Янгиликлар
Амалиёт ва назария муҳокамаси
Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норма ижодкорлиги соҳасидаги фаолияти самарадорлигини янада ошириш, бу борадаги вазифаларни ўз вақтида сифатли ташкил этилиши ва амалга оширилишида услубий ёрдам кўрсатиш ҳамда зарур амалий тавсияларни бериш мақсадида Наманган вилоят адлия бошқармаси томонидан “Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норма ижодкорлиги фаолияти: амалиёт ва муаммолар” мавзусида ўқув семинари ташкил этилди.
Семинардан кўзланган асосий мақсад, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш, юридик техник рамийлаштириш ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш бўйича вазифаларни амалдаги қонунчилик талабларига қатъий риоя этилган ҳолда ташкил этилишини таъминлаш ҳамда бу борадаги ишларнинг самарадорлигини янада ошириш, шунингдек соҳага дахлдор ходимларга Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2014 йил 28 февралдаги 50-мҳ-сон буйруғи билан тасдиқланган “Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг юридик хизмати ходими лавозимига тавсия этиладиган номзодларнинг адлия органлари билан келишиш тартиби тўғрисида”ги ва 2014 йил 28 февралдаги 51-мҳ-сон буйруғи билан тасдиқланган “Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг юридик хизмати ходимлари томонидан бажарилган ишлар тўғрисида адлия органларига ҳисобот тақдим этиш тартиби тўғрисида”ги низомлар талаблари билан атрофлича таништириш ва бу борада юзага келадиган муносабатларни ташкил этиш масалаларини ҳал этишга қаратилди.
Мазкур тадбирда вилоятдаги давлат ва хўжалик бошқаруви ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари юрисконсультлари, ҳокимликларнинг ташкилий-назорат ва таҳлил гуруҳи ҳамда умумий бўлимлар ходимлари, шунингдек оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
Қизғин баҳс-мунозаралар тарзида бўлиб ўтган семинар якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларига батафсил жавоблар олиб, келгусида амалга ошириладиган ишлар ҳақида атрофича келишиб олдилар.