Янгиликлар
Фермерлар учун ўқув cеминари
Андижонда Ўзбекистон Фермерлар кенгаши томонидан Андижон ва Наманган вилоятлари туман фермерлар кенгашлари раислари ҳамда қишлоқ хўжалиги мутахассислари учун ўқув семинари ташкил этилди.
Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимизда фермерларнинг самарали фаолият юритиши учун кенг имкониятлар яратиб берилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2012 йил 22 октябрда қабул қилинган “Ўзбекистонда фермерлик фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш ва уни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони фермерлик ҳаракатини юқори босқичга кўтаришда муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Бугун қишлоқ инфратузилмаси ва аҳоли турмуш даражасини юксалтиришда фермер хўжаликлари муҳим ўрин тутади. Шу боис мамлакатимизда фермер хўжаликларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга турли имтиёзлар беришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Буни Андижон вилоятидаги 6390 фермер хўжалиги мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.
Вилоятдаги ҳосилдорлик даражаси паст бўлган ерларда деҳқончилик қилаётган хўжаликларга 2008-2012 йилларда 57 миллиард сўмдан зиёд ёрдам кўрсатилди. Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича давлат дастури доирасида сўнгги 5 йил ичида 46 миллиард сўмга яқин маблағ ажратилиб, 160 километрдан зиёд коллектор-дренаж тармоғи барпо этилди, 6 минг километрдан ортиқ масофадаги мелиорация тармоқлари тўла таъмирланди. Банкларнинг молиявий кўмаги билан фермер хўжаликлари томонидан 2004-2012 йиллар мобайнида лизинг асосида қарийб 3300 қишлоқ хўжалик техникаси сотиб олинди.
Семинарда кўрсатилаётган амалий кўмак самарасида фермер хўжаликлари томонидан ғалла, пахта ва бошқа қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш салмоғи йилдан-йилга ортиб бораётгани таъкидланди. Шунингдек, фермерлик фаолиятини ривожлантириш борасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти, хўжаликларда шартнома муносабатлари, улар билан тайёрлов, таъминот ва хизмат кўрсатувчи корхоналар ўртасидаги ҳисоб-китоб тизимини такомиллаштириш, кўп тармоқли фермер хўжаликлари ташкил этиш, ер, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, тежамкор суғориш технологияларини жорий этиш масалалари, бу борада фермерлар кенгашлари олдида турган долзарб вазифалар атрофлича муҳокама этилди.
– Машғулотларда олимлар ва тегишли соҳалар мутахассислари томонидан фермерлар кенгашлари фаолиятини ташкил этиш, иш ҳужжатларини юритиш бўйича иштирокчиларга зарур маълумот ва тавсиялар берилди, – дейди Андижон вилояти фермерлар кенгаши раиси Рашидбек Мамадалиев. – Бу келгусида уларнинг иш фаолиятини янада яхшилашга хизмат қилади.