Bog'lanish

Telefon
(+998 69) 227-06-62

Elektorn manzil
namangan@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

21

Мамлакатимизда давлат тили нуфузини оширишнинг мустаҳкам ҳуқуқий асоси яратилмоқда.



Тил жамият ҳаётидаги энг муҳим ва ягона алоқа, муомала-муносабат воситаси ҳисобланади. Инсон тафаккур тарзи, дунёқараши тил ва сўз орқали чуқур намоён бўлади, ҳар қандай фикрини тил воситасидагина жонли ва таъсирчан баён қила олади.

Маълумки, “ўзликни англаш, миллий онг ва тафаккурнинг ифодаси, авлодлар ўртасидаги руҳий-маънавий боғлиқлик тил орқали намоён бўлади. Жамики эзгу фазилатлар инсон қалбига, аввало, она алласи, она тилининг бетакрор жозибаси билан сингади. Она тили -бу миллатнинг руҳидир”.

Минг афсуски, ярим асрдан ошиқ (1938-1991) давр ичида ўзбек тили мафкуравий, сиёсий, маъмурий жиҳатлардан улкан тазйиқ остида бўлди. Лекин, мустақилликка эришишнинг дастлабки қадами бўлмиш “Давлат тили тўғрисида”ги Қонуннинг 1989 йил 21 октябр куни қабул қилиниши ва бу тарихий ҳужжатга биноан ўтган йиллар давомида она тилимиз мустаҳкам ҳуқуқий асос ва юксак мақомга эга бўлди. Ҳозирги кунда ўзбек тили ҳаётимизнинг барча жабҳаларида — давлат ва жамият бошқаруви, давлатлараро муносабатлар, илм-фан, таълим-тарбия, тиббиёт, маданият ва санъат соҳаларида фаол қўлланилмоқда, халқаро минбарлардан баралла янграмоқда.

Таъкидлаш лозим, давлат тилининг нуфузини оширишда Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонунининг қабул қилиниши яна бир муҳим омил бўлди. Мазкур қонуннинг барча нормалари умумийлик, мажбурийлик ва ҳуқуқий кафолатга асосланганлиги билан аҳамиятлидир.

Хусусан, мазкур ҳуқуқий ҳужжатнинг 3-моддасида ўзбек тилининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида давлат тили сифатида амал қилишининг ҳуқуқий асослари давлат тили ҳақидаги қонун билан тартибга солиниши ва муҳофаза қилиниши белгиланди. Қонуннинг 4-моддасида Ўзбекистон Республикасида давлат тилини ўрганиш учун барча фуқароларга шарт-шароит яратиш, фуқароларга давлат тилини ўқитиш бепул амалга оширилиши белгиланган бўлса, Қонуннинг 5-моддасида давлат тилида фаолият кўрсатадиган, шунингдек бошқа миллат вакиллари зич яшайдиган жойларда уларнинг тилида фаолият кўрсатадиган мактабгача таълим муассасаларини ташкил этилиши каби нормалар киритилган.

Шунингдек, унда Ўзбекистон Республикасида яшовчи шахсларга таълим олиш, тилини эркин танлаш каби ҳуқуқларнинг белгиланиши, шунингдек, умумий, ўрта-махсус ва олий таълим муассаларида таълим давлат тилида, шунингдек бошқа тилларда олиб борилишининг мустаҳкамлаб қўйилгани қонуннинг бугунги кундаги долзарблигидан дарак беради.

Давлат тили расмий амал қиладиган доираларда ўзбек адабий тилининг амалдаги илмий қоидалари ва нормаларига риоя этилиши ҳақидаги норма эса, она тилимизнинг келгуси авлодларга соф ҳолда етказишда муҳим ўрин тутмоқда.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун — 21 октябрь санасини “Ўзбек тили байрами куни” деб эълон қилиш белгиланганлиги ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тузилмасида Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташкил этилганлиги давлат тилининг нуфузини оширишга қаратилган яна бир муҳим қадам бўлди.
Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш лозим, куни кеча Президентимизнинг “Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони имзоланди. Фармонга мувофиқ, 2020−2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепцияси ҳамда асосий йўналишлари тасдиқланди.

Мазкур ҳужжат билан 2025 йилга қадар давлат мактабгача таълим тизимида ўзбек тилли гуруҳлар қамровини 72 фоизга, 2030 йилгача эса 80 фоизга етказиш, 2030 йилга қадар умумтаълим мактабларида ўқув йиллари учун таянч ўқув режаларида она тили фанини ўқитиш кўламини амалдаги ҳафтада 84 соатдан 110 соатгача ошириш, олий таълим муассасаларида ўзбек тили кафедралари сонини 2025 йилга қадар 120 тага, 2030 йилгача эса 140 тага етказиш, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида “Ўзбекистон миллий қомуси” жилдларини нашр этишни босқичма-босқич кўпайтириб бориш, 2020 йилда ўзбек тилининг луғат бойлигини оширувчи 15 та лингвистик, соҳавий-терминологик, изоҳли луғатлар яратиш, телерадиоканаллар сухандон-бошловчиларининг ўзбек адабий тилидаги нутқ маданиятини оширувчи қайта тайёрлов курсларида ўқитиш тизимини жорий этиш ва қамровни 2030 йилгача 100 фоизга етказиш, 2025 йилга қадар давлат тилида соҳавий иш юритиш ҳужжатларининг ягона электрон намуналарини ишлаб чиқиш, дастурий маҳсулотларнинг ўзбекча иловалари ва электрон луғат дастурларини яратиш, хорижликлар учун ўзбек тилини ўргатувчи дастурлар яратиш, 2030 йилга қадар хорижий олий таълим муассасаларида ўзбек тилини ўргатувчи марказлар сонини амалдаги 17 тадан 60 тагача кўпайтириш ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари этиб белгиланди.

Дарҳақиқат, мамлакатимизда давлат тили нуфузини оширишнинг мустаҳкам ҳуқуқий асоси кундан-кунга мустаҳкамланмоқда. Тилимиз мақоми Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ҳам белгиланар экан, барча ҳужжатлар ўзбек тилида юритилиши қатъий назоратга олиниши лозим. Яъники, давлат тили ҳужжатларда тўлиқ ўз аксини топса, ҳар бир давлат хизматчиси давлат тилида иш юритса, тилимизнинг обрў-эътибори янада мустаҳкамланади.

Зеро, она тилимиздан ўринли фойдаланиш, тилнинг софлиги, табиийлиги учун курашиш, оғзаки ва ёзма нутқда тил меъёрларига тўлиқ риоя қилиш, она тилининг мусаффолигини, тароватини сақлаб қолишга барчамиз бирдек масъулмиз.

Улуғбек Исматиллаев
Вилоят адлия бошқармаси бошлиғининг
биринчи ўринбосари