Bog'lanish

Telefon
(+998 69) 227-06-62

Elektorn manzil
namangan@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

22

Bugun, 22-fevral kuni “Adliya vazirligi jamoatchilik oldida hisobot berdi” nomli media ivent o‘tkazildi.


Бугунги кунда очиқлик ва шаффофлик давлат органларининг халқ олдидаги масъулият ва ҳисобдорлик туйғусини оширувчи энг муҳим талаб ва тамойиллардан ҳисобланади.

Вазирлик томонидан мана бешинчи йилдирки, журналистлар, блогерлар ҳамда жамоатчилик вакиллари билан очиқ мулоқот форматида учрашув ўтказиб келинмоқда.

Бугун, 22 февраль куни “Адлия вазирлиги жамоатчилик олдида ҳисобот берди” номли медиа ивент ўтказилди. Ушбу тадбир вазирлик томонидан 2023 йилда амалга оширилган ишлар, келгуси режалар, кутилаётган янги лойиҳалар тўғрисида ОАВлари ва жамоатчиликни хабардор қилиш, медиа ҳамжамият билан яқин мулоқот ўрнатиш мақсадида ташкил этилди.

Унда “Адлия ҳисоботи-2023” китоби, “Адлия вазирлигидан аҳолига 100 маслаҳат” ҳамда “Адлия вазирлигидан ёшларга 100 маслаҳат” номли ҳуқуқий қўлланмалар тақдимот қилинди.

Ҳисобот тадбирида вазирлик фаолиятига оид 2023 йилда амалга оширилган ишлар ва келгусидаги режалар ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

Норма ижодкорлиги. Ҳуқуқий экспертизадан ўтказилган қонун ҳужжатлари лойиҳаларининг 543 таси ёки ҳар учтадан биттаси мақсадга мувофиқ эмас деб қайтарилди.

Охирги уч йил давомида қонунчилик юкини ихчамлаштириш бўйича дадил қадамлар ташланди. “Тартибга солиш гильотинаси” усули орқали 8 848 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар бекор қилинди.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни амалиётда қўллашдаги коррупциявий хавфларнинг олдини олиш мақсадида 359 та лойиҳа ҳамда 113 та амалдаги қонун ҳужжатларини коррупцияга қарши экспертизадан ўтказдик, натижада 582 та коррупциявий омиллар аниқланди.

Ҳуқуқий ахборотни етказиш. Бу соҳада Адлия вазирлиги замонавий технологиялар ва ижтимоий тармоқлар имкониятларидан самарали фойдаланиб келмоқда. Биргина мисол — “Ҳуқуқий ахборот” телеграм канали орқали 2 145 та ҳуқуқий маълумотлар тарқатилиб, мазкур маълумотлар 152 млн. маротаба кўрилган.

Аҳолининг ҳуқуқий билимларини оширишга хизмат қилувчи вазирликнинг 8 та ҳуқуқий ресурсларида (Advice.uz ҳуқуқий портал, “Аdvice for business” портали, “Бола ҳуқуқлари” электрон сайти, “test.adliya.uz” сайти, Миллий ҳуқуқий интернет портал, kurslar.huquqiyportal.uz портал, hudud24.uz сайти, “Гендер мадад” электрон платформаси) жойлаштирилган материаллар билан 3,4 млн. маротаба танишилди.

Ҳуқуқий акциялар ва оммавий тадбирларда 189 мингдан ортиқ фуқарога бепул ҳуқуқий маслаҳат берилди, 18 мингдан ортиқ ҳуқуқий тарғибот материаллари тарқатилди.

Инсон ҳуқуқларини таъминлаш. 2023 йилда фуқаролардан келиб тушган шикоятларнинг 77 фоизи қаноатлантирилди.

Давлат органларида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларига риоя этилиши устидан ўтказилган ўрганиш ва мониторинглар натижасида аниқланган қонунбузилишларни бартараф этиш бўйича 8 071 та тақдимнома киритилиб, 939,6 млрд сўмдан ортиқ пул маблағлари ундириб берилди, фуқаролар манфаатларида тегишли судларга 240 млрд сўмга яқин 11 763 та даъво аризалари киритилди.

Давлат хизматларини кўрсатиш. Давлат хизматлари марказларида кўрсатиладиган давлат хизматлари турлари сони 335 тага етказилди. Композит давлат хизматлари, яъни битта ариза орқали бир нечта хизматдан фойдаланиш имкониятини берувчи давлат хизматларининг тури 31 тага етказилди. Давлат хизматлари марказлари томонидан 13,2 млндан ортиқ хизматлар кўрсатилди.

Давлат хизматларини кўрсатиш босқичлари соддалаштирилиши натижасида ўртача хизмат кўрсатиш вақти 15 дақиқани ташкил этди.

Шунингдек, вазирлик фаолиятини модернизация қилишда технология муҳимлигини англаган ҳолда, қулайлик ва самарадорликни ошириш учун янги инновациялар жорий қилинмоқда.

Хусусан, аҳоли, тадбиркорлар ва вазирлик ўртасидаги муносабатларни рақамлаштириш мақсадида Тадбиркорларни давлат рўйхатидан ўтказиш тизими (new.birdarcha.uz), “Лицензия”АТ (license.gov.uz) ҳамда “Нотариус”АТ (e-notarius.uz) каби ахборот тизимлари ишлаб чиқилиб, такомиллаштирилди.

Тадбир давомида журналист ва жамоатчилик вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга бевосита жавоб олиш имкониятига эга бўлди.

Адлия вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими