Bog'lanish

Telefon
(+998 69) 227-06-62

Elektorn manzil
namangan@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

09

ДЙҲХХ инспектори ҳайдовчилик гувоҳномангизни олиб қўйишга ҳақлими?


Ҳайдовчилар томонидан Йўл ҳаракати қоидалари бузилган барча ҳолларда ҳам ДЙҲХХ инспектори томонидан ҳайдовчилик гувоҳномаси олиб қўйилмайди.

Ўзбекистон Республикасининг “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги Кодексига (кейинги ўринларда МЖтК) мувофиқ фақатгина содир этилган маъмурий ҳуқуқбузарлик учун транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этиш тарзида маъмурий жазо қўлланилиши мумкин бўлса, бошқариш ҳуқуқини берувчи гувоҳнома олиб қўйилади. Бошқа ҳолларда ҳайдовчилик гувоҳномаси маъмурий баённома расмийлаштирилгандан сўнг ҳайдовчига қайтариб берилади.

Қуйидаги моддаларда назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий баённома расмийлаштирилгач ҳайдовчилик гувоҳномаси эгасига қайтариб берилади:

МЖтКнинг 123-моддаси бўйича

— Автотранспорт воситаларидан ахлат ёки бошқа нарсаларни ташлаб юбориш;

МЖтКнинг 125-моддаси бўйича

— Ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини бошқариш ва йўловчилар ташишда хавфсизлик камаридан фойдаланиш қоидаларига риоя этмаслиги, яъни хавфсизлик камарини тақмасдан ҳаракатланиш,

— Ҳайдовчиларнинг белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилмаган ёки мажбурий техник кўрикдан ўтказилмаган ёхуд фойдаланиш ман этиладиган даражада носозлиги бўлган, шунингдек ишлаётганида ташқарига чиқараётган ифлослантирувчи моддаларнинг миқдори, шунингдек шовқин даражаси белгиланган нормалардан ортиқ бўлган транспорт воситаларини бошқариши,

— Автотранспортда ўт ўчиргич, тиббиёт қутичаси, авария ҳолатида тўхтаганлигини билдирувчи белги ва нур қайтаргичли камзул бўлмаса,

— Ҳайдовчиларнинг тормоз тизимида, руль бошқарувида ёки уловчи қурилмада носозлиги бўлган ёхуд тегишли рухсатномасиз қайта жиҳозланган транспорт воситаларини бошқариши,

— Фойдаланиш белгиланган тартибда ман этилган транспорт воситаларини, худди шунингдек давлат рақам белгиси ўзбошимчалик билан ечиб олинган транспорт воситаларини бошқариш,

— Давлат рақам белгиси ясама ёки ўзга усулларда ўзгартирилган транспорт воситаларини, худди шунингдек давлат рақам белгиси айни шу транспорт воситасига тегишли бўлмаган транспорт воситасини бошқариш;

МЖтКнинг 126-моддаси бўйича

— Техник регламентга мувофиқ бўлмаган кўзгусимон ва (ёки) туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойнали транспорт воситаларидан, худди шунингдек ҳайдовчининг ўрнидан теварак-атрофни кўришни чеклайдиган қўшимча нарсалар ўрнатилган ёки қопламалар суртилган транспорт воситаларидан фойдаланиш, бундан ойналар тусини ўзгартириш (қорайтириш) учун тегишли рухсатнома берилган транспорт воситалари мустасно;

МЖтКнинг 127-моддаси бўйича

— Товуш сигналини сабабсиз бериш, транспорт воситаларига уни ишлаб чиқарган корхона назарда тутмаган товуш чиқарувчи ва ёритувчи қурилмаларни ўрнатиш, худди шунингдек уларни ўзгартириб ўрнатиш,

— Тегишли рухсат олмай туриб транспорт воситаларига товуш чиқарувчи ва ёритувчи махсус қурилмаларни ўрнатиш, худди шунингдек давлат рақам белгиларини кўриш имкониятини чеклайдиган, уларни англашга тўсқинлик қиладиган турли ашёлар ўрнатиш ва қоплама суртиш;

МЖтКнинг 128-прим-«6»-моддаси бўйича

— Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидаларини бузиши;

МЖтКнинг 135-моддаси бўйича

— Транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатлари, транспорт воситасини рўйхатдан ўтказганлик тўғрисидаги, шунингдек транспорт воситасига эгалик қилиш, эгаси йўқлигида ундан фойдаланиш ёки уни тасарруф этиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлари ёнида бўлмаган ҳолда транспорт воситаларини бошқариш,

— Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полиси (ушбу Кодекс 135-прим-«1»-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳол бундан мустасно), қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда эса лицензия карточкаси ёки йўл варақаси, юридик шахсларнинг транспорт воситалари ҳайдовчиларининг, шу жумладан йўловчи ёки юк ташиш фаолиятини амалга оширувчи ҳайдовчиларнинг малака оширишдан ўтганлиги тўғрисидаги сертификати (транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини берувчи гувоҳномани алмаштириш ёки йўқолган гувоҳнома ўрнига бошқасини бериш ҳолларини истисно қилган ҳолда, гувоҳнома олинган пайтдан эътиборан икки йиллик давр бундан мустасно) ёнида бўлмаган ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини бошқариши, худди шунингдек ишончномаларни, транспорт воситаларини бошқа шахсга ўтказиш ва ижарага бериш шартномаларини рўйхатдан ўтказмасдан (ҳисобга қўймасдан) транспорт воситаларини бошқариш,

— Бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахсга транспорт воситаларини бошқаришнинг топширилиши;

МЖтКнинг 135-прим-«1»-моддаси бўйича

— Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полисларида назарда тутилмаган фойдаланиш даврида транспорт воситаларини бошқариш, худди шунингдек фақат мазкур суғурта полисларида кўрсатилган ҳайдовчилар айни шу транспорт воситаларини бошқариши тўғрисида мазкур суғурта полисларида назарда тутилган шартларни бузган ҳолда транспорт воситаларини бошқариш,

— Фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича қонунда белгиланган мажбуриятнинг транспорт воситалари эгалари томонидан бажарилмаслиги, худди шунингдек, агар бундай мажбурий суғурта қилинмаганлиги олдиндан аён бўлса, транспорт воситаларини бошқариш,

МЖтКнинг 147-моддаси бўйича

— Йўлларга, темир йўлдан ўтиш жойларига, йўл ҳаракатини тартибга солувчи бошқа иншоотлар ёки техник воситаларга шикаст етказиш, шунингдек йўл ҳаракатига қасддан, шу жумладан йўл қопламасини ифлослантириш йўли билан халал бериш,

Йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун МЖтКнинг бошқа моддаларига асосан баённома расмийлаштирилганда ҳайдовчилик гувоҳномаси маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўриб чиқилгунига қадар, шунингдек, маъмурий ҳуқуқбузарлик юзасидан чиқарилган қарор тўлиқ ижро этилгунига қадар олиб қўйилиши мумкин.

Уйчи туман адлия бўлими
масъул ходими
Нодирбек Хасанов.