Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг дастлабки кунлариданоқ мамлакатимизда иқтисодиётнинг ғоят муҳим соҳаси бўлмиш кичик бизнесни ривожлантиришни рағбатлантиришга, хусусий тадбиркорлар ҳуқуқларининг кафолатлари ва ҳимоясининг кучли тизимини яратишга жуда катта эътибор бериб келинмоқда.
Бунинг боиси шуки, ижтимоий йўналтирилган замонавий бозор иқтисодиётида кичик бизнес ниҳоятда муҳим ўрин эгаллайди. Энг аввало, кичик бизнес бозор конъюнктураси ўзгаришларига тез мослаша олишга, истеъмолчиларнинг талаб-эҳтиёжлари қандай ўзгаришига қараб иш тута билишга қодирдир. Кичик бизнес рақобатчилик муҳитини шакллантирадики, бусиз бозор иқтисодиётини тасаввур қилиб бўлмайди. Иккинчидан, кичик бизнес янги иш ўринларини жадаллик билан барпо этилишини, аҳолининг бандлиги ўсишини ва унинг даромадлари ошиб боришини таъминлайди. Учинчидан, кичик бизнес ички бозорни товарлар ва хизматлар билан бойитишнинг муҳим манбаи ҳисобланади.
Республикамизда кичик бизнеснинг роли ва аҳамиятини инобатга олган ҳолда, уни қўллаб-қувватлаш ва янада ривожлантиришни рағбатлантириш бўйича аниқ-равшан чора-тадбирлар изчиллик билан амалга ошириб борилмоқда.
Кейинги йилларда тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш тизимини соддалаштирилганлиги, бир неча турдаги солиқларни тўлаш ўрнига кичик бизнесни ягона солиқ тўлови шаклидаги соддалаштирилган солиққа тортиш тизими жорий этилганлиги бунинг яққол далилидир.
Тадбиркорлар хуқуқларининг ҳимоя қилинишини таъминлаш борасидаги ҳуқуқий нормалар мустаҳкамланди, тадбиркорлик субъектларининг хўжалик фаолиятига назорат қилувчи идораларнинг аралашувини кескин қисқартириш чоралари кўрилди.
Қабул қилинган кафолатлар, имтиёз ва преференциялар кичик бизнеснинг жадал ривожланишига имконият яратди, бунинг натижасида унинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 2000 йилда 33,8 фоизни ташкил қилган бўлсада, ҳозирги кунда 48,2 фоизгача кўпайди.
Ислоҳотлар натижасида хўжалик соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун молиявий жавобгарлик либераллаштирилиб, кредит бериш тартиби, тадбиркорлик фаолиятини лицензиялаш ва рухсатномалар бериш тизими соддалаштирилди ҳамда тадбиркорлик субъектларини текшириш янада қисқартирилиб, кичик бизнес тараққиётнинг янги босқичига кўтарилмоқда.
Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида қабул қилинган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси бўйича Наманган вилоят адлия бошқармаси томонидан ҳам бир қатор ишлар амалга оширилиб келинмоқда.
Жумладан, тадбиркорлик субъектларига амалдаги қонун ҳужжатлари мазмун-моҳиятини тўлиқ тушунтириб бериш, уларга берилаётган имтиёзлар ва уларнинг фаолият кўрсатиши учун яратилаётган қулай шарт-шароитларни етказиш мақсадида 2011 йилда 130 дан ортиқ ҳуқуқий тарғибот тадбирлари амалга оширилиб, қонунийликни мустаҳкамлаш бўйича тадбиркорларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан амалга оширилган ишлар тўғрисида “Тадбиркор – адлия ҳимоясида” номли телекўрсатувлар ташкил этилди.
Шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг мурожаатларини қисқа муддатларда кўриб чиқиш ва уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш мақсадида ташкил этилган “Ишонч телефони” орқали 2011 йилда 50 дан ортиқ тадбиркорлик субъектларининг мурожаатлари кўриб чиқилиб, 16 та мурожаат бўйича тадбиркорларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди ва 32 таси бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Бундан ташқари, 55 та тадбиркорлик субъектининг ёзма мурожаати ҳам кўриб чиқилиб, 17 тасининг бузилган ҳуқуқлари тикланди ва 32 таси бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Масалан, “Тўрақўрғон карвон савдо” хусусий корхонаси раҳбари А.Долимовнинг бошқа ташкилотлардан етказилган моддий зарарни ундиришда амалий ёрдам беришни сўраб ёзган шикояти белгиланган тартибда ўрганиб чиқилиб, ўрганиш натижаси бўйича хусусий корхона манфаатларини кўзлаб қарздор ташкилотдан 25 млн 900 минг сўм маблағларни ундириш ҳақида вилоят хўжалик судига даъво ариза киритилди. Ушбу даъво ариза суд томонидан кўриб чиқилиб, суднинг қарори билан даъво аризаси тўлиқ қаноатлантирилди.
Бошқарма томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг муаммолари ва таклифларини ўрганиш, шунингдек, тадбиркорлар билан бевосита очиқ мулоқотлар ташкил этиш мақсадида туман (шаҳар) ҳокимликлари билан ҳамкорликда ҳар ойда “Очиқ эшиклар куни” тадбирлари мунтазам ўтказиб борилмоқда. Ушбу тадбирларда тадбиркорлик субъектларининг муаммоларини жойида ҳал этиш чоралари кўрилмоқда.
Жумладан, Наманган вилоятининг шаҳар ва туманларида бевосита тадбиркорлар иштирокида 12 дан зиёд бу турдаги тадбирлар ташкил этилиб, унда 1100 нафардан зиёд тадбиркорлик субъектлари билан очиқ мулоқотлар ўтказилди ва амалдаги қонунчилик бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилиб, улар фаолиятида юзага келаётган муаммолар юзасидан амалий ҳуқуқий ёрдамлар кўрсатилди.
Бундан ташқари, 2011 йилда Адлия бошқармасининг иш режасига мувофиқ 97 та назорат қилувчи идоралар, хизмат кўрсатувчи ташкилотлар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларида тадбиркорликка оид қонун ҳужжатларининг ижроси бўйича ўрганишлар ўтказилди.
Ўрганишлар давомида назорат қилувчи идоралар, хизмат кўрсатувчи ташкилотлар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан 1200 дан ортиқ ҳолатда тадбиркорликка оид қонун ҳужжатларининг бузилиши ҳолати ҳамда 18 та ҳолатда назорат қилувчи идоралар томонидан тадбиркорлик субъектларида Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Кенгаш рухсатисиз, аниқроқ қилиб айтганда, ноқонуний текширишлар ўтказилганлиги аниқланди.
Аниқланган қонун бузилиш ҳолатларини бартараф этиш ва айбдор шахсларни интизомий жавобгарликка тортиш масаласини кўриб чиқиш юзасидан тегишли идора ва ташкилотларга 172 та тақдимнома киритилиб, ушбу тақдимномаларга асосан жами 215 нафар мансабдор шахс интизомий жавобгарликка тортилди, шундан 5 нафари эгаллаб турган вазифасидан озод қилинди.
Бундан ташқари, Назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектларига текширишларни тайинлаш, шунингдек, ўтказиш тартибига риоя этилиши ҳамда тадбиркорлик субъектларининг фаолиятига ноқонуний аралашиш ҳолатларига барҳам берилиши аҳволини ўрганиш ва таҳлил қилиш мақсадида мунтазам равишда тадбиркорлик субъектларида “Текширишларни рўйхатга олиш китоби” юритилиши мониторинги ўтказиб борилмоқда.
Хусусан, бу борада вилоятдаги 3000 дан ортиқ тадбиркорлик субъектларининг “Текширишларни рўйхатга олиш китоби” юритилиши юзасидан мониторинг ўтказилди ва унинг натижалари бўйича жами 216 та қонун бузилиш ҳолатлари аниқланиб, назорат қилувчи идораларга 36 та тақдимнома, 37 та кўрсатма ва огоҳномалар киритилди.
Таъкидлаш жоизки, тадбиркорликни ривожлантириш ҳамма даврларда ҳам жамият равнақи, аҳоли фаровонлигини таъминлаш ҳамда барқарор иқтисодиётни яратишга хизмат қилган. Зеро, тадбиркори бойиган халқ, албатта, бой бўлади. Демак, тадбиркорлик субъектларининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлаш, бу борада аниқланган қонун бузилиш ҳолатларини зудлик билан бартараф этиш ҳамда айбдор шахсларни жавобгарлик масаласини ҳал этиш келгусида ҳам Адлия бошқармаси фаолиятининг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолади.
Жамшид Нуритдинов
Наманган вилоят адлия
бошқармаси бошлиғининг
биринчи ўринбосари