Янгиликлар
Аҳоли учун яна бир қулайлик
Мамлакатимиз Конституцияси қабул қилинганлигининг 22 йиллиги арафасида Наманган вилоятининг Норин туманида Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлими ва туман давлат нотариал идорасининг бутунлай янгидан қад ростлаган замонавий маъмурий биноси туман аҳли учун фойдаланишга топширилди.
Кўркам бинонинг тантанали очилиш маросимида иштирок этган вилоят ҳокими Б.Юсупов ва вилоят адлия бошқармаси бошлиғи С.Нуриев истиқлол йилларида аҳолига малакали ва сифатли ҳуқуқий хизмат кўрсатилишини таъминлаш борасида амалга ошириб келинаётган ислоҳотларга алоҳида тўхталиб, бу борада фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимлари ҳамда давлат нотариал идоралар фаолиятининг самарадорлигини таъминлаш, уларнинг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилаётганлигини таъкидладилар.
Бош Қомусимиз қабул қилинганлигининг 22 йиллиги арафасида фойдаланишга топширилган Норин туман ФҲДЁ бўлими ва туман давлат нотариал идораси учун фойдаланишга топширилган замонавий бино бу борадаги ишларнинг узвий давоми бўлди. Туман марказида жойлашган ушбу бинода фуқаролар учун барча зарур шарт-шароитлар яратилган, замонавий техника жиҳозлари ва офис мебеллари билан таъминланган.
Бу каби замонавий ва кўркам бахт кошоналари ҳамда давлат нотариал идораларининг бунёд этилиши давлатимизда фуқароларга кўрсатилаётган тезкор ва замонавий ҳуқуқий хизматнинг сифати ва самарадорлигини янада ошишига, ва албатта, бинода яратилган қулай шарт-шароитлар эса адлия органлари ходимларини ўз вазифаларига янада масъулият билан ёндашган ҳолда фаолият кўрсатишга ундайди.