Bog'lanish

Telefon
(+998 69) 227-06-62

Elektorn manzil
namangan@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

14

Адлия идоралари фаолиятидан...


Юртимизда истиқлолнинг дастлабки йиллариданоқ демократик бозор муносабатларини жорий этиш, хусусий мулк ва мулкдорлар ҳуқуқ ҳамда манфаатларини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга ошириб келинмоқда.

Пировардида бугунги кунда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 56 фоиздан ортиқни ташкил этмоқда. Айни пайтда хусусий мулк кафолатлари кучайтирилиши, аҳоли фаровонлиги юксалиши натижасида фуқароларнинг жамият ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги фаоллиги ҳам янада юксалди.

Дарҳақиқат, юртимизда хусусий мулк дахлсизлиги, давлат томонидан ҳимоя қилинишига алоҳида эътибор қаратилаяпти. Конституциямизда хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясида экани, мулкдор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ҳамда тартибдагина мулкидан маҳрум этилиши мумкинлиги қатъий мустаҳкамланган.

Бугунги кунда адлия органлари томонидан фуқароларнинг қонунчиликда мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида ажратилган ер участкаларида якка тартибда уй-жой қуриш ҳуқуқини кафолатлаш ва уларнинг мулк ҳуқуқи дахлсизлигини таъминлаш мақсадида бир қатор ишлар амалга оширилди.

Хусусан, адлия органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 20 апрелдаги ПФ-5421-сонли Фармони билан эълон қилинган бир марталик умумдавлат акция давомида ўзбошимчалик билан қурилган иморатларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этишда ҳуқуқни қўллаш амалиётини изчил ва бир хилда таъминлаш, шунингдек фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича амалий чоралар кўрилди.

Жумладан, Наманган вилоят адлия бошқармаси томонидан Наманган шаҳрида яшовчи фуқаро Н.Черноваганинг бир марталик умумдавлат акцияси доирасида ўзбошимчалик билан қурилган ошхона бино-иншоотларига нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича қилган мурожаати кўриб чиқилди.

Мурожаатда Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 21 июндаги 461-сонли қарори асосида ўзбошимчалик билан қурилган биноларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича мурожаат қилганлиги, бироқ ишчи орган
“Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри” ДК Наманган шаҳар филиали томонидан рад этилганлиги баён этилган.

Мурожаатни ўрганиш жараёнида фуқаронинг бир марталик умумдавлат акцияси доирасида ўзбошимчалик билан қурилган ошхона
бино-иншоотларига нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича қилган мурожаати комиссия аъзолари томонидан белгиланган тартибда ўрганиб чиқилиб, ижобий хулосалар берилган бўлсада, ишчи орган “Ермулккадастр” ДК Наманган шаҳар филиали томонидан ўрганиш натижаларини тизимга киритишда хатоликка йўл қўйилганлиги аниқланди.

Натижада, бошқарма томонидан мазкур ҳолатни бартараф этиш юзасидан “Ермулккадастр” ДК Наманган шаҳар филиалига хат киритилиб, мазкур хатга жавобан филиал томонидан жорий йилнинг 20 август куни “Давергеодезкадастр” қўмитаси ва “UZINFOCOM” марказига сўров хати юборилди ҳамда “Кадатр 2.0” дастуридаги фуқаро мурожаати натижаларини киритишдаги ноаниқликлар бартараф этилиши таъминланди.

Мазкур мурожаатни ўрганиб чиқиш якуни бўйича Наманган вилоят адлия бошқармаси томонидан фуқаронинг мурожаати қаноатлантирилиб, жорий йилнинг 29 сентябрь куни Наманган шаҳар ҳокимининг фуқаро Н.Чернованинг ўзбошимчалик билан қурилган ошхона бино-иншоотларига нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича 1265-сонли қарори қабул қилиниши таъминланди.

Мухтасар айтганда, Конституциямиз ва амалдаги қонун ҳужжатларида хусусий мулкнинг дахлсизлиги ҳамда ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш механизми билан боғлиқ нормалар тўлиқ ўз аксини топган бўлиб, бу, ўз навбатида, мулкдорлар ва хусусий мулк эгаларининг ҳуқуқларини самарали ҳимоялашга кафолат сифатида хизмат қилиб келмоқда.

Азизбек Ёдгаров
Наманган вилоят адлия бошқармаси масъул ходими