Янгиликлар
Қарор ижроси амалда
Шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан Давлат статистика қўмитаси ва Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда республикамиз бўйлаб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 11 октябрдаги “Юридик шахсларнинг номлари ва рамзларида давлатнинг расмий номидан фойдаланишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг мазмун-моҳиятини кенг тарғиб қилиш ҳамда мазкур қарор асосида қабул қилинган “Юридик шахсларнинг номига давлатнинг расмий номини, шунингдек ундан ҳосила сўзларни қўшиш тартиби тўғрисида”ги Йўриқноматалабларини мутасадди ташкилотлар масъул ходимлари ва бошқа манфаатдор шахслар эътиборига етказиш мақсадида жойларда ўқув-семинарлари ўтказилмоқда.
Тадбирда таъкидланганидек, “Ўзбекистон Республикаси” ва “Ўзбекистон” расмий номларидан, шунингдек ҳосила сўзлардан Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига мувофиқ ташкил этиладиган ёки фаолиятини ташкил этиш амалга ошириладиган юридик шахслар, агар уларнинг номлари тегишли ҳужжатларда тўғридан-тўғри назарга тутилган бўлса, давлат органлари ва республика аҳамиятига молик ташкилотлар томонидан ташкил этиладиган давлат унитар корхоналари ва давлат муассасалари, устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиздан ортиқ бўлган хўжалик жамиятлари, юридик шахслар республика аҳамиятига эга бўлган бирлашмалари, республика нодавлат нотижорат ташкилотлари, шунингдек номларида бош ташкилотнинг тўлиқ номи кўрсатиладиган уларнинг алоҳида бўлинмалари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига тақдим этилган мурожаатлари асосида хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар фойдаланиш ҳуқуқига эгадирлар.
Ўқув-семинари давомида мутасадди идора ва ташкилотлар вакиллари иштирокида мазкур Йўриқнома талаблари асосида иш фаолиятини ташкил этишнинг ўзига хос жиҳатлари атрофлича муҳокама қилиниб, ушбу меъёрий ҳужжат бу соҳадаги ишларнинг самарадорлигини таъминлашга қаратилган муҳим ҳуқуқий манбаа эканлиги алоҳида таъкидланди.
Баҳс-мунозарага бой тарзда бўлиб ўтган тадбир якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларига батафсил жавоблар олишди.