Bog'lanish

Telefon
(+998 69) 227-06-62

Elektorn manzil
namangan@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

25

Ўзбекистон Республикасининг “Суд экспертизаси тўғрисида”ги Қонуни мазмун-моҳиятига бағишланган матбуот анжумани


Наманган вилоят адлия бошқармаси томонидан бошқарманинг мажлислар залида Ўзбекистон Республикасининг “Суд экспертизаси тўғрисида”ги Қонуни мазмун-моҳиятига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Унда адлия бошқармаси, ФҲДЁ ва Нотариал идоралар ходимлари, Ҳадича Сулаймонова номидаги республика Суд экспертиза марказининг Фарғона вилоятларо бўлинмаси ва вилоят суд тиббий экспертиза бюроси масъул ходимлари, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Анжуманда таъкидланганидек, мамлакатимизда “Суд экспертизаси тўғрисида”ги Қонунининг қабул қилиниши мустақил демократик давлатнинг ҳуқуқ тизимини такомиллаштиришга қаратилган муҳим қадам ҳисобланади.

Шунингдек, ҳозирги кунгача Ўзбекистон Республикасида суд-экспертлик фаолияти асосларини белгилайдиган ягона норматив-ҳуқуқий ҳужжат мавжуд бўлмагани ва суд экспертизасини ҳуқуқий тартибга солиш асосан алоҳида турдаги суд ишларини юритиш тўғрисидаги процессуал қонунлар ва идоравий меъёрий ҳужжатлар билан амалга оширилганлиги айтиб ўтилди.

Жумладан, Жиноят-процессуал, Фуқаролик процессуал, Хўжалик процессуал кодекслари тегишлигича алоҳида процесс жараёнларини белгилашга қаратилган бўлиб, уларда асосан суд экспертизасини тайинлаш ва ўтказишга оид масалалар тартибга солинган эди.

Суд экспертлик фаолияти учун принципиал аҳамиятга эга бўлган талайгина масалалар: улар қаторида суд экспертизанинг умумий тушунчалари, суд экспертлик фаолиятининг принциплари, суд экспертлик фаолиятнинг ташкилий, молиявий, ахборот билан таъминлаш масалалари, экспертнинг ижтимоий статуси ва бошқа муҳим томонлари ҳуқуқий бошқарув доирасидан четда қолган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб ҳамда қонунчиликдаги бўшлиқларни бартараф этиш заруратини кўзда тутган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг “Суд экспертизаси тўғрисида”ги Қонуни ва ушбу қонун қабул қилиниши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига киритилган ўзгаришлар долзарб муаммоларни ечими деб баҳоланмоқда.

“Суд экспертизаси тўғрисида”ги Қонунида илк бор суд-экспертлик фаолияти тушунчаси, унинг принциплари, шу жумладан, суд экспертининг мустақиллиги ва унинг хулосаси холислиги билан боғлиқ долзарб масалалар тартибга солинган. Қонун Ўзбекистон Республикасида суд-экспертлик фаолиятининг барча жиҳатлари ҳуқуқий асосларини ўз ичига олади.

У 5 та боб ва 33 та моддадан иборат бўлиб, асосий тушунчалар, суд-экспертлик фаолиятининг асосий принциплари, давлат суд-экспертизаси муассасаси раҳбари ва суд экспертининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, суд экспертизани ўтказиш, суд-экспертлик фаолиятининг молиявий, ташкилий, илмий-услубий ва ахборот билан таъминланиши ҳамда бошқа масалаларни ўз ичига олади.

Мазкур қонуннинг қабул қилиниши муносабати билан маъқулланган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни процессуал қонунларнинг суд экспертиза ўтказиш масалаларини такомиллаштиришга қаратилганлиги ҳам алоҳида таъкидланди.

Ушбу қонун Ўзбекистонда суд экспертизасининг динамик ривожланиши, экспертлик тадқиқотларининг жаҳон стандартларига мос келадиган, замонавий илмий даражада ўтказилиши учун шароит яратиб беради.

Анжуманда қонундаги тегишли моддаларга тажрибали мутахассислар томонидан шарҳлар берилиб, журналистларнинг бу борадаги саволларига тўлақонли жавоблар қайтарилди.