорликда тизимли равишда ҳуқуқий тарғибот ишлари олиб борилмоқда.
Жумладан, худди шундай тадбирлардан бири, Уйчи туман Ғайрат ҚФЙда ўтказилиб, ушбу тадбир “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Қонуннинг мазмун-моҳиятини тушунтиришга бағишланди.
Тадбирда сўзга олганлар, фуқароларнинг сиёсий ҳуқуқларидан бири Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида қатнашиш ҳуқуқи эканлигини, юртимизнинг ҳар бир 18 ёшга тўлган фуқаролари сайловда қатнашиш ҳуқуқига эга бўлиб, ижтимоий келиб чиқиши, ирқий ёки миллий мансублигига, жинси, маълумоти, тили, динга муносабати, машғулот тури ва хусусиятига қараб Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг сайлов ҳуқуқини бирон – бир тарзда бевосита ёки билвосита чеклаш таъқиқланганлиги таъкидланди.
Шунингдек, фақатгина суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар ҳамда суднинг ҳукмига мувофиқ озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида қатнашиш ҳуқуқидан маҳрум эканлиги тадбир иштирокчиларига тушунтирилди.
Худди шундай тадбирлар Наманган шаҳридаги Дўстлик маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам ўтказилди.
Тадбир сўнгида, сайловга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти юзасидан иштирокчилар томонидан берилган саволларга адлия бошқармасининг масъул ходимлари томонидан батафсил ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.