Янгиликлар
17
“Бахт уйи”нинг янги биноси
Наманган туманида яшовчи икки бахтиёр ёш – Иброҳимжон Усмонов ҳамда Маҳлиё Муҳаммадғаниеванинг никоҳ тўйлари янги барпо этилган “Бахт уйи”нинг очилиш маросимига тўғри келгани билан ҳам эсда қоларли бўлди.
Жорий йилда туман маркази Тошбулоқ шаҳарчасида лойиҳа қиймати 400 миллион сўмдан зиёд бўлган замонавий “Бахт уйи” биноси бунёд этилди. Миллий ва замонавий меъморчилик услубини ўзида мужассам этган янги бинода барча шароит муҳайё. Жумладан, тантаналар зали, архив, ота-оналар, никоҳланувчи ёшлар билан учрашувлар ўтказишга мўлжалланган хоналар, ходимлар учун алоҳида ва бошқа маиший-хўжалик хоналари замонавий тарзда жиҳозланган.
– Бундай кўркам ва салобатли муассасада никоҳдан ўтиш ёшларимизга оила ва никоҳ масъулиятини янада теранроқ ҳис қилишларида муҳим аҳамият касб этади, – дейди бўлим мудираси Шоирахон Жамолиддинова. – Бу масканда энди ёшлар нафақат никоҳ гувоҳномасига имзо чекади, балки никоҳолди суҳбатлари, турли маънавий-маърифий тадбирларга жалб этилиб, уларга оила мустаҳкамлигининг омиллари ҳақида тушунчалар берилади.