Bog'lanish

Telefon
(+998 69) 227-06-62

Elektorn manzil
namangan@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

21

Энди она сутини ўрнини босувчи маҳсулотларни реклама қилишга йўл қўйилмайди!


Илмий тадқиқотларга кўра, кўкрак сути билан озиқланиш даражаси 100 фоизга кўтарилса, ҳар йили дунёда 5 ёшгача бўлган
820 минг бола ва 20 минг аёлнинг ҳаётини сақлаб қолиш мумкин экан. Ҳар бир бола ҳеч бўлмаганда ҳаётининг биринчи олти ойи давомида кўкрак сутини эмганида, ақлий қобилияти ошиши ҳисобидан глобал иқтисодиётга қўшимча 300 миллиард доллар даромад келтирган бўлар эди. Афсуски, янги туғилган чақалоқларнинг 77 миллиони ҳаётининг биринчи соатлариданоқ она сутини оломаяпти.

Бу масала давлат сиёсати даражасига кўтарилиш керак бўлган муаммодир. Чунки, кейинги йилларда чақалоқларни ҳаётининг дастлабки ойлариданоқ сунъий равишда озуқлантириш нафақат болага, балки бутун жамиятга хавф солиши табиий.

Ўзбекистон Рспубликасининг жорий йилнинг 23 октябрь куни “Она сути билан озиқлантиришни қўллаб-қувватлаш ҳамда гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар озиқ-овқат маҳсулотларига доир талаблар тўғрисида”ги Қонунининг қабул қилинганлиги бу масала нечоғлик долзарб аҳамият касб этишини англатади.

Қонунда ҳомиладор аёллар, эмизикли оналар, гўдаклар ва кичик ёшдаги болаларнинг она сути билан озиқлантиришга бўлган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш;

она сути билан озиқлантиришни қўллаб-қувватлаш ва тарғиб қилиш;

гўдаклар ва кичик ёшдаги болаларни сифатли ва хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш;

она сути билан озиқлантиришни қўллаб-қувватлаш ҳамда гўдаклар ва кичик ёшдаги болаларни озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш соҳасидаги давлат назоратига алоҳида эътибор қаратилган.

Шу билан бир қаторда эмизикли оналарни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича чоралар кўриш, шунингдек улар учун қулай меҳнат ва ўқиш шароитларини яратиш, гўдакни олти ойгача овқатлантиришда бошқа таомдан ёки ичимликдан, шу жумладан сувдан фойдаланмасдан фақат она сути билан озиқлантириш, шунингдек она сути билан озиқлантиришни икки ва ундан катта ёшгача давом эттириш зарурлиги таъкидланган.

Ушбу масалаларни тартибга солишда Вазирлар Маҳкамаси ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг она сути билан озиқлантиришни қўллаб-қувватлаш ҳамда гўдаклар ва кичик ёшдаги болаларни озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш соҳасидаги ваколатлари белгиланиб, эндиликда она сути билан озиқлантиришни қўллаб-қувватлаш ҳамда гўдаклар ва кичик ёшдаги болаларни озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш соҳасидаги давлат дастурларини ҳамда бошқа дастурларни амалга оширишда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ҳамкорлик қилган ҳолда давлат бошқаруви органларига ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларига кўмаклашиши аниқ белгиланган.

Қонуннинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар озиқ-овқат маҳсулотларининг рекламаси қуйидаги талабларга риоя этилган ҳолда амалга оширилиши белгиланди.

Биринчидан, гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар учун она сутининг ўрнини босувчи маҳсулотларни реклама қилишга йўл қўйилмайди;

Иккинчидан, она сутининг ўрнини босувчи маҳсулотлар тўғрисидаги ҳар қандай ахборот она сутининг, шунингдек гўдакни олти ойгача озиқлантиришда бошқа таомдан ёки ичимликдан, шу жумладан сувдан фойдаланмасдан фақат она сути билан озиқлантиришнинг фойдаси ва афзаллиги тўғрисидаги кўрсатмани ўз ичига олган бўлиши керак;

Учинчидан, бола ҳаётининг биринчи йили мобайнида унинг рационига киритилган қўшимча овқат маҳсулотлари рекламасида бундай маҳсулотлар қўлланилишининг ёшга доир чекловлари тўғрисидаги маълумотлар ҳамда мутахассисларнинг маслаҳати зарурлиги ҳақидаги огоҳлантириш бўлиши керак.

Ушбу ҳужжатда белгиланган тартиб-қоидалар ва муҳим янгиликларни ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамиятини аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминлаш мақсадида ҳудудларда мутасадди идоралар билан ҳамкорликда манзилли тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Қонун 2020 йилнинг апрель ойидан кучга киради.

 

Наима Ядигарова

Наманган вилоят адлия бошқармаси бўлим бошлиғи