Bog'lanish

Telefon
(+998 69) 227-06-62

Elektorn manzil
namangan@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

26

ТОВАР БЕЛГИСИ – ТАДБИРКОРНИНГ ИМИДЖИ



 ТОВАР БЕЛГИСИ – ТАДБИРКОРНИНГ ИМИДЖИ

     Тадбиркорликнинг жадал ривожланиб бориши, тадбиркорлар сонининг кундан кунга ўсиб бориши, албатта, рақобат муҳитини ҳосил қилиб истеъмолчиларга энг сифатли махсулотлар ва хизматлар тақдим этилишини таъминлайди. Аммо, истеъмол бозорида тадбиркорлар сонининг кўпайиши, улар кўрсатаётган хизматлар ва ишлаб чиқараётган маҳсулотларнинг турли туманлиги баъзида истеъмолчиларни танлов жараёнида ўйлантириб қўйиши табиий. Бундай вазиятларда истеъмолчи ҳам, тадбиркор ҳам зарур бир воситага эҳтиёж сезади. Бу истеъмолчи учун сифатли махсулот ва хизматларни бошқа сифатсизларидан ажратиш, тадбиркор учун эса бошқа рақобатчилар ичида ўз маҳсулот ва хизматларини ажратиб кўрсатиш ва истеъмолчилар эътиборини доимий ўзига қаратишдир.
    Товар белгиси айнан шу масалада бозор муносабатларининг иккала иштирокчиси учун ҳам фойдалидир. У махсулот ва хизматларни айнан бир тадбиркорга тегишлилигини кўрсатиб туради ва истеъмолчиларга танлов жараёнида адашмаслик учун имкон яратади.
     Қонунчилигимизда товар белгисига қуйидагича таъриф берилган: “Товар белгиси ва хизмат кўрсатиш белгиси (товар белгиси) бу бир юридик ва жисмоний шахслар товарлари ва хизматларини (товарлар) бошқа юридик ва жисмоний шахсларнинг шу турдаги товарларидан фарқлаш учун хизмат қиладиган, белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган белгилардир”. Содда тилда айтадиган бўлсак, истеъмолчилар маҳсулот ишлаб чиқарувчи ва хизмат кўрсатувчиларни уларнинг товар белгиси орқали таниб олади. Сифатли маҳсулот ишлаб чиқарувчи, сифатли хизмат кўрсатувчиларнинг товар белгилари истеъмолчилар орасида ўзгача мавқега, ишончга эга бўлиб, мазкур товар белгилари остидаги маҳсулот ва хизматлар ортиқча рекламага эҳтиёж сезмайди ва бозорда доимий талабга эга бўлади. Шунинг учун ҳам, товар белгиси бу товар ва хизматлар эгасининг имиджини, мавқеини белгилайди десак муболаға бўлмайди. Аммо шуни билиш лозимки, товар белгисини рўйхатдан ўтказмасдан ҳам тадбиркорлик фаолиятини олиб бориш мумкин.
     Ўз товар белгисига эга бўлиш тадбиркор учун ўз маҳсулот ва хизматларини бошқа инсофсиз рақобатчиларнинг соҳта контрафакт товар ва хизматларидан фарқлаш ва ўз харидорларини йўқотмаслик учун зарурдир.
Ўзбекистон Республикасининг “Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида”ги қонунининг 4-моддасида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган товар белгилари қонун билан муҳофаза қилиниши белгилаб қўйилган.Шундай экан, ҳар бир маҳсулот ишлаб чиқарувчи ва хизматлар кўрсатувчига ўз товар белгисига эга бўлиш фойдадан ҳоли бўлмайди.


Нодирбек Хасанов,
Уйчи туман адлия бўлими етакчи маслаҳатчиси.