Bog'lanish

Telefon
(+998 69) 227-06-62

Elektorn manzil
namangan@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

21

Китоб беминнат устоз – китобхонлик эса маънавий эҳтиёж


Китоб ҳаёт йўлимизни ёритиб турувчи маёқдир. У инсонга улкан маънавий озуқа бериб, қалбини эзгуликларга ошно этади. Яхши китоб тафаккурга қанот, қалбга ёруғлик бағишлайди.

Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий ҳазратлари ёзганидек, “китоб – беминнат устоз, билим ва маънавий юксалишга эришишнинг энг асосий манбаи”.

Ҳар йили машҳур эртакчи адиб Ганс Христиан Андерсен туғилган куни, яъни 2 апрелда нишонланадиган “Халқаро болалар китоблари куни”, “14 февраль – Халқаро китоблар совға қилиш куни” каби дунё миқёсида китобларга бағишланган саналар бежиз эмас, сабаби китоб инсон ҳаётини ёритувчи чироқдир.

Айни пайтда, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ахборот-коммуникация соҳасидаги охирги ютуқларни ўзлаштириш билан бирга, ёшларнинг китоб ўқишга бўлган қизиқишини оширишга, уларни китоб билан дўст бўлишга, аҳолининг китобхонлик савиясини янада оширишга алоҳида эътибор қаратиш лозим бўлиши, бунинг учун, аввало, миллий адабиётимиз ва жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини ижтимоий тармоқларга жойлаштириш ва уларни кенг тарғиб қилишга алоҳида эътибор бериш муҳим аҳамият касб этиши ҳақида таъкидламоқдалар.

Шунингдек, талаба-ёшлар таълим-тарбияси учун қўшимча шароитлар яратишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни ўз ичига олган бешта ташаббусдан бири ҳам китобхонликдир.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, китобхонликни кенг тарғиб қилиш мақсадида вилоят адлия бошқармаси раҳбариятининг ташаббуси билан ҳудудларда китобхонлик ойлиги ташкил қилиниб, унда адлия органлари тизимидаги барча ходимлар томонидан ўзлари таълим олган мактабларга сиёсий, юридик ҳамда бадиий адабиётлар совға тариқасида топширилди.

Шунингдек, жорий йилнинг июнь ойида вилоятда китобхонларнинг ҳуқуқий билимини ошириш мақсадида “Адолат” нашриёти томонидан чоп этилган юридик адабиётлар кўргазмаси бўлиб ўтди.

Бундан ташқари, вилоят адлия бошқармаси ҳамда Наманган вилоят ахборот ресурс маркази ўртасида меморандум имзоланиб, марказда ҳафтанинг ҳар шанба кунлари адлия органлари ходимлари учун китобхонлик соатлари ташкил қилинмоқда.

Китоб ва китобхонлик – инсон маънавиятининг кўзгусидир. Китоб мутолаа қилган инсон эркин фикрлайди, дунёқараши кенгаяди, ақлан етук бўлади ҳамда маънавияти шаклланади. Шунингдек, ақли чархланиб, маънавияти бойиб етуклик сари илдамлайверади. Китоб ўқимаган инсоннинг онги эса маънавий қашшоқлигича қолаверади.

Дунё аҳолиси севиб мутолаа қиладиган асарлар, жумладан Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар”, Т.Достоевскийнинг “Жиноят ва жазо”, “Телба” Ўткир Хошимовнинг “Икки эшик ораси” ва бошқа асарлар китобхоннинг юрагида чуқур из қолдирган десак муболаға бўлмайди.

Китоб ҳақида гапирар эканмиз, ҳар бир китобга қизиқиши бор инсон, биринчи навбатда ўзининг энг севимли китобини ёдга олиш билан бирга, ана шу китобдан бир парчани кўз олдида шакллантиради.

Китоб инсонни муваффақиятга етаклайди, инсонни руҳиятини ўзгартиради, эзгуликка чорлайди. Ана шу китобдаги биргина жумла инсонни комилликка етаклайди.

Зеро, жаҳон адиби Паоло Коэле таъкидлаганидек “Олам Қалби инсон бахтидан озиқланади. Бахтидан, бироқ айни пайтда ғамидан, ҳавасу ҳасадидан, рашкидан ҳам. Одамнинг якка-ягона мажбурияти ўз тақдири йўлидан охиригача бориш. Ҳаммаси — шунда мужассам. Ёдингда тут, сен бирор нарсани истаган пайтда бутун Олам сенинг истагинг амалга ошишига ёрдам беради”.


Гулнора Каримжонова 

Ижтимоий иқтисодий соҳада ҳуқуқни қўллаш

амалиётини ўрганиш бўлими катта маслаҳатчиси