Bog'lanish

Telefon
(+998 69) 227-06-62

Elektorn manzil
namangan@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

05

“Суюнчи пули” олиш тартибидан хабардормисиз?


“Суюнчи пули” олиш тартибидан хабардормисиз?

Кундалик ҳаётимизда аҳоли орасида сўз юритиладиган “Суюнчи пули” тушунчаси қонунчиликда “Бола туғилганда бериладиган бир марталик нафақа” деб юритилади.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 287-моддасида бола туғилганда бир йўла бериладиган нафақа тўланиши, ҳар бир туғилган бола учун бериладиган нафақанинг миқдори ва уни тўлаш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгилаб қўйилиши баён этилган.

Шунингдек, 2002 йил 1 апрелда тасдиқланган “Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги Низомда белгиланишича, бола туғилганда бериладиган бир марталик нафақа Ўзбекистон Республикаси ҳудудида белгиланган энг базавий ҳсиоблаш миқдорининг икки баравари миқдорида берилади.

Низомга кўра, ишлаётган аёлларга, ҳамда ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда олий, ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассасаларида, магистратура, аспирантура, клиник ординатура, докторантурада таҳсил олаётган аёлларга бола туғилганда бериладиган бир марталик нафақа тегишлича иш ёки ўқиш жойидан тўланади. Боланинг онаси ишламайдиган ва ўқимайдиган ҳолларда нафақа боланинг ишлайдиган ёки ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда ўқийдиган отаси ёки ота-она ўрнини босувчи шахсларга тўланади. Ишламайдиган ва ўқимайдиган ота-оналарга бола туғилганда нафақа ижтимоий таъминот бўлимлари томонидан тайинланади ва тўланади. Фарзандликка олинган болаларга бола туғилганда бериладиган бир марталик нафақа умумий асосларда берилади.

Бундан ташқари, агар аёл ҳомиладорлик бўйича таътил даврида ишдан бўшаб, шу давр мобайнида ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақа олган бўлса, бир марталик нафақа умумий асосларда берилади. Бола ўлик туғилган ҳолларда эса нафақа тўланмайди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йилнинг 23 майдаги 327-сон қарори билан "Фарзанд туғилганда бериладиган бир марталик нафақани тайинлаш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг Маъмурий регламенти" тасдиқланди. Мазкур регламентга кўра, ариза берувчи бола туғилган кундан бошлаб 6 ой муддат ичида мазкур нафақани тайинлаши учун давлат хизматлари марказига (ДХМ) борган ҳолда ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали мурожаат этади.Мурожаат этувчи тегишли сўровномани тўлдиради ва сўровнома бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига юборилади. Пенсия жамғармаси томонидан сўровнома олинганидан сўнг 5 дақиқа мобайнида нафақа пули тайинланади ёки рад этилади ҳамда бу ҳақидаги маълумот тегишли давлат хизматлари марказига ёки ЯИДХП га электрон тарзда юборилади. Нафақа тайинлаш рад этилганда унинг сабаблари кўрсатилади. Нафақа тайинланган тақдирда нафақани қачон ва қаердан олиш тўғрисида маълумот, нафақа тайинлаш рад этилганда рад этиш сабаблари кўрсатилган маълумот тегишли ДХМга ёки ЯИДХПга электрон тарзда юборилади. Давлат хизмати кўрсатилгани учун йиғим ундирилмайди.

 

Орифжон Ибраҳимов,
Наманган вилоят адлия бошқармаси етакчи маслаҳатчиси.