Bog'lanish

Telefon
(+998 69) 227-06-62

Elektorn manzil
namangan@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

23

НОТАРИАТ СОҲАСИДА ЎЗГАРИШЛАР: Фуқароларга ҳуқуқий хизмат кўрсатиш сифати ортмоқда.


Сўнгги йилларда мамлакатимизда нотариат институтининг самарали фаолият кўрсатишини таъминлаш ҳамда нотариал идоралар томонидан жисмоний ва юридик шахсларга ҳуқуқий хизмат кўрсатиш сифати даражасини ошириш бўйича изчил ишлар амалга оширилмоқда.

Жорий йилнинг 9 сентябрь куни давлатамиз раҳбари томонидан имзоланган “Ўзбекистон Республикасида нотариат тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг қабул қилиниши нотариат институтини янада такомиллаштиришда бир қанча янгиликлар киритиб, шу орқали фуқароларга қийинчилик туғдириши мумкин бўлган ҳолатларга чек қўйиш мақсад қилинган. Ва натижада бу соҳада туб бурилиш ясалди десак муболаға бўлмайди.

Мазкур фармон нима учун қабул қилинди, унинг зарурати нимада эди, шу ҳақда ҳам гапирмоқчиман. Нотариат соҳасини ислоҳ қилишга қаратилган саъй-ҳаракатлар ўтган йили ҳам бўлиб ўтган эди. Яъни, “Низоларнинг олдини олишга қаратилган институт сифатида нотариат тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президентимиз Қарори қабул қилинганди. Бу Қарор доирасида нотариат тизимини рақамлаштириш, ахборот коммуникация технологиялардан унумли фойдаланган ҳолда аҳолини нотариал хизматларга бўлган эҳтиёжини кенгроқ қамраб олишга маълум даражада эришилди.

Ҳозирда нотариат соҳасида фуқароларнинг фикри ҳам анча ўзгарган, деб ўйлайман. Ўтган йилги тизим билан бу йилгиси ўртасида катта фарқ бор. Айтайлик, тўлиқ электрон тўлов тизимига ўтилганлиги, бунда смс хабарнома жорий этилганлиги, 1 январдан кўчмас мулкларни бошқа шахсга ўтказиш билан боғлиқ битимларда экстерриториаллик, яъни ҳудуд танламаслик нормалари киритилганлигини мисол қилиб айтиш мумкин. Булар орқали нотариал ҳаракатлар билан боғлиқ ишларда фуқароларга енгилликлар яратилди. Аммо шуларга қарамай бир қанча шикоят ва эътирозлар келиб тушаётганига қараганда одамларнинг нотариал идораларга бўлган ишончи ҳали тўла мустаҳкамланмади.

Бу борада мазкур Фармонга асосан 2020 йил 1 январдан давлат нотариал идораларини босқичма-босқич нодавлат нотариал идоралар сифатида ташкил қилиш, давлат нотариал идораларини нодавлат нотариал идоралар этиб қайта ташкил қилиш адлия органларида нодавлат нотариал идораларни рўйхатдан ўтказиш, шунингдек, фаолият юритаётган нотариусларга уларнинг аризаларига асосан нотариал фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензия бериш орқали амалга оширилиши белгиланди.

Фармон билан 2020 йил 1 январдан мол-мулк билан боғлиқ битимларни расмийлаштиришда қуйидаги талаблар, яъни қурилиши тугалланмаган
уй-жойларни бошқа шахсга ўтказишда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг рухсатини олиш ҳамда васийликдаги шахс номидан
мол-мулкларни ижара (аренда)га беришда васийлик ва ҳомийлик органларининг рухсатини олиш (бу ҳақда васийлик ва ҳомийлик органларини хабардор этиш шарти билан) бекор қилинди.

Шунингдек, 2019 йил 1 октябрдан – транспорт воситаси эгасининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полисида кўрсатилган транспорт воситаси эгасининг яқин қариндошлари (ота-она, эр (хотин), болалар, ака-укалар, опа-сингиллар) ўртасида транспорт воситасидан фойдаланиш ва бошқариш тўғрисидаги ишончномани, 2020 йил 1 январдан – юридик шахсларнинг, хусусан банк ва бошқа кредит ташкилотларининг корхонани ижара ва текин фойдаланишга бериш ҳамда бирламчи бозордаги кўчмас мулк ва транспорт воситаларини олишда ипотека, гаров ва лизинг шартномаларини (Бунда, гаров (ипотека) шартномаларини расмийлаштирган банк ва бошқа кредит ташкилотлари
мол-мулкка тақиқ қўйиш ва тақиқни ечишни ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда “Нотариус” автоматлаштирилган ахборот тизими орқали мустақил амалга оширади) битимларни мажбурий нотариал тасдиқлаш тартиби бекор қилинди.

Шу билан бирга, 2020 йил 1 январдан қуйидаги нотариал ҳаракатлар, яъни фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларда судгача бўлган жараёнда далилларни таъминлаш (гувоҳларнинг кўрсатувларини ёзиб олиш, ёзма ва ашёвий далилларни кўздан кечириш ва гувоҳлантириш, экспертиза тайинлаш, Интернет тармоғидаги фактларни тасдиқлаш),
фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларда, шу жумладан мулкий ва мерос масалаларида медиатор вазифаларини бажариш, шунингдек яратилган муаллифлик ва турдош ҳуқуқ объектининг тақдим этилган вақтини тасдиқлаш жорий этилди.

Бундан ташқари, битимларни нотариал тасдиқлашни тарафлар турли ҳудудларда жойлашган нотариал идорада масофадан туриб хизмат кўрсатиш орқали видеоконференцалоқа режимида амалга ошириш имконияти яратилади ҳамда нотариал ҳаракатни амалга ошириш истагини билдирган шахсга нотариал ҳаракат расмийлаштирилиши учун зарур бўлган ҳужжат нусхаларини нотариал идорага электрон тармоқ орқали олдиндан жўнатиш йўли билан электрон навбат олиш ва тегишли ҳужжатларни тайёрлаб қўйиш имконини берувчи хизмат жорий қилинади.

Фармонда Ўзбекистон Республикасининг Нотариал палатасини ташкил этиш назарда тутилган бўлиб, ўйлаймизки палата жамиятда нотариатнинг ролини мустаҳкамлаш, нуфузини ошириш масалаларига эътибор қаратади.

Ғуломжон Уринбаев
Ҳуқуқий хизмат кўрсатишни давлат
томонидан тартибга солиш бўлими бошлиғи