Янгиликлар
Ҳайъат мажлиси
Наманган вилоят адлия бошқармасининг кенгайтирилган Ҳайъат мажлиси бўлиб ўтди. Бошқарма марказий аппарати, ФҲДЁ органлари мудирлари ва давлат нотариал идоралари нотариуслари иштирок этган мажлисни бошқарган ҳайъат раиси С.Нуриев дастлаб кун тартибига киритилган масалалар билан йиғилганларни таништирди.
Таъкидланганидек, жорий йилнинг биринчи ярим йиллиги давомида Наманган вилоят адлия бошқармаси томонидан қонунч ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширилишини таъминлаш, фуқаролар, тадбиркорлар ва хорижий инвестициялар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шартномавий-ҳуқуқий муносабатларни тартибга солиш ҳамда юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказиш, нотариат, ФҲДЁ ва адвокатура соҳаларида муайян ишлар амалга оширилди.
Хусусан, ҳисобот даврида қонун ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти соҳасида бошқармага вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликларининг 67 та қарор лойиҳаси келиб тушган бўлиб, шундан 56 тасига норматив-ҳуқуқий тусдаги ҳужжат ҳисобланганлиги сабабли ҳуқуқий хулосалар берилди. 11 та қарор лойиҳаси белгиланган талабларга риоя қилинмай тақдим қилинганлиги сабабли қайтарилди.
Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, ҳуқуқий тарғибот бўйича давлат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш мақсадида 1766 дан ортиқ турли хил мавзуда ҳуқуқий тарғибот тадбирлари амалга оширилиб, телевидение, радио, газета-журналлар ва бошқа оммавий ахборот воситалари имкониятидан самарали фойдаланилди.
Шунингдек, ҳисобот даврида келиб тушган жами 165 та мурожаатлар белгиланган тартибда кўриб чиқилиб, шундан 82 та мурожаат бўйича муаллифларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш бўйича ҳамда 53 та мурожаат бўйича амалдаги қонун ҳужжатлари юзасидан ҳуқуқий тушунтиришлар бериш юзасидан зарур чоралар кўрилди.
Қонун ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлаш бўйича туманларда ўтказилган ўрганишлар натижасига кўра 7 644 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди. Аниқланган ушбу қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш юзасидан назорат қилувчи, хизмат кўрсатувчи ва бошқа идораларга жами 191 та тақдимнома, 232 та огоҳнома, 48 та маъмурий ҳамда 3 та жиноий жавобгарликка тортиш юзасидан таклифлар киритилди.
Аҳолига ҳуқуқий хизмат кўрсатиш соҳасида жами 114 мингдан зиёд нотариал ҳаракатлар амалга оширилиб, жами 12 млрд. 640 млн. сўмдан ортиқ давлат божи, 420 млн. 593 минг сўмдан ортиқ герб йиғими ҳамда 431 млн. сўмдан ортиқ пуллик хизмат тўловлари ундирилди. ФҲДЁ органлари томонидан эса 23 мингдан ортиқ ҳаракатлар амалга оширилган бўлиб, 392 млн. сўмдан ортиқ давлат божи, 649 млн. сўмдан ортиқ герб йиғими ҳамда 63 млн. сўмдан зиёд пуллик хизмат тўловлари ундирилди.
Ҳайъат мажлисида амалга оширилган ишлар билан бир қаторда фаолиятда йўл қўйилган айрим хато ва камчиликлар кескин танқид қилиниб, уларга йўл қўйган масъул ходимларнинг ахборотлари эшитилди. Хусусан, ижро ва меҳнат интизомига риоя этилиши, иш режаларида белгиланган тадбирларни муддатида ва сифатли бажарилиши, умуман, соҳага юклатилган вазифаларни юқори савияда амалга оширилишида етарлича эътибор қаратмаётган айрим марказий аппарат, ФҲДЁ органлари ва давлат нотариал идоралари ходимлари фаолияти танқид қилиниб, камчиликларга келгусида йўл қўймаслик юзасидан барча ходимларга тегишли кўрсатмалар берилди.
Шунингдек, аҳолига пуллик ҳуқуқий хизматлар кўрсатиш, фуқароларга қулай шарт-шароитлар яратиш борасида самарали ишларни амалга ошираётган Поп туман 1-сон ФҲДЁ бўлими, Наманган туман 1-сон ва Наманган шаҳар 10-сон давлат нотариал идораларига Наманган вилоят адлия бошқармасининг қимматбаҳо совғалари топширилди.
Ҳайъат мажлисида муҳокама этилган барча масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.