Bog'lanish

Telefon
(+998 69) 227-06-62

Elektorn manzil
namangan@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

12

Тилимизни асраш учун қайғуришимиз керак!



Глобаллашув жараёнининг энг катта хавфи у энг аввал тилга йўналган бўлади. Бундай вазиятда ўз она тили тақдирига бефарқ бўлган, уни асрай олмаган халқ миллат сифатида ўзлигини йўқотиши ҳеч гап эмас. Чет тилларини ўрганишга бўлган эътибор ортиб бораётгани сайин она тилимизни асраш масаласига суст ёндаша бошладик. Ҳатто айрим ёш оилаларда ота-оналар фарзандлари билан русча, инглизча мулоқот қилаётганларига гувоҳ бўляпмиз.
Ўзбек тилига кириб келаётган сўзларни бир “элакдан ўтказиб”, саралаб олишимиз зарур. Ўзбек тилида айтишга қулай бўлган сўзлар ўрнига четдан кирганини қўллашга одатланиб бораётганимизни нима деб изоҳлаш мумкин?
Мисол учун, “разворот” — “қайрилмоқ”, “остоновка” — “бекат”, “доставка” — “етказиш” каби сўзларнинг қай бирини ишлатиш муҳимроқ. Албатта, бу сўзларнинг ўзбекчаси чиройлироқ эшитилади. “Мойка”, “медбрат”, “медсестра”, “просто”… Бу рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин.
Чиройли кийинган, пўримгина йигит машинасига “За то не пешком” деб ёзиб қўйибди. На кулишингни, на йиғлашингни билмайсан.
Очиғини айтганда, айрим одамларимиз ўз она тилимиздаги сўзларни тушунишга қийналишади. Совуткич — кондиционер, музлаткич — холодильник, яхлатгич — морозильник, ўриндиқ — сденье, гўшак — трубка, сообщение — хат, мактуб ва ҳоказо. Юқоридаги сўзларнинг ўзбекчасини айтсангиз, устингиздан кулишлари ҳам мумкин. Ахир, бу аҳволда қандай қилиб ўзбек тилини ардоқлаш ҳақида гапириш мумкин?
Адабий тил нормаларига риоя қилмаслик, шевада гапириш ҳам урфга кириб бораётир. Айниқса, кино санъатида қаҳрамонларнинг Тошкент шевасида гапириши одатга айланди. Ҳамма замонларда ҳам барча соҳанинг энг илғорлари пойтахтга интилади. Бош кентда яшаш, унинг шевасида гапириш фикримизча барчанинг орзусига айланиб улгурди. Нима учун бу ҳақда куйиниб айтяпмиз? Ахир, она тилимиз учун қабул қилинган адабий меъёр қаерда қолади? Бир юртда яшаб туриб, шеваларнинг турлича эканлиги сабабидан водийликлар воҳаликларни баъзан тушунишлари мушкул. Бундай жараёнда адабий тил қоидалари ёрдамга келиши шубҳасиз. Лекин телевидение, кино санъати таъсириданми ёшларимиз қалбида “вотти”лаб гапиришга ҳавас уйғониб бўлди.
Ижтимоий тармоқдаги ва бошқа алоқа воситаларидаги ёзишмаларнинг эса ҳоли хароб. Ҳатто ҳарфлар ўрнига белгилар, сонлардан фойдаланишмоқда. Бу кетишда мумтоз адабиётнику қўйиб туринг, лоақал ўтган аср алломалари Абдулла Қодирий, Чўлпон, Абдулла Авлоний, Беҳбудий асарларини ҳам тушуна олмай қолишимиз ҳеч гап эмас. Тилни асраш борасида-ку ҳаракат суст экан, миллат адабиёти ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Бугунги чаласавод ёшлар кейинги авлодларга ўзидан нима қолдиради?
Гапириш осон, лекин амалда бажариш учун аниқ ҳаракат қилмасак бўлмайди. Муаммонинг ечимини тилшунос олимлар, адабиёт ўқитувчилари чуқурроқ мулоҳаза қилишлари керак. Тил муаммолари бўйича конференциялар, тадбирлар ўтказилиши ҳам керак. Чунки, аввало, ёшларнинг қалбини уйғотишимиз, муаммо нимада эканини ҳам кўрсата олишимиз зарур.


Наима ЯДИГАРОВА,
Наманган вилоят адлия бошқармаси бўлим бошлиғи