Bog'lanish

Telefon
(+998 69) 227-06-62

Elektorn manzil
namangan@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

23

Мурожаатларга муносабат.


Таҳлиллар, аниқ кўрсаткичлар ҳар бир идоранинг юзи ҳисобланади аслида. Бироқ, мақсадимиз кўрсаткичлар ортидан қувиш эмас, фуқароларга қонуний йўл кўрсатиш ва уларнинг манфаатини ҳимоя қилиш ҳисобланади.

Жорий йилнинг 6 ойи давомида Наманган вилоят адлия бошқармаси ва туман (шаҳар) адлия бўлимлари иш юритувига жами 1932 та мурожаат келиб тушган бўлиб, ушбу мурожаатларнинг 833 таси ёки 43 % ариза, 1099 таси ёки 57 % шикоятларни ташкил этади.

Мурожаатларнинг асосий қисми, яъни 530 таси меҳнат низолари, 236 таси ижтимоий ҳимоя, 156 таси қонун ҳужжатларига тушунтириш бериш, 63 таси нотариат, 49 таси ер, 28 таси уй-жой, 28 таси банк фаолияти, 26 таси таълим масалалар юзасидан ҳамда 816 таси бошқа масалаларга оид мурожаатларни ташкил этади.

Ҳудудлар кесимидаги таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, Поп туманидан 303 та, Уйчи туманидан 259 та, Наманган шаҳридан 219 та, Чуст туманидан 200 та, Наманган туманидан 146 та, Чортоқ туманидан 129 та, Косонсой туманидан 128 та, Тўрақўрғон туманидан 120 та, Учқўрғон туманидан 111 та, Янгиқўрғон туманидан 110 та, Норин туманидан 106 та, Мингбулоқ туманидан 101 та мурожаатлар келиб тушган.

Келиб тушган мурожаатларнинг 1354 таси (70 %) қаноатлантирилган бўлиб, фуқароларнинг ҳуқуқи ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатини ҳимоя қилиниши таъминланди.
Эътиборингизни Уйчи туманида яшовчи фуқаро Қ.Норматовнинг мурожаатига қаратмоқчимиз. Аниқланишича, вилоят Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси Наманган вилоят бошқармаси томонидан фуқарога асоссиз равишда 4 460 000 сўм жарима қўлланилган.

Хусусан, ўрганиш жараёнида Республика махсус комиссиясининг қарорига кўра, 2020 йил 30 март соат 06:00 дан 20 апрель соат 00:01 га қадар вилоятлараро, Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида автотранспорт воситалари ҳаракатланиши чекланган бўлиб, Қ.Норматов ўзига тегишли бўлган ВАЗ 2106 русумли автомашинасида вилоят марказида эмас балки, Уйчи туман марказида ҳаракатланганлиги учун унга нисабатан Республика махсус комиссиясининг қарорига зид равишда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома расмийлаштирилганлиги ва маъмурий жарима қўлланилганлиги аниқланди.

Ўрганиш якуни бўйича адлия бошқармаси томонидан Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси Наманган вилоят бошқармасига тақдимнома киритилиб, фуқаро Қ.Норматовга нисбатан расмийлаштирилган Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси Наманган вилоят бошқармасининг 2020 йил 13 апрелдаги маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юзасидан чиқарилган қарорни бекор қилиниши таъминланди.

Қуйидаги мурожаат ҳам шу туманга тегишли бўлиб, туманда истиқомат қилувчи беш нафар фуқароларнинг мурожаатларини ўрганиш жараёнида, мазкур беш нафар фуқарога 14 ёшгача бўлган фарзанди парвариши учун 2019 йил октябрь ойида 6 ой муддатга нафақа пули тўлаш тайинланганлиги ва бу муддат 2020 йилнинг апрель ойида тугаганлиги сабабли нафақа пули тўлаш тўхтатиб қўйилган ва фуқароларга нафақа пули олиш учун белгиланган тартибда қайтадан мурожаат қилиш тушунтирилганлиги аниқланди.

Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 3 апрелдаги “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5978-сонли Фармонининг 2-бандида жорий йилнинг март – июнь ойларида тўлаш муддати тугайдиган болалари бўлган оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдамлар тўлаш уларни тўлашни янги муддатда давом эттириш тўғрисидаги ариза ҳамда бошқа ҳужжатларни талаб қилмаган ҳолда 6 ой муддатга (бироқ бола тегишлича 2 ёшга ва 14 ёшга тўлгунидан кўп бўлмаган муддатда) танаффуссиз давом эттирилиши ва ижтимоий нафақалар ҳамда моддий ёрдам тўлашни узайтириш билан боғлиқ харажатлар инқирозга қарши курашиш жамғармаси ҳисобидан қопланиши белгиланган.

Шунга кўра, адлия бўлими томонидан тегишли масъул ташкилотга тақдимнома киритилиб, мазкур беш нафар фуқарога бола парвариши учун нафақа тўлаш муддати кейинги 6 ой муддатга танаффуссиз узайтирилиши, май ойи учун тўланмаган нафақа пуллари ҳам июнь ойи учун тўланадиган нафақа пулига қўшиб тўлаб берилиши таъминланди.

Хулоса ўрнида таъкидлаш мумкинки, ҳар қандай мурожаат ортида инсон манфаати ва тақдири турганлигини ҳис этган ҳолда адлия органлари ўз фаолиятини олиб боришни таъминлайди. Зеро, ҳар бир давлат хизматчиси ўз кундалик тартиби ва режасини энг аввало халқни рози қилиш ва унинг қонуний ҳимоясига сафарбар этиши бунгуннинг муҳим шартидир.


Анваржон Турсунов.
Наманган вилоят адлия бошқармаси бошлиғи ўринбосари