Bog'lanish

Telefon
(+998 69) 227-06-62

Elektorn manzil
namangan@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

19

Коррупция билан курашда самарали чоралар


 “Ҳирс ва таъма инсонни кўр ва кар қилади”

Жалолиддин Румий

Аллома Румий айтган ушбу сўзлар замирида ҳирс, таъма ва у билан тенг келадиган барча салбий иллатлар ўша давр одамлари учун эмас балки, замондан-замонга ўтиб, дунё ҳамжамиятининг асосий эътибор марказидаги муаммога айланганлигига гувоҳи бўляпмиз.

Шу ўринда, охирги 20 йил ичида дунё давлатларида жамият ривожига ғов бўлаётган коррупция хавфига қарши курашишни таъминлашга қаратилган қатор халқаро-ҳуқуқий ҳужжатларга тўхталсак. Хусусан,  Давлат мансабдор шахсларининг халқаро ахлоқий кодекси (Нью-Йорк, 1996 йил 12 декабрь), Коррупция бўйича жиноий жавобгарлик конвенцияси (Страсбург, 1999 йил 27 январь), Коррупция бўйича фуқаровий-ҳуқуқий жавобгарлик конвенцияси (Страсбург, 1999 йил 4 ноябрь) ва мазкур Конвенцияга қўшимча протокол (Страсбург, 2003 йил 15 май), Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Коррупцияга қарши конвенцияси (2003 йил
31 октябрь) ва бошқалар.

Халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлар ва миллий қонунчилик асосида, мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш соҳасида ташкилий-ҳуқуқий механизмлар яратилди.

Давлатимизда  коррупцияга қарши самарали кураш олиб бориш мақсадида 2017 йилда “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунининг қабул қилиниши – давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтларининг коррупцияга қарши куч ва имкониятларини бирлаштириб, яхлит тизимни яратиш имконини берди.

Шунингдек, 2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ўзининг туб моҳияти билан айнан коррупцияни таг-томири билан йўқ қилишга қаратилган тарихий ҳужжат бўлди. Унда барча соҳаларда коррупцияга барҳам бериш, унинг илдиз отишига шароит яратаётган сабабларни бартараф этишга қаратилган аниқ чора-тадбирлар баён қилинди.

Бундан ташқари, 2019 йилда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Мазкур Фармон билан 2019 – 2020 йилларда коррупцияга қарши курашиш бўйича иккинчи Давлат дастури тасдиқланиб, босқичма-босқич муҳим соҳаларга тадбиқ этилди.

Бироқ жамиятни салбий иллатлардан тозалаб, уларни одамлар онгидан осонлик билан суғириб ташлаб бўлмаслиги табиий. Бу ҳам илдизи мустаҳкам гиёҳни ер бағридан олишдаги қийинчилик сингаридир аслида.

Бу борада курашмоқ учун енгини астойдил шимарган давлатимиз томонидан кўрилаётган чоралар ва қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳаётимизнинг ҳар бир жабҳасига кириши мумкин, лекин унга амал қилиш одамларимизнинг ички ахлоқий-руҳий маслаги ва эътиқодига айланиши масаласи доимгидек долзарб бўлиб қолаётгандек. Бироқ кейинги йилларда аниқ ва муҳим ўзгаришларни тизимли тартибда жамиятимизга татбиқ этилаётгани фуқароларимизнинг коррупцияга нисбатан муросасизлик имунитетини ошириб бормоқда.

Қарангки, бу борада курашмоқни муҳим чораси сифатида юртимизда, энг аввало, ҳаётни енгиллаштириш ва одамлар учун давлат органлари ҳизмат қилиши кераклиги муҳим тамойил сифатида белгиланди. Ва бу халқчил тамойил асосида барча поғонадаги мансабдор ва масъулларнинг одамлар ичига кириб бориш, уларнинг муаммоларини уйма-уй юриб ҳал этиш тизимининг жорий этилгани коррупцияга қарши курашишда ўзининг самарасини бера бошлади.

— Охирги уч йилда давлат хизматчиларининг иш ҳақи ўртача қарийб 60 фоизга, айрим соҳаларда эса, бир неча баробарга оширилиб, давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимларининг одоб-ахлоқ намунавий қоидаларига асосан барча вазирлик ва идораларда одоб-ахлоқ меъёрлари тасдиқланди;

— давлат харидларининг мутлақо янги тизими йўлга қўйилиб, соҳада ошкоралик, шаффофликни таъминлаш, пировардида коррупциянинг олдини олиш мақсадида “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди;

— солиқ тизимини янада такомиллаштириш, иқтисодиётда хуфиёна айланмани қисқартириш мақсадида эса янги таҳрирдаги Солиқ кодекси амалга киритилди. Унга мувофиқ, солиқ турлари 13 тадан 9 тага камайтирилди;

— маъмурий ва бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, рўйхатга олиш, рухсат этиш ва лицензияга доир тартиб-таомилларни соддалаштириш ҳамда уларнинг тезкорлигини ошириш мақсадида барча ҳудудларда давлат хизматлари марказлари очилди;

— давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида 2019 йил 9 декабрда Президентимизнинг “Бюрократик тўсиқларни янада қисқартириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига замонавий бошқарув тамойилларини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди.

Унга кўра, жорий йилдан бошлаб маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг 11 турдаги ваколати тегишли давлат бошқаруви органларининг ҳудудий бўлинмаларига ўтказилиб, шунингдек, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг 5 турдаги ваколати чиқариб ташланди.;

— жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш учун “Халқ қабулхонаси”, Президент портали ҳамда давлат органлари ва ташкилотларининг “ишонч телефон”лари жорий қилинди;

— Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар, туман ва шаҳар Кенгашлари таркибида коррупцияга қарши курашиш бўйича доимий комиссиялар ташкил этилди;

— Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари томонидан “Коррупцияга қарши курашиш соҳасида парламент назорати самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” қўшма қарор қабул қилинди;

— норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва улар лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизадан ўтказишнинг ҳуқуқий асослари такомиллаштирилди;

— энг муҳими, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупция омилларини келтириб чиқараётган тизимли муаммоларни бартараф қилишга қаратилган 30 га яқин қонун, 100 га яқин Президент ва Ҳукумат қарорлари қабул қилинди.

Юқорида айрим муҳим чора-тадбирларга тўхталиб ўтилди, аслида ушбу тизимли ишларни жадаллик билан давом эттиришда вазирлик ва идоралар ҳамда уларнинг қуйи бўғинларида амалий ҳаракатларни олиб боришга астойдил киришилган.

Бироқ ҳар қандай масалада давлатимиз учун энг яқин ёрдамчи одамларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятининг юксалигидир. Зеро, фуқароларнинг фаоллиги, ижтимоий ҳодисаларга бефарқ бўлмаслиги ҳамда ҳар бир давлат хизматчисининг ўз фаолиятини жамоатчилик назорати остида эканлигини чуқур ҳис этиб бориши бугунги кун қоидасининг муҳим шартидир.

Наима Ядигарова,
Наманган вилоят адлия бошқармаси бўлим бошлиғи