Bog'lanish

Telefon
(+998 69) 227-06-62

Elektorn manzil
namangan@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

03

НИЗОЛАРНИ ҲАЛ ЭТИШ ИМКОНИЯТИ КЕНГАЙМОҚДА.




Низо ҳар қандай вақтда ва шароитда инсон ҳаёти ва яшаш тарзи билан боғлиқ ажралмас қонундир. Бизнинг юртимизда низоларни судгача ҳал этишнинг турли институтларидан фойдаланишнинг ҳуқуқий механизмлари мавжуд бўлиб, амалиётда қўлланилиб келинмоқда. Низоларни судгача кўриб чиқишнинг ягона тизимини яратиш, медиация, ҳакамлик судлари ҳамда халқаро арбитражларни фуқаролар ҳамда тадбиркорларнинг ишончига сазовор бўладиган низоларни ҳал этувчи самарали муқобил институтларга айлантиришни даврнинг ўзи тақозо этмоқда.
Шу ўринда айтиш ўринлики “Низоларни муқобил ҳал этишнинг механизмларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор ҳуқуқий ислоҳотлар самарадорлигини оширишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. Қарор билан жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш, низоларни ҳал қилишнинг муқобил имкониятларини кенгайтириш, шунингдек судларда иш ҳажмини мақбуллаштиришда медиация институти, ҳакамлик судлари ва халқаро арбитражларнинг ролини тубдан ошириш назарда тутилган.
Хорижий тажрибада ижтимоий ва ҳуқуқий низоларни судгача ва суддан ташқари бўлган тартибда воситачилик усуллари орқали ҳал қилишни англатувчи “ҳуқуқий низоларни альтернатив ҳал қилиш” термини кенг қўлланилади. Ушбу усулларнинг мажмуи “ҳуқуқий низоларни альтернатив ҳал қилиш шакли, ёки Alternative Dispute Resolution (ADR)”, Россия Федерацияси ва Украинада эса –“низоларни альтернатив ҳал қилиш (НАҲҚ)” деб аталади.
Ҳорижий тажрибадан келиб чиқиб, жисмоний ва юридик шахслар ҳамда давлат органлари ўртасидаги низоларни судгача ҳал этишнинг апелляция кенгашлари ташкил этилиши юқоридаги қарорда белгиланаётгани ва 2020 йил 1 августдан бошлаб, эксперимент тариқасида, Давлат божхона қўмитаси, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ҳамда Наманган, Бухоро ва Тошкент вилоятлари ҳокимликлари ҳузурида фаолият юритиши назарда тутилаётгани бу соҳадаги илк фаолиятни синовдан ўтказишга ҳизмат қилади.
Қарорнинг муҳим жиҳати шундаки Жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат органлари ёки мансабдор шахсларнинг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари (қарорлари) ёхуд ҳаракатсизлиги натижасида ўз ҳуқуқлари ва эркинликлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатлари бузилганлиги ҳақидаги мурожаатлари Апелляция кенгаши томонидан кўриб чиқилиш тартиби йўлга қўйилмоқда.
Таъкидлаш жоиз, мазкур тартиб жисмоний ва юридик шахсларнинг бундай ишлар юзасидан тўғридан-тўғри бошқа ваколатли давлат органларига мурожаат қилиш ҳуқуқини истисно этмайди.
Апелляция кенгаши жисмоний ва юридик шахслар ҳамда давлат органи ўртасида юзага келадиган низоларни судгача кўриб чиқиш ва хулоса қабул қилиш орқали уларни ҳал этиш чораларини кўришни таъминлайди. Шу билан бирга, мурожаатни кўриб чиқишда қонун ҳужжатида турлича талқин этилиши мумкин бўлган нормалар аниқланган, у амалиётда нотўғри ёки зиддиятли тарзда қўлланилган тақдирда, уларни белгиланган тартибда расмий шарҳлашни ташкиллаштириш бўйича чораларни кўради.
Табийки, мурожаатни кўриб чиқишда Апелляция кенгаши томонидан қонун ҳужжатларидаги бўшлиқлар аниқланиши мумкин. Уларни бартараф этиш бўйича тегишли давлат органларига таклифлар киритади. Апелляция кенгашининг ваколат муддати белгиланган бўлиб, икки ярим йил муддатга, 7 нафардан 11 нафаргача аъзолардан иборат таркибда тегишли давлат органи раҳбарининг қарори билан тасдиқланади.
Апелляция кенгашининг хулосасини қабул қилиб олган давлат органи раҳбари ёки унинг ўринбосари уни инобатга олиши ёки ёзма асослантирилган тарзда рад этиши мумкин. Бунда давлат органи раҳбари ёки унинг ўринбосари қабул қилинган қарор тўғрисида уч кун муддатда Апелляция кенгаши ва тарафларни ёзма ёки электрон тарзда хабардор қилади.
Апелляция кенгаши ташкил этилаётган давлат органларининг бу борадаги фаолиятини доимий равишда мониторинг қилиб бориш ҳамда тизимнинг самарали ишлашини таъминлаш мақсадида уларга амалий ва услубий жиҳатдан кўмаклашиш Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига юклатилиб, эксперимент натижаларини кенг қамровли таҳлил қилган ҳолда, уни кейинчалик бошқа давлат органларида ҳам жорий этиш юзасидан асослантирилган таклифлар киритади.
Мазкур қарор билан низоларни муқобил усулда ҳал этиш билан шуғулланувчи профессионал медиаторларнинг ўзаро бирлашувига асосланган Медиация маркази ҳамда профессионал медиаторлар, ҳакамлик судлари ва халқаро арбитражларнинг ўзаро бирлашувига асосланган Низоларни муқобил усулда ҳал этиш маркази нодавлат нотижорат ташкилоти сифатида ташкил этилиши ва фаолият юритиши белгиланмоқда.


Наима Ядигарова,
Наманган вилоят адлия бошқармаси бўлим бошлиғи.