Bog'lanish

Telefon
(+998 69) 227-06-62

Elektorn manzil
namangan@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

11

Адлия тизимида “коррупция” биринчи рақамли душман деб эълон қилинган.


Президентимизнинг ҳар бир чиқиши, хусусан, мамлакат ҳаёти учун стратегик аҳамият касб этувчи маъруза ва мурожаатлари нафақат халқимиз, балки бутун дунё ҳамжамияти томонидан катта қизиқиш ва хайрихоҳлик билан кутиб олинмоқда. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга мурожаатномаси ҳам бундан мустасно бўлмади.
Янги Ўзбекистоннинг янгиланган сиёсати ҳам айнан инсон қадр-қимматини олий даражага кўтариш, жамиятда адолат ва қонун устуворлигини сўзсиз таъминлаш каби юксак ғояларга таянмоқда. Бироқ, бу йўлдаги ислоҳотлар натижадорлигига салбий таъсир кўрсатаётган, тараққиётга тўсиқ бўлаётган бир қатор омиллар, иллатлар сақланиб қолмоқда. Ҳеч шубҳасиз, улардан бири ва энг хавфлиси коррупциядир.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш соҳасида муҳим ташкилий-ҳуқуқий ислоҳотлар амалга оширилаётганлигини алоҳида эътироф этиш зарур. Хусусан, ўтган 2019 йилда Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Мазкур фармон билан 2019-2020 йилларда коррупцияга қарши курашиш бўйича Давлат дастури тасдиқланди.
Бу йўналишда адлия идоралари ҳам ўз фаолияти доирасида сезиларли даражада ўзгаришлар қилди. Масалан, Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг “Очиқ адлия” (“Open Justice”) дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги буйруғи ҳамда мазкур буйруқ билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг “Очиқ адлия” (“Open Justice”) дастурини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар режаси”нинг ишлаб чиқилиши Адлия вазирлиги ва ҳудудий адлия идоралари томонидан коррупцияга қарши курашни самарали ва қулай механизми яратилишига хисса қўшди.
Мазкур “Очиқ адлия” дастури доирасида “Фуқаролар давлат органларига эмас, давлат органлари фуқароларга хизмат қилиши керак!” шиори остида ҳудудларда “Ҳуқуқий ахборот кунлари” ташкил этилди.
Фармон доирасида Адлия вазири томонидан коррупцияга қарши курашиш бўйича республика махсус гуруҳига ахборот бериш ҳамда коррупция ҳақида билган ёки эшитган фуқароларни рағбатлантириш масаласи жорий этилди.
Шу турдаги ҳуқуқбузарлик ҳолатлари ҳақидаги хабарлар ўз вақтида етказилишини ва дарҳол ушбу ҳолатларни аниқлаш, уларнинг оқибатларини, имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этилишини таъминлашга қўшимча имконият яратиш мақсадида телеграм ижтимоий тармоғида “@antikorbot” номли махсус бот яратилди.
Нотариат тизимида юзага келаётган коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш учун тўловларни (давлат божи, герб йиғими ва пуллик хизмат) электрон мобил иловалар (UPAY, Click, PAYME) орқали тўлаш, автоматик тарзда хизматлар учун нархларни шакллантириш тизими жорий этилди.
Шунингдек, 2019 йилнинг 1 июнь кунидан эътиборан давлат нотариал идоралари ходимлари томонидан коррупцияни олдини олиш мақсадида СМС информатор дастури ишга туширилди. Бундан ташқари, ходимлар билан индивидуал тарзда профилактик суҳбатлар ўтказиш, адлия бўлими ҳамда давлат нотариал идораларида рейд тадбирлари, “сирли мижоз” тадбирларини ташкил этишга эътибор қаратилди.
Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш лозимки, адлия идораларига иш фаолияти юзасидан ташриф буюрган фуқаролар ўзлари билан мобиль телефон ва видеокузатув аппаратлари билан кириш имконига эга бўлдилар. Бу ҳам очиқликнинг белгиси десак адашмаймиз.
Шу билан бир қаторда, ходимларни ишга қабул қилишда онлайн кузатув ва аттестациядан ўтказишда илк маротаба жамоатчилик назоратини назарда тутувчи мутлақо янги механизмлар жорий этилганлигини таъкидлаш ўринли. Жумладан, адлия органларида ходимларнинг аттестацияси жараёни вазирликнинг расмий веб-сайти minjust.uz орқали онлайн тарзда трансляция қилиниши йўлга қўйилди.
Ўз ўрнида айтиш лозимки, бу йўналишда амалга оширишимиз мумкин ва шарт бўлган вазифалар кўп. Зотан, 2019 йилда “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан ўтказилган сўровда иштирок этганларнинг 86,6 фоизи коррупцияга қарши курашиш сиёсатини қўллаб-қувватлашларини билдиришган. Демак, жамоатчилик коррупцияга қарши курашда давлат органларига кўмаклашишга тайёр.
Ўйлаймизки, рақамли технологияларни кенг жорий этиш орқали инсон омилини камайтириш коррупцияни йўқотишда ҳам катта самара беради.
Хулоса қилиб айтганда, Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси барча йўналишлар қатори коррупцияга буткул чек қўйишнинг ҳам янги истиқболларини очиб беради.


Мирзоҳид Шоқаламов, Наманган вилоят адлия
бошқармаси бош маслаҳатчиси