Янгиликлар
Конститутция - ҳуқуқ ва эркинликларимиз кафолати
Наманган вилоят адлия бошқармасида давлатимиз бош Қомуси қабул қилинганлигининг 22 йиллигига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда бошқарма марказий аппарати, унинг тизимига кирувчи ФҲДЁ органлари ва давлат нотариал идоралари ходимлари иштирок этди.
Байрам муносабати билан ўтказилган мазкур тадбирни бошқарма бошлиғи С.Нуриев олиб борди ва нутқ сўзлади. Тадбир очилишида йиғилганлар бу улуғ байрам билан самимий табрикланиб, Асосий қонунимизнинг давлат ва жамият ҳаётидаги тутган ўрни, ўтган давр мобайнида унинг асосида мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, шу жумладан, суд-ҳуқуқ соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларнинг аҳамияти таъкидлаб ўтилди.
Қайд этилганидек, мустақил давлатчиликнинг белгиси ҳисобланмиш Конституция, энг аввало, миллатнинг юзи, халқнинг эрки ифодаси, жамият тараққиётининг асоси ҳисобланиб, янги демократик тузумни барпо этиш мақсадида қабул қилинган мустақил Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ўз ғояси, асосий принциплари ва қоидалари, умум эътироф этилган халқаро талабларни ҳамда халқимизнинг минг йиллар давомида шаклланиб келган қадриятларини ўзида мужассам этганлиги билан бошқа давлатларнинг конституцияларидан ажралиб туради.
Шунингдек, тадбир давомида сўнгги йилларда давлатимиз томонидан адлия органларига қаратилаётган эътибор хусусида ҳам атрофлича сўз юритилиб, фаолиятнинг норматив-ҳуқуқий асосини такомиллаштириш, ходимларнинг меҳнат шарт-шароитларини янада яхшилаш, аҳолига сифатли ҳуқуқий хизмат кўрсатиш, тизимнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш каби бир қатор йўналишларда олиб борилаётган кенг кўламдаги ишлар хусусида батафсил тўхталиб ўтилди.
Байрамона руҳда бўлиб ўтган тадбир якунида адлия органларига юклатилган вазифаларни сидқидилдан адо этиб келаётган вилоят адлия бошқармаси ва унинг тизимида хизмат қилаётган ходимларнинг меҳнати алоҳида эътироф этилиб, уларга Адлия вазирлиги ҳамда вилоят адлия бошқармасининг фахрий ёрлиқлари тантанали равишда топширилди.