Bog'lanish

Telefon
(+998 69) 227-06-62

Elektorn manzil
namangan@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

19

Уй тузишда ҳам, уй бузишда ҳам тартиб бор!


Халқимиз орасида “фалон кишининг ери “снос”га тушиб, “фалон тадбиркорнинг ери давлат ихтиёрига олиб қўйилибди” каби гап-сўлар оралайди. Хўш асли муаммо нимада? Муаммо фуқароларимиз ўз мулкий ҳуқуқларини тасарруф этишда оқсоқлик билан иш тутаётганларида, ернинг муқаддас бойлик эканлигини, у давлат муҳофазасида эканлигини тушуниб етмаётганликларида кўринади.
Айни вақтда мулк ҳуқуқининг дахлсизлиги ҳақида узоқ гапириш ёки қандайдир янгилик яратишнинг кераги йўқ. Шунчаки, фуқароларимизга “снос”нима эканлигини ва унинг ўзбошимчалик билан қурилган уй-жойлардан фарқи нимадалигини халқчил тилда тушунтиришни лозим топдик.
“Снос” деганда фуқаролар ва юридик шахсларга фақатгина қонуний тартибда тегишли бўлган ер участкаси ёки унинг бир қисми олиб қўйилиши ва олиб қўйилган ер участкаси ёки унинг бир қисми (яъни давлат ва жамоат эҳтиёжи учун олинган ер участкасининг бир қисми)га тенг миқдорда ер участкаси ва компенсация берилиши тушунилади.
Ер участкаси ёки унинг бир қисми фуқаролар ёки юридик шахсларга қонуний тартибда тегишли деганда, туман (шаҳар) ҳокимининг фуқарога ер ажратишни назарда тутувчи қарори мавжудлиги, уй-жой қуриш учун туман (агар шаҳар ҳудудида бўлса, шаҳар) қурилиш бўлими билан фуқарога ажратилган ер участкасида қурилиш ишларини олиб бориш юзасидан келишилган лойиҳанинг мавжудлиги, шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига мувофиқ қурилганлигини тушуниш лозим.
Бу борада ер участкасини олиб қўйиш Ҳукуматнинг 2019 йил
16 ноябридаги 911-сон қарори билан тасдиқланган низом асосида ҳамда унда кўрсатиб ўтилган асослар мавжуд бўлгандагина амалга оширилиши қатъий белгиланди.
Яъни, ер участкасини олиб қўйишга зарурат туғилганда биринчи навбатда ҳокимлик ёки инвестор ва мулкдорлар ўртасида ОАВ иштирокида очиқ муҳокама ўтказилади;
Иккинчидан, ҳокимлик ёки инвестор томонидан дастлабки ҳисоб-китоблар амалга оширилади, шунингдек, компенсация бериш учун етарли ресурслар мавжудлиги ўрганилади;
Учинчидан, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари Кенгашлари томонидан ер участкаси олиб қўйилишидаги фойда ва харажатлар ўрганиб чиқилади, ресурслар етарли бўлганида ҳамда фойда ва харажатлардан устун келган тақдирда ер участкасини олиб қўйиш тўғрисидаги қарор қабул қилинади. Ҳокимликлар ер участкаси олиб қўйиш тўғрисидаги қарор қабул қилишга ваколатли эмас;
Тўртинчидан, ҳокимлик ёки инвестор ва мулкдорлар ўртасида компенсация тури, миқдори ва бериш муддати келишилади ва ушбу келишув нотариал тартибдатасдиқланади.
Бешинчидан, келишилган компенсация берилмагунча кўчмас мулклар бузиб ташланишига йўл қўйилмайди.
Олтинчидан, олиб қўйилган ер участкасида жойлашган бинони бузиш ҳам адлия органларининг ижобий хулосасидан кейингина амалга оширилиши белгиланди.
Ўзбошимчалик билан қурилган турар-жой ва ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаси ўртасидаги фарқларга тўхталиб ўтамиз.
Қурилиш ишлари олиб борилиши мумкин бўлмаган ерларда, ҳокимнинг ер ажратиш тўғрисидаги қарори мавжуд бўлмаган ҳолда, қурилиш бўлими билан келишувга эришмасдан, қурилиш нормаларини бузган ҳолда қурилган бинолар ўзбошимчалик билан қурилган деб ҳисобланади.
Қонунчилигимизга мувофиқ, ўзбошимчалик билан иморат қурган шахс унга мулк ҳуқуқини ололмайди, уни сотишга, ҳадя этишга, ижарага беришга, иморатга нисбатан бошқа битимлар тузишга ҳақли эмас.
Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларни икки хил тушунишимиз мумкин:
Биринчидан, фойдаланилмаётган, аввал ҳоким томонидан ҳеч кимга фойдаланиш, эгалик қилиш учун ажратиб берилмаган ер участкасининг жисмоний ёки юридик шахс томонидан эгаллаб олиниши (бугунги кунда, аҳоли яшаш жойи ва экин майдонлари чегарасида истиқомат қилувчи фуқаролар томонидан экин майдонлари ҳисобланган ҳудудларни ўз ер участкасига қўшиб олиш ҳолатлари тез-тез кузатилмоқда);
Иккинчиси, ҳоким томонидан бошқа шахсларга ажратиб берилган ер участкаларининг ўзгалар томонидан эгаллаб олиши ер участкасининг ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниши ҳисобланади.
Бу каби ер участкаларга қурилган иморатларўз-ўзидан ўзбошимчалик билан қурилган иморатлар деб топилади ва бундай иморатлар 15 кун ичида иморатни қурган шахс томонидан ёки суднинг қарорига биноан иморатни қурган шахс ҳисобидан бузиб ташланиши лозим. Шунингдек, бузиш ишлари ёки бузилган иморат учун компенсация берилмайди.
Ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олганлик учун жисмоний шахслар ҳам юридик шахслар ҳам белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.
Жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга кўра, ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, фуқароларга 2 230 000 сўмдан 3 345 000 сўмгача , мансабдор шахсларга эса — 4 460 000 сўмдан 6 690 000 сўмгача миқдорда жарима солишга ёки 15 суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.
Шунингдек, ушбу ҳуқуқбузарликни маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланган.

Наманган вилоят адлия бошқармаси бошлиғи Х.Сабиров