Bog'lanish

Telefon
(+998 69) 227-06-62

Elektorn manzil
namangan@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

02

Сайловларда халқаро кузатувчиларнинг иштироки.


Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгашлари депутатлари сайловларида кузатув институти биринчидан, сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш жараёнида ошкораликни таъминлашнинг муҳим омили бўлса, иккинчидан, амалдаги миллий қонунчилик ва халқаро стандартларга мувофиқ сайлов жараёнининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлайди, учинчидан эса кузатув давомида сайловни ўтказиш жараёнида юзага келадиган, шу жумладан, сайлов қонунчилигининг турли тарзда бузилиши билан боғлиқ муаммоларни ўрганилиши ва тегишли тавсиялар ишлаб чиқилишида хизмат қилади.
Халқаро кузатувчиларнинг мақом ва ваколатлари БМТ нинг 2005 йил 27 октябрда қабул қилинган Сайловларни халқаро кузатиш принциплари тўғрисидаги Декларацияси, унга илова қилинган Сайловларда халқаро кузатувчиларнинг аҳлоқ кодекси, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) нинг 1990 йил 29 июнда қабул қилинган Инсонийлик мезонлари бўйича конференцияси Копенгаген кенгаши ҳужжати, МДҲ иштирокчи –давлатлари Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 2004 йил
26 мартдаги қарори билан тасдиқланган Мустақил Давлатлар ҳамдустлигида иштирокчи-давлатлар президент ва парламент сайловларида , шунингдек референдумларида МДҲ кузатувчилари миссияси тўғрисидаги Низом, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти аъзо-давлатлари Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 2006 йил 15 майдаги қарори билан тасдиқланган Президент ёки парламент сайловларида ШҲТ кузатувчилари миссияси тўғрисидаги Низоми каби хужжатларда белгиланган.
Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ) Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) институтларидан биридир. ДИИҲБда қарийб 30 давлатдан 130 дан ортиқ мутахассислар фаолият олиб боради. ДИИҲБ/ЕХҲТ бош қароргоҳи Польшанинг пойтахти Варшава шаҳрида жойлашган. Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ) 1990 йилда ЕХҲТга аъзо давлатларнинг Париж саммитининг қарорига асосан «Эркин сайловлар бўйича бюро» сифатида ташкил қилинган бўлиб, 1991 йил май ойидан ўз фаолиятини бошлаган. 1993 йилда Рим шаҳрида бўлиб ўтган ЕХҲТ Кенгаши “ДИИҲБнинг сайлов жараёнларини ҳар томонлама кузатишда ролини кучайтириш”га қарор қилди.

Ҳозирги кунда Бюронинг фаолияти 5 та асосий масалаларни қамраб олади: сайловлар; демократлаштириш; инсон ҳуқуқлари; бағрикенглик ва камситишга йўл қўймаслик; миллий озчилик ҳуқуқлари, ҳусусан рома ва синти (лўли) халқларининг муаммолари.
Сайловларни кузатишда ДИИҲБ/ЕХҲТ томонидан қуйидаги ШАКЛЛАР ва УСУЛЛАР қўлланилади: «Талабни ўрганиш миссияси – ТЎМ», сайлов кунидан бир неча ой олдин 2-3 кун мобайнида ўтказилади. Мазкур миссия хулосасига кўра ДИИҲБ сайловни кузатиш ёки кузатмаслик ҳамда мониторинг ўтказиш кўламини белгилаш бўйича қарор қабул қилади. Миссияни бажариш учун 2-3 нафар мутахассис жалб этилади, баъзан унинг ишида ЕХҲТ Парламент Ассамблеясининг вакили иштирок этади. «Сайловларни кузатиш миссияси – СКМ» ТЎМнинг хулосасига кўра, агар маълум бир мамлакатдаги сиёсий кучлар ва харакатлар ушбу давлатдаги сайлов ўтказувчи органларнинг фаолиятига, сайлов жараёнларидаги холислик ва шафофликка ўзларини тўлиқ ишончини билдирмаган холатларда ҳамда хорижий кузатувчиларнинг мазкур жараёнлардаги иштироки жамиятни сайловларнинг ҳаққоний ўтказилишига бўлган ишончини ортишига сабаб бўлиши мумкинлигини аниқлаган холда ТЎМ ушбу мамлакатга СКМни йўналтиради. Ушбу Миссия сайлов ўтказиш давридаги барча жараёнларида кенгкўламли мониторинглар олиб боришни таклиф этади. (сайловолди даври, овоз бериш куни, якуний натижаларни эълон қилиш ва ариза-шикоятларни кўриб чиқиш). Мазкур миссиянинг ўзига хос жиҳати шундаки, у ўзининг сайловлар хусусидаги бошланғич хулосаларини овоз бериш ўтказилган куннинг эртасигаёқ эълон қилади.
Халқаро кузатувчилар сайловларни ўрганиш муддатига кўра Узоқ муддатли ва қисқа муддатли кузатувчиларга ажратилади.Узоқ муддатли кузатувчилар – сайловлардан 6-8 ҳафта олдин сайлов ўтказаётган давлатга кириб келади; Қисқа муддатли кузатувчилар – сайловлардан 3-5 кун олдин сайлов ўтказаётган давлатга кириб келади. Узоқ муддатли кузатувчилар ЕХҲТ нинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюро (БДИПЧ) томонидан юбориладиган кузатувчилар, Қисқа муддатли кузатувчилар эса давлатлар, халқаро ташкилотлар ва ҳаракатлар томонидан юбориладиган кузатувчилардир.
Ушбу кузатувчилар хам сайлов қонунчилигимизда белгиланган сиёсий партиялар, жорий йилдан амалиёти бошланаетган Фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари кузатувчилари эга бўлган ҳуқуқларга эгадирлар:сайлов комиссияларининг мажлисларида ҳозир бўлиш; барча даражадаги сайлов комиссияларига ташриф буюрганларида ёнларида уларга берилган мандатни ҳамда ўз шахсни тасдиқловчи ҳужжатни олиб юриши ҳамда мансабдор шахслар талабига мувофиқ уларни кўрсатиши;сиёсий бетарафлик, беғаразлик, сайловчиларга, давлат органлари ва бошқа органларга, мансабдор шахсларга, сайлов жараёни иштирокчиларига нисбатан у ёки бу тарзда афзаллик билдиришдан ўзини тийиш принципларига амал қилган ҳолда ўз вазифаларини бажариши; овоз бериш учун сайлов қутиларининг жойлаштирилиши ва муҳрланишини кузатиш; фуқароларга сайлов бюллетенларининг берилишини кузатиш; овозларни санаб чиқишда ва участка сайлов комиссиясининг баённомаларини тузишда ҳозир бўлиш; сайлов натижалари тўғрисидаги ҳужжатларнинг тегишли сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган нусхаларини сўраш ва уларни олиш; сайлов участкасида Қонун бузилишига йўл қўйилган деб ҳисоблаш учун асос бўлса, ўз кузатувлари тўғрисида юқори сайлов комиссиясига маълум қилиш ҳуқуқларига эгадирлар.
2014 йилдаги Парламент сайловларига оид ДИИҲБ томонидан ифодаланган хулосалари «оилавий овоз бериш» амалиётининг мавжудлиги; ОАВ ларини сайловга тайёргарлик ва ўтказиш жараёнларини ёритишдаги сусткашлиги, айниқса партиялар ва депутатликка номзодлар ўртасидаги бахс-мунозараларни ёритишдаги сусткашлиги;Сиёсий партиялар ўртасидаги амалий рақобатни кўринмаганлиги, гуёки партиялар ўз хатти-харакатлари билан билан –бирларини тўлдириш холатларини мавжудлиги;Чет элдаги фукароларни сайловлардаги иштироки бўйича аниқ тизим яратилмаганлиги; Махаллий ННТларини сайлов жараёнларини кузатишдаги иштироки бўйича ҳуқуқий меъёрни талқин этилмаганлиги;Ўзбекистон Экологик ҳаракатини 15 кишилик квота асосида депутатларни сайлаш тартиби Копенгаген хужжатини 7.2. бандига зид эканлиги. Яъни, сайлов жараёнида барча номзодлар мандат орқали сайланиши каби масалалар ўрин олган.
Мамлакатимизда ўтказилган 2014 йилдаги Парламент сайловини халқаро кузатишни амалга оширишда ЁХҲТ ДИИХБ 21 нафар, МДҲ ижроия қўмитасидан 19 нафар, ШҲТ 14 нафар, Ислом ҳамкорлик ташкилотининг 9 нафар, Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси(БСОА) 2 нафар каби халқаро ташкилотлар миссиялари таркибидаги 334 нафар халқаро ва хорижий кузатувчилар қатнашганлар. Жорий йилда ўтказилаётган давлат хокимияти вакиллик органларига сайловларни кузатишда 600 нафар халқаро кузатувчилар қатнашиши кўзда тутилмоқда.

Зулфия Ахмедходжаева, Наманган вилоят адлия бошқармаси етакчи маслахатчиси