Bog'lanish

Telefon
(+998 69) 227-06-62

Elektorn manzil
namangan@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

22

НАМАНГАНДА ЯНГИ ЭКСПЕРИМЕНТ.



Бугунги кунда миллий қонунчилик базасининг сифат жиҳатдан юқори даражага кўтариш, қонун устуворлигини таъминлаш ва энг муҳими, меҳнат жамоаларида қонунчиликни мунтазам равишда тарғиб қилиш, ҳуқуқий маслаҳатлар бериш ва бу орқали жамиятда ҳуқуқий онг ва маданиятни ошириш жараёнида давлат органи ва ташкилоти фаолиятини ҳуқуқий таъминлаш мақсадида ташкил қилинадиган юридик хизматнинг аҳамияти беқиёсдир.
Кун сайин жамият билан бирга турли кўринишдаги ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш зарур бўлган ижтимоий муносабатларнинг ривожланиб бориши, давлат ҳокимияти ва бошқарувида юридик хизматнинг ўрни ва аҳамиятини тобора ортишини, бу эса ўз навбатида юридик хизмат соҳасини такомиллаштириш заруратини тақозо этади.
Айнан шу мақсадда, жорий йилнинг 19 май куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5997-сонли Фармони қабул қилиниб, унинг ижроси юзасидан жорий йил 17 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат органлари ва ташкилотларига юридик хизмат кўрсатиш марказлари фаолиятини эксперимент тариқасида ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 561-сонли қарори қабул қилинди.
Қарорга билан давлат органлари ва ташкилотларига сифатли юридик хизмат кўрсатилишини таъминлаш мақсадида Наманган шаҳри, Қарши ва Марҳамат туманларида эксперимент тариқасида туман (шаҳар) адлия бўлимлари ҳузурида давлат органлари ва ташкилотларига юридик хизматлар кўрсатиш марказларини ташкил этиш белгиланди.
Мазкур марказлар бюджетдан молиялаштириладиган туман (шаҳар) давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизматларидаги мавжуд штат бирликларини қисқартириш ҳисобига ташкил этилиб, тегишли ташкилотда қонун ҳужжатлари билан юридик хизматларга юкланган вазифа ва функцияларни амалга оширади.
Хусусан, Наманган шаҳридаги 9 та давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизматлари штатларини қисқартириш ҳисобига, 5 та штат бирлигидан (бошлиқ ва етакчи юрисконсульт лавозимлари) иборат бўлган Наманган шаҳар адлия бўлими ҳузуридаги давлат органлари ва ташкилотларига юридик хизмат кўрсатиш маркази ташкил этилмоқда.
Бунда энг аввало, давлат органи ва ташкилоти буйруқлари, фармойишлари, шартномалари, юридик тусдаги бошқа ҳужжатлари лойиҳаларини уларнинг қонунчиликка мувофиқлиги юзасидан экспертизадан ўтказиш, фаолиятни такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлаш, ходимларнинг ҳуқуқий маданияти ва ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, давлат органлари ва ташкилотларининг мулкий ва бошқа манфаатларини ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш ҳамда уларда ўтказиладиган текширувларда иштирок этиш марказнинг асосий вазифаларидан ҳисобланади.
Энг муҳими, марказ ҳамда давлат органлари ва тишкилотлари ўртасида ўзаро ишни ташкил қилиш ягона электрон тизим орқали амалга оширилади.
Яна бир муҳим жиҳати шундаки, марказ туман (шаҳар) адлия бўлимларининг таркибий бўлинмаси сифатида фаолият юритиб, бевосита тегишли вилоят адлия бошқармасига бўйсунади.
Алоҳида таъкидлаш керакки, жорий этилаётган бундай янги тартиб юридик хизмат ходимларининг ўзи хизмат кўрсатаётган давлат органи ва ташкилотининг раҳбариятига бўйсунув ва қарамликдан холис қилиб, қонун доирасида эркин фаолият юритишига мустаҳкам замин яратиб, қонун бузилишлари, уларнинг сабаблари ва шарт-шароитларини бартараф этиш юзасидан чора-тадбирларни амалга оширувчи мустаҳкам тизимга айланишига хизмат қилади.
Зеро, юридик хизмат ўз ўрни ва мавқеига эга бўлган ташкилотда, албатта, барча ишлар қонун талаблари асосида олиб борилади ва қонунийлик мустаҳкамланади.


ОРИФЖОН ИБРАҲИМОВ,
Наманган вилоят адлия бошқармаси масъул ходими.