Bog'lanish

Telefon
(+998 69) 227-06-62

Elektorn manzil
namangan@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

01

Болаларга беринг дунёни


Болаларга беринг дунёни.

Бутун дунё бўйлаб, 1 июнь куни “Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни” сифатида нишонлаб келинади.Ушбу байрам кўпчилик давлатларда “Халқаро болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш куни” сифатида ҳам эътироф этилади. Шунингдек, болалар кунида турли-туман қувноқ ва маданий оммавий тадбирлар ташкил қилинади.
Барчамизга маълумки, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, орзу-умидларини рўёбга чиқариш масалалари умуммиллий қадриятларимизнинг асосини ташкил этади. Зеро, халқимиз мустаҳкам оила барпо этиш, ўғил-қизларини ҳар томонлама етук қилиб тарбиялаш, уларнинг бахтидан қувонишдек эзгу фазилатларга суянади.
Халқимизда “Болали уй бозор, боласиз уй мозор” деган нақл бор. Дарҳақиқат ўэбек халқи болажон халқ. Азал-азалдан болаларга эътибор биринчи галдаги вазифа сифатида қаралади. Ота-онанинг фарзанд тарбиясига эътиборли бўлиши, масъулияти юқори ўринларга қўйилади.
Фуқаролар хоҳиш-иродасини ўзида акс эттирган Конституциямизда ҳам болалар ҳуқуқларига алоҳида урғу берилган. Унда ҳар бир боланинг жинсидан, ирқидан, миллатидан, тилидан, диний қарашлари ва эътиқодларидан, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, қонун олдида тенглиги, шахсий ҳуқуқ ва эркинликлари, ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқлари кафолатланган.
Конституциямизнинг 64- моддасида ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбур эканлиги белгиланган. Давлат эса етим болаларни ва ота-оналарининг васийлигидан маҳрум бўлган болаларни боқиш, тарбиялаш ва ўқитиш ишларини ўз зиммасига олган. Бундай конституциявий нормалар мамлакатимизда ҳеч бир бола эътибор, меҳру муҳаббатдан четда қолмаганининг ёрқин намоёнидир.
Соҳага доир қатор халқаро ҳужжатлар қабул қилиниши, тегишли қонунчилик ҳужжатларининг кучга кириши асосида мазкур ҳуқуқий тамойиллар янада такомиллаштирилди. Чунончи, истиқлол йилларида болалар ҳуқуқлари ва манфаатларига тааллуқли барча халқаро шартномалар ратификация қилинди. 2008 йилда “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонун кучга кирди. Унда болаларнинг ҳуқуқий манфаатларини таъминлаш ва ҳимоя қилишда ота-оналар, маҳалла, таълим муассасалари, давлат органлари ва кенг жамоатчиликнинг вазифалари, умуман, бу борада давлат сиёсатининг асосий йўналишлари кўрсатиб ўтилди.
Ўзбекистон Республикасининг “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги Қонуннинг 19-моддасида вояга етмаганлар учун алоҳида ҳуқуқлар назарда тутилган. Улар белгиланган тартибда диспансер назоратида бўлиш ҳамда болалар ва ўсмирларнинг даволаш-профилактика муассасаларида даволаниш, санитария-гигиена таълими олиш, ўқиш ҳамда ўзларининг физиологик хусусиятлари ва соғлиғига мос шароитларда меҳнат қилиш, соғлиқлари тўғрисида ўзлари учун қулай тарзда зарур ахборот олиш каби ҳуқуқларга эгадир. Шунингдек, “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги Қонуннинг
23-моддасида 16 ёшга тўлмаган болалар, шунингдек, ногирон ва етим болаларга спорт ҳамда соғломлаштириш хизматлари бепул кўрсатилиши белгилаб қўйилган.
Бундан ташқари, Жиноят кодекси, Меҳнат кодекси, “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”ги Қонун ҳамда бошқа қонун ҳужжатларида болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи кўплаб нормалар мавжуд бўлиб, унда болаларга нисбатан содир этиладиган ҳар қандай жиноят учун жазолар кучайтирилиши билан бирга ота-оналар ёки бошқа шахсларнинг ўз тарбиясидаги вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини бузишлари, уларни тарбиялашдан бўйин товлашлари, вояга етмаганлар билан уларнинг соғлиғига зарар етказадиган даражада шафқатсиз муносабатда бўлишлари учун ҳам қонун ҳужжатларида тегишли жавобгарликлар кўрсатиб ўтилган.
Болаларни ҳимоя қилиш куни байрамининг мақсади кенг жамоатчилик диққатини муаммоли болаларга, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга, ҳимояланган дунёда яшаш имкониятларига, бахтли болаликка эга бўлишларига ва ўз мамлакатининг тўла-тўкис ва хотиржам фуқароси бўлиб ўсишларига қаратишдир.
Ёшларнинг онгида маънавий бўшлиқ қолдирмаслик мақсадида юртимизда бир қанча ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан ташкил этилаётган китобхонлик кўргазмалари, турли тасвирий санъат ва спорт мусобақалари барчада катта таъссурот қолдирмоқда. “Болаларга беринг дунёни”шиори остида юртимизда ўтказиб келинаётган тадбирлардан кўзланган мақсад ҳам фарзандларимизни баркамол, соғлом ва комил инсон бўлиб етишишларини таъминлашдан иборатдир.


Нодирбек Рахимов,
Мингбулоқ туман адлия бўлими бош маслаҳатчиси.