Bog'lanish

Telefon
(+998 69) 227-06-62

Elektorn manzil
namangan@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

14

Наманган вилоятида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар яна 3 нафарга ошди



Ҳар бир шахс кундалик ҳаётда бирон-бир ҳуқуқий муносабатга киришади. Кимдир меросга эга бўлса, яна кимдир ижара, олди-сотди, ҳадя, кредит муносабатлари билан тўқнашади. Бу каби ҳолатда муайян бир нотариал ҳаракатлар амалга оширилади. Шу боис, мамлакатимизда жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлашга даъват этилган ҳуқуқий институт – нотариат фаолият кўрсатмоқда.
Маълумки, 2019 йил 9 сентябрь куни Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида нотариат тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинган эди.
Ушбу Фармон ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 16 мартдаги “Нодавлат нотариал фаолиятни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига асосан бунгача фаолият юритаётган давлат нотариал идоралари нотариусларига хусусий нотариал фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензиялар фақатгина уларнинг аризасига асосан тегишли бошқармалар томонидан тўғридан тўғри расмийлаштириб берилиши белгиланган эди.
Мазкур асосларга кўра, Наманган вилоятида фаолият олиб борувчи барча давлат нотариал идоралари нотариуслари ўз аризаларига асосан нодавлат нотариал идоралари шаклига ўтиб, ҳозирги кунда хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус сифатида фаолият олиб бормоқда.
Эндиликда, хусусий нотариал фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияни олиш учун талабгорлар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Олий малака комиссиясида малака имтиҳонини муваффақиятли топшириши лозим бўлади.
Албатта, хусусий нотариуслар фаолияти йўлга қўйилишидан кўзланган асосий мақсад аҳолининг нотариал хизматларга бўлган талабини қондириш, нотариат соҳасида эркин рақобат муҳитининг шаклланиши, ортиқча бюрократия ва коррупция ҳолатларига тўла барҳам беришдан иборат.
Жорий йилнинг августь ойида биринчи марта Адлия вазирлиги ҳузуридаги Олий малака комиссиясида хусусий нотариал фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензия олиш учун малака имтиҳони бўлиб ўтди.
Очиқлик ва шаффофлик билан ўтказилган малака имтиҳонида Наманган вилоятидан иштирок этган талабгор Абдуллаев Умиджон Хафизжонович, Умаралиев Аброржон Икрамович ҳамда Тургинова Хилолахон Рахимжоновналар муваффақиятли ўтиб, хусусий амалиёт билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияга эга бўлдилар ва хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус сифатида ўз фаолиятини бошладилар.
Бунинг натижасида вилоятимизда камида 10 дан ортиқ ўзини-ўзи таъминловчи иш ўрни яратилди.
Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш керакки, бугунги пандемия шароити давлат органлари ва ташкилотларидан карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда янгича услубда иш ташкиллаштиришни талаб қилмоқда.
Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар томонидан айни пандемия шароитида, энг аввало, фуқароларнинг оғирини енгил қилиш ҳамда уларнинг мурожаатларини қабул қилиш механизмини узулуксиз давом эттириш мақсадида барча имкониятлар ишга солинди. Шунингдек, идоралар антисептик воситалар билан таъминланиш билан бирганликда, мурожаат қилиб келаётган ҳар бир фуқароларнинг тана ҳарорати ўлчанган ҳолда хизмат кўрсатилиши таъминланмоқда. Бундан ташқари, фуқаролар идорада навбат кутиб вақтларини кетказмасликлари учун, нотариал хизмат кўрсатилиши бўйича электрон навбат олиш имконияти ҳам яратилган.
Яна бир муҳим жиҳат шундаки нотариуслар сонининг кўпайиши сабаб, аҳолида нотариусни танлаш имконияти пайдо бўлди.
Маълумот учун, бугунги кун ҳолатига вилоят ҳудудида фаолият олиб бораётган нотариуслар томонидан 127 000 дан ортиқ нотариал ҳаракатлар расмийлаштирилиб, 250 минга яқин фуқарога ҳуқуқий хизмат кўрсатилди.


Отабек Каримжонов
Вилоят адлия бошқармаси етакчи маслаҳатчиси