Bog'lanish

Telefon
(+998 69) 227-06-62

Elektorn manzil
namangan@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

06

Низоларни ҳал этиш имконияти кенгаймоқда.




Низо ҳар қандай вақтда ва шароитда инсон ҳаёти ва яшаш тарзи билан боғлиқ ажралмас муносабатдир. Бизнинг юртимизда низоларни судгача ҳал этишнинг турли институтлари мавжуд бўлиб, амалиётда қўлланилиб келинмоқда. Низоларни судгача кўриб чиқишнинг ягона тизимини яратиш, медиация, ҳакамлик судлари ҳамда халқаро арбитражларни фуқаролар ҳамда тадбиркорларнинг ишончига сазовор бўладиган низоларни ҳал этувчи самарали муқобил институтларга айлантиришни даврнинг ўзи тақозо этмоқда.
Шу ўринда айтиш ўринлики, жорий йилнинг 17 июнида қабул қилинган Ўзбекистон Ресубликаси Президентининг “Низоларни муқобил ҳал этишнинг механизмларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори ҳуқуқий ислоҳотлар самарадорлигини оширишга хизмат қилиши билан аҳамиятли бўлиб, қарорда жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш, низоларни ҳал қилишнинг муқобил имкониятларини кенгайтириш, шунингдек судларда иш ҳажмини мақбуллаштиришда медиация институти, ҳакамлик судлари ва халқаро арбитражларнинг ролини тубдан ошириш назарда тутилган.
Илғор ҳорижий давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб, жисмоний ва юридик шахслар ҳамда давлат органлари ўртасидаги низоларни судгача ҳал этишнинг “Апелляция кенгашлари” ташкил этилиши юқоридаги қарор билан белгиланаётгани ҳамда бундай кенгашлар 2020 йил 1 августдан бошлаб, эксперимент тариқасида, Давлат божхона қўмитаси, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ҳамда Наманган, Бухоро ва Тошкент вилоятлари ҳокимликлари ҳузурида фаолият юритиши назарда тутилаётганлиги бу борадаги илк фаолиятни синовдан ўтказиш имкониятини бермоқда.
Қарорнинг муҳим жиҳати шундаки, жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат органлари ёки мансабдор шахсларнинг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари (қарорлари) ёхуд ҳаракатсизлиги натижасида ўз ҳуқуқлари ва эркинликлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатлари бузилганлиги ҳақидаги мурожаатлари бундай ишлар юзасидан тўғридан-тўғри ваколатли давлат органларига мурожаат қилиш ҳуқуқини истисно қилмаган ҳолда Апелляция кенгаши томонидан кўриб чиқилиш тартиби йўлга қўйилмоқда.
Апелляция кенгаши жисмоний ва юридик шахслар ҳамда давлат органи ўртасида юзага келадиган низоларни судгача кўриб чиқиб, кўриб чиқилаётган масалалар юзасидан тавсиявий тусга эга бўлган хулоса қабул қилади. Ушбу хулоса уч кун муддатда давлат органи раҳбарига кўриб чиқиш учун, бошқа манфаатдор тарафларга маълумот учун юборилади.
Шу билан бирга, Апелляция кенгаши мурожаатни кўриб чиқишда қонун ҳужжатида турлича талқин этилиши мумкин бўлган нормалар аниқланган, амалиётда нотўғри ёки зиддиятли тарзда қўлланилган тақдирда, уларни белгиланган тартибда расмий шарҳлашни ташкиллаштириш бўйича чораларни кўради. Шунингдек, қонун ҳужжатларидаги бўшлиқлар аниқланган тақдирда, уларни бартараф этиш бўйича тегишли давлат органларига таклифлар киритади.
Бундан ташқари, қарор билан апелляция кенгаши 7 нафардан 11 нафаргача аъзолардан иборат таркибда, икки ярим йил муддатга, тегишли давлат органи раҳбарининг қарори билан тасдиқланиши, кенгаш аъзолигига амалий тажриба ва обрў-эътиборга эга давлат органининг марказий аппарати таркибий бўлинмалари раҳбарлари ва ходимлари, шунингдек, соҳада катта амалий тажриба ёки илмий салоҳиятга эга бўлган фуқаролар қабул қилиниши белгилаб ўтилди.
Таъкидлаш жоизки, мазкур қарорнинг қабул қилиниши, шубҳасиз, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, низоларни судгача ҳал этишнинг янги самарали муханизмлари яратилишига замин яратади. Ўз ўрнида, Апелляция кенгашларини эксперимент тариқасида ташкил этишда Наманган вилояти ҳам танлаб олинганлиги бу борада ишларни ташкил қилишда алоҳида масъулиятни талаб этади.


ОРИФЖОН ИБРАҲИМОВ,
Наманган вилоят адлия бошқармаси
масъул ходими