Bog'lanish

Telefon
(+998 69) 227-06-62

Elektorn manzil
namangan@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

14

ҲУҚУҚИЙ МОНИТОРИНГ – АДЛИЯ ОРГАНЛАРИ ФАОЛИЯТИДА ЯНГИ ҲУҚУҚИЙ ИНСТИТУТ СИФАТИДА


Жамиятда ижтимоий муносабатларнинг ривожланиб бориши билан уларни тартибга солишга бўлган эҳтиёж ҳам ортиб боради, шу ўринда мазкур муносабатларнинг тартибга солиниши қонун ҳужжатларининг қўлланиши ва самарадорлигини белгилашга ҳам ўзининг таъсирини кўрсатади.
Сўнгги пайтларда у ёки бу жараёнларнинг ҳуқуқий тартибга солиниши билан қонун ҳужжатларининг салмоғи ортиб бормоқда ва буни амалиётда қай даражада ишлаётганлигини ўрганиб боришга эҳтиёж туғилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг ташаббуси билан ишлаб чиқилган қонун ҳужжати юқоридаги масалани тубдан тартибга солинишига олиб келди.
Хусусан, жорий йилнинг 2 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан ПҚ-4505-сонли “Ҳуқуқий мониторингнинг замонавий механизмлари асосида қонун ҳужжатлари ижросининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди. Ушбу қарор билан “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросининг ҳуқуқий мониторингини ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низом тасдиқланди.
Мазкур қарорнинг мазмун-моҳияти шундан иборатки, унга кўра норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини таъминлаш самарадорлигини янада ошириш, нотўғри ёки зиддиятли ҳуқуқни қўллаш амалиётига олиб келадиган нормалар пайдо бўлишининг олдини олиш, уларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонуни 42-моддасига мувофиқ давлат бошқаруви органлари ҳамда бошқа ташкилотлар томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросининг мониторингини амалга оширади.
Шунингдек, ҳуқуқий мониторингнинг асосий вазифалари этиб норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросининг ягона амалиётини жорий этиш, ҳуқуқни қўллаш амалиётининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш мақсадларига мувофиқлигини ўрганиш, ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишнинг тўлиқлигини таъминлаш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Ўзбекистон Республикаси қонунлари ва халқаро мажбуриятларига мувофиқлигини таъминлаш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардаги қарама-қаршиликлар, зиддиятлар, коррупцияга оид омиллар, бир-бирини такрорловчи ва коллизион нормаларни аниқлаш ва бартараф этиш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардаги ягона тушунча ва атамалар тизимини яратиш белгиланди.
Бундан ташқари, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тўлақонли ижро этиш давлат бошқаруви органларининг устувор вазифаси эканлиги, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ижро этиш самарадорлиги уларни амалда қўллаш бўйича ҳуқуқий мониторинг ўтказиш йўли билан аниқланиши, ҳуқуқий мониторинг давлат бошқаруви органлари томонидан ўз ваколатлари доирасида тартибга солиш предмети бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар бўйича амалга оширилиши, ҳуқуқий мониторинг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган ҳуқуқий мониторинг ўтказиш режасига мувофиқ амалга оширилиши, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасининг топшириғига асосан қўшимча ҳуқуқий мониторинг ўтказиш талаб этилган тақдирда, ҳуқуқий мониторинг давлат бошқаруви органлари томонидан мониторинг режасига қўшимча киритилмасдан амалга оширилиши, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги давлат бошқаруви органлари томонидан ҳуқуқий мониторинг ўтказилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни танлаб олиб, такрорий ҳуқуқий мониторинг ўтказишга ҳақли эканлиги, ҳуқуқий мониторингни ўтказишда давлат бошқаруви органлари адвокатлар, илмий-таълим муассасалари мутахассислари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакилларини, шунингдек, фуқароларни шартнома асосида жалб қилишга ҳақлилиги белгиланди.
Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги давлат бошқаруви органларининг ҳуқуқий мониторингни ўтказиш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича махсус ваколатли орган этиб белгиланиб, бир қатор ҳуқуқлари берилди.
Жумладан, давлат бошқаруви органлари томонидан ўтказиладиган ҳуқуқий мониторингда иштирок этиш ҳамда давлат бошқаруви органлари томонидан ҳуқуқий мониторинг якунлари бўйича ўз вақтида тақдим этилмаган, нотўғри, ишончсиз ёки тўлиқ бўлмаган ахборот тақдим этилган тақдирда, уларга нисбатан ҳуқуқий мониторингни ўтказишдаги қоидабузарликларни бартараф этиш тўғрисида бажарилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш ҳуқуқидир.
Ўз навбатида, давлат бошқаруви органлари ҳар йили 1 февралга қадар ҳуқуқий мониторинг ўтказилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар рўйхатини шакллантириши ва биринчи раҳбар имзоси билан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига тақдим этиши, мониторинг режасига мувофиқ ўтган йилда ўтказилган ҳуқуқий мониторинг натижалари тўғрисидаги ҳисоботни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига тақдим этиши, ҳар чоракда мониторинг режасига мувофиқ таҳлилий маълумотлар ҳамда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда камчиликлар аниқланган тақдирда, уларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифлар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига киритилиши бўйича вазифалар белгилаб берилди.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳар йили 20 февралга қадар давлат бошқаруви органларининг таклифлари асосида мониторинг режаси лойиҳасини ишлаб чиқади ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳар йили 20 мартга қадар мониторинг режасини ҳамда ҳуқуқий мониторинг натижалари тўғрисида ҳисоботни Вазирлар Маҳкамаси Раёсати мажлисида муҳокама қилган ҳолда тасдиқлайди.
Давлат бошқаруви органлари раҳбарлари ҳуқуқий мониторингни сифатли ва ўз вақтида ўтказиш, мониторинг режаси бўйича таклифларни пухта ишлаб чиқиш ҳамда уларнинг ўтказилиши ҳолати бўйича ахборотни белгиланган муддатларда киритиш учун шахсан жавобгар ҳисобланиши белгиланди.
Юқоридаги қарор билан тасдиқланган “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросининг ҳуқуқий мониторингини ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низомда ҳуқуқий мониторинг ўтказишнинг умумий қоидалари, мониторинг режасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш тартиби, ҳуқуқий мониторингни ўтказиш тартиби, ҳуқуқий мониторинг ўтказилишини назорат қилиш, ҳуқуқий мониторинг натижалари бўйича якуний маълумот, жавобгарлик масалалари мустаҳкамлаб қўйилди.
Умуман олганда, ушбу қарорнинг қабул қилиниши бошқарув органлари фаолиятининг самарадорлигини белгилаш билан бирга, қонун ҳужжатларининг ишлаши, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қўлланилиши билан юзага келадиган муаммоларнинг ўз вақтида бартараф қилиниши ҳамда бу билан фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилинишида аҳамиятлилиги билан ажралиб туради.


Наманган вилоят адлия бошқармаси, бўлим бошлиғи Рахимов Отабек Сойибжанович