Bog'lanish

Telefon
(+998 69) 227-06-62

Elektorn manzil
namangan@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

27

БАНДЛИК ОРГАНЛАРИ ФАОЛИЯТИНИНГ ТАНҚИДИЙ ТАҲЛИЛИ ВА ЯНАДА ТАКОМИЛЛШАТИРИШНИНГ ДОЛЗАРБ МАСАЛАЛАРИ


Маълумки, аҳоли бандлигини таъминлаш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларинининг ишончли ҳимоя қилиниши ва меҳнат муҳофазасини таъминлаш, ноқонуний меҳат миграциясининг ўсиб кетишига йўл қўймасли бугунги куннинг долзарб вазифаларидан биридир.

Шу кўра, бандлик соҳасида давлат сиёсатини янада такомиллаштириш, банд бўлмаган аҳолини, айниқса, ёшларни ишга жойлаштириш бўйича чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш, меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва меҳнат муҳофазасини кучайтириш, аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича мувофиқлаштирилган самарали ишларни амалга оширишда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро ҳокимияти органларининг масъулиятини тубдан кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 24 майдаги ПФ-5052-сон “Бандлик соҳасида давлат сиёсатини янада такомиллаштириш ва меҳнат органлари фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига асосан, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги этиб қайта ташкил этилди.

Фармон билан меҳнат бозоридаги ҳақиқий ҳолатни республикамиз минтақалари кесимида чуқур таҳлил қилиш асосида аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича ҳудудий ва тармоқ дастурларини ишлаб чиқиш ва уларнинг бажарилишини мувофиқлаштириш, янги иш ўринлари ташкил этиш бўйича давлат буюртмаларини ишлаб чиқиш ва аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд қатламлари учун иш жойлари квотасини белгилаш бўйича аниқ мақсадга йўналтирилган комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш ва бошқа бир қатор вазифа ва функциялар вазирлик зиммасига юклатилди.

Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2019 йил 15 июлдаги
222-ум-сон буйруғи, Наманган вилоят адлия бошқармасининг 2019 йил III ва
IV чоракларга мўлжалланган иш режасининг 9-банди ва бошқарма бошлиғининг 2019 йил 16 июлдаги 198-ум-сонли буйруғи ижросини таъминлаш мақсадида вилоят адлия бошқармаси ва туман (шаҳар) адлия бўлимлари томонидан Наманган вилояти бандлик бош бошқармаси ва унинг тизимидаги идоралар фаолиятида давлат бошқарувининг самарадорлиги, ҳуқуқни қўллаш амалиёти, қонун ҳужжатларини етказиш ва тарғиб қилишда қонун ҳужжатларига риоя этилиши ҳамда “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги, “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги қонунлар, “Меҳнат органларида фуқароларни рўйхатга олиш, уларни ишга жойлаштириш, ишсизлик нафақасини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги Низом талабларига риоя этилиши аҳволи ўрганилди.

Ўтказилган ўрганишда амалга оширилган ишлар билан бир қаторда Наманган вилоят бандлик бош бошқармаси ва унинг тизимидаги идоралар фаолиятида жами 6000 та камчилик ва қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилганлиги аниқланди.

Жумладан, Косонсой туманида 101 та, Мингбулоқ туманида 552 та, Наманган туманида 151 та, Наманган шаҳрида 458 та, Норин туманида 850 та, Поп туманида 708 та, Тўрақўрғон туманида 283 та, Уйчи туманида 421 та, Учқўрғон туманида 161 та, Чортоқ туманида 796 та, Чуст туманида 709 та, Янгиқўрғон туманида 735 та ва Наманган вилоят бандлик бош бошқармасида 75 та камчилик ва қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди.

I. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижро этилиши ва уларга риоя қилиниши юзасидан ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш.

Ўзбекистон Республикасининг “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги Қонуни талабларига риоя этилмаган.

Хусусан, Мингбулоқ тумани, Бирлашган МФЙда яшовчи фуқаро Даминова Холдоржон туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан 2019 йил 16 январь куни иш қидирувчи сифатида рўйхатга олинган бўлсада, қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларга риоя қилинмаган ҳолда 15 кунга кечикиб, яъни 2019 йил 30 январь куни ишсиз деб эътироф этиш тўғрисида қарор қабул қилинган.

Шунингдек, Наманган туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан 2019 йил 16 апрелда иш қидирувчи сифатида рўйхатга олинган Наманган тумани, Курмак МФЙда яшовчи фуқаро Қодирова Гулнора Абдурашидовнага 2019 йил 6 май куни, яъни 20 кунга кечикиб ишсиз деб эътироф этилан ва ишсизлик нафақаси тайинланган.

Худди шундай ҳолат Янгиқўрғон туманида 30 та ва Поп туманида 34 та ҳолатларда такрорланган.

Ваҳоланки, “Аҳолини иш билан тўғрисида”ги қонуннинг 3-моддасида шахсларни ишсиз деб эътироф этиш тўғрисидаги қарор маҳаллий меҳнат органи томонидан улар иш қидираётган шахс сифатида рўйхатга олинган кундан эътиборан ўн биринчи кундан кечиктирмай қабул қилиниши белгиланган.

Шунингдек, Наманган шаҳридаги 37-сонли умумий ўрта таълим мактаби, 26-сонли меҳрибонлик уйи, Давлатобод енгил саноат коллежи, Наманган шаҳар ДСИ, вилоят инвестиция ва ташқи савдо бошқармаси, 69-сонли умумий ўрта таълим мактаби, 76-сонли умумий ўрта таълим мактаби, “Ўзмиллийбанк” Наманган вилоят бўлими, Наманган шаҳар ветеринария бўлими, Наманган вилоят давлат архиви ва Наманган шаҳар молия бўлими 2019 йил 5 июль куни ҳолатига бўш иш жойлари бор-йўқлиги тўғрисидаги маълумотларни Наманган шаҳар аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказига тақдим қилмаган.

Юқоридаги каби ҳолатлар Косонсой туманида 2 та, Мингбулоқ туманида 24 та, Наманган туманида 25 та, Уйчи 30 та, Учқўрғон туманида 27 та, Янгиқўрғон туманида 5 та ҳолатда такрорланган.

Ваҳоланки, “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги Қонуннинг 18-моддасида бўш иш жойлари (вакант лавозимлар) бор-йўқлиги тўғрисидаги маълумотларни, олдиндан (камида икки ой олдин) маҳаллий меҳнат органига мўлжалланаётган ишдан озод қилишлар тўғрисидаги ахборотларни бўшаб қоладиган ҳар бир ходимни кўрсатган ҳолда тақдим этиш иш берувчиларнинг асосий вазифаларидан бири этиб белгиланган.

Шунингдек, ахборотнинг ўз вақтида тақдим этилмаслигида ва бўш иш жойларини (вакант лавозимларни) яширганликда айбдор бўлган ҳамда Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасига ажратмалар ўтказишдан бош тортган мансабдор шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлиши белгилаб қўйилган бўлсада, ушбу қонун талабларини бажармаган юқоридаги ташкилотлар раҳбарларига белгиланган тартибда жавобгарлик чоралари кўрилмаган.

Қолаверса, Наманган туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан фуқароларни касбга ўқитиш, малака ошириш, қайта ўқитиш мақсадида вилоят ва республика миқёсидаги ўқув юртлари, корхона, муасасалар билан хамкорлик тўлиқ йўлга қўйилмаган.

Хусусан, 2018 йил давомида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва мехнат муносабатлари вазирлигининг “Ўзбекистонда касб-хунарга ўқитиш имкониятларни ривожлантириш” лойиҳаси доирасида Корея халқаро хамкорлик агентлиги (KOICA) билан хамкорликда Тошкент шахрида ташкил этилган касбга ўқитиш марказлари имкониятларидан умуман фойдаланилмаганлиги аниқланди.

Ваҳоланки, юқоридаги қонуннинг 16-моддасида маҳаллий мехнат органининг ваколатларига ишламаётган фуқароларни касбга ўргатиш, қайта ўргатиш ва уларнинг малакасини ошириш тўғрисида ўқув юртлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар билан шартномалар тузилиши лозимлиги белгиланган.

Бош бошқарма масъул ходимлари томонидан “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларига риоя этилмаган.

Масалан, Тўрақўрғон тумани, Янгиобод МФЙда жойлашган “Андижон механика заводи” шўъба корхонасининг Тўрақўрғон туман филиалида 1997 йилг 28 апрель куни туғилган филиалнинг қуюв цехида қолипловчи қуювичи вазифасида ишловчи фуқаро Ж.Абдулхамидов 2018 йилнинг 12 сентябрь куни бетон қоплама устини текислаётган вақтида бетон текислаш дастгоҳи электр кабелини ушлаб олиш натижасида электр токи таъсирида вафот этган.

2018 йилнинг 28 сентябрь куни тузилган бахтсиз ҳодисани текшириш далолатномасида мазкур бахтсиз ходиса “Меҳнатни муҳофазаси бўйича ишларни ташкил этиш тўғрисида”ги Намунавий низомнинг (рўйхат рақами 273, 1996 йил 14 август) 153-банди талаблари бажарилмаганлиги натижасида содир бўлганлиги баён этилган.

Шунингдек, “Ўздавэнергоназорат” инспекцияси Наманган ҳудудий бўлими инспектори томонидан берилган хулосада “Истеъмолчилар электр қурилмаларини эксплуатация қилишда хавфсизлик техникаси қоидалари”нинг (рўйхат рақами 1400, 20.08.2004 йил) 135-бандида электр асбоблари, қўл электр машиналари ва қўл ёриткичларидан фойдаланилганда, уларнинг кабеллари ёки симлари иложи борича осиб қўйилиши лозимлиги, кабель ва симларни иссиқ, нам ва мойланган метал юзаларга ёки жисмларга бевосита тегиб туришига йўл қўйилмаслиги кераклиги, 138-бандида электр асбоб-ускуналаридан ва қўл электр машинасидан фойдаланувчи шахсларга қўл электр машинасини ёки электр
асбоб-ускунанинг симларини ушлаш ёки айланувчан кесувчи асбобга тегиш таъқиқланганлиги белгиланган.

Бироқ, ташкилот раҳбари иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш қоидаларига риоя қилмаганлиги учун МЖтКнинг 492-моддасига асосан маъмурий жавобгарликка тортилиб, бахтсиз ходиса содир этилишига йўл қўйган ва меҳнатни муҳофаза қилиш билан боғлиқ бўлган қонун ҳужжатлари талабларини бузган шахсларни маъмурий жавобгарликка тортиш чоралари кўрилмаган.

Ваҳоланки, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 255-моддасида меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузганлик учун, шунингдек иш берувчининг ўз фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича мажбуриятини бажармаганлиги учун — меҳнат бўйича давлат техник инспекторлари маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ва маъмурий жазо чораси қўллашга ҳақли эканликлари белгиланган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг 2019 йил 1 мартдаги 54-ИЧ-сонли буйруғида мактагача таълим муассасаларида 2019 йилнинг март ойида ўрганиш ўтказилиши белгиланган бўлсада, бошқарма бошлиғининг 2019 йилнинг 10 апрелдаги 50-сонли буйруғи асосида бошқарма томонидан жорий йилнинг 11-29 апрель кунлари, яъни бир ойдан сўнг Янгиқўрғон ва Тўрақўрғон туман МТМларда Меҳнат кодекси, “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги ва “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунларига риоя этилиши аҳволи ўрганилган.

Ўзбекистон Республикаси “Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуни ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 5 декабрдаги 965-сон қарори билан тасдиқланган Ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш ва захирага қўйиш тартиби тўғрисидаги низоми талабларига риоя этилмаган.

Масалан, Наманган шаҳар хокимининг 2018 йил 6 ноябрь куни “Ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини 2019 йил учун банд қилиб қўйиш тўғрисида”ги 1566-сонли қарорида корхона, ташкилот ва муассасаларга ногиронлар учун 3,3 фоиз миқдорида иш ўринлари заҳираси яратиш, йил бошланишидан олдин 10 кундан кечикмай захирага қўйиладиган иш ўринлари умумий сонининг 25 фоизи миқдорида иш ўринлари заҳирага қўйилиши ва тайёрлигини таъминлаш белгиланган бўлсада, Наманган шаҳар “1-ММКJ” Давлат унитар корхонаси, Наманган вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси, “Пахталикўл” сиҳатгоҳи, 49-сонли имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган давлат таълим муассасаси, Наманган шаҳар ветеринария бўлимлари томонидан иш ўрни заҳиралари яратилмаган.

Ваҳоланки, “Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 25-моддасида ходимларининг сони йигирма кишидан ортиқ бўлган корхоналарда, муассасалар ва ташкилотларда маҳаллий давлат хокимияти органлари ногиронларни ишга жойлаштириш учун ходимлар сонининг камида уч фоизи миқдорида иш жойларининг энг кам сонини белгилаши ва захирада сақлаши, ногиронларни ишга жойлаштириш учун иш жойларининг энг кам сонини яратишга доир маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорларини бажармаганлик учун ташкилотларнинг мансабдор шахслари маъмурий жавобгарликка тортилиши белгиланган.

Ҳудди шундай ҳолат Косонсой, Норин, Уйчи, Учқўрғон, Янгиқўрғон туманларида ҳам такрорланган.

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси талабларига риоя этилмаган.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг 2019 йил 1 мартдаги 54-ИЧ-сонли ҳамда бош бошқарма бошлиғининг 2019 йил 10 апрелдаги 10-сонли буйруғи ижросини таъминлаш мақсадида бош бошқарма давлат техник инспектори С.Ғаипов ва давлат ҳуқуқ инспектори М.Каримовлар томонидан 2019 йилнинг 11 апрель куни Норин туман мактабгача таълим бўлимига қарашли 4-сонли мактабгача таълим муассасасида ўрганиш ўтказилган.

Ўрганиш давомида аниқланган меҳнат соҳасидаги ҳуқуқбузарликларга йўл қўйганлиги учун Норин туман мактабгача таълим бўлимига қарашли 4-сонли мактабгача таълим муассасаси мудираси М.Хўжамқуловага нисбатан давлат ҳуқуқ инспектори М.Каримов томонидан жорий йилнинг 17 апрель куни маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома расмийлаштирилиб, шу кунги “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида ”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларини бузганлик учун жарима солиш ҳақида”ги 6-сонли қарорига асосан, 4-сонли МТМ мудираси М.Хўжамқуловага нисбатан энг кам ойлик иш ҳақининг тўрт баробари миқдорда 810 920 (саккиз юз ўн минг тўрт юз йигирма сўм) жарима жазоси белгиланган.

Бироқ, фуқаро М.Хўжамқуловага нисбатан маъмурий жарима қўлланишида бош бошқарманинг меҳнат бўйича давлат ҳуқуқий инспектори М.Каримов томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқиш баённомаси юритилмаган.

Худди шундай ҳолат, бош бошқармада 10 та, Поп туманида 1 та маъмурий ҳуқуқбузарлик бўйича қарорлар қабул қилинишида ҳам такрорланган.

Бундан ташқари, инспекция масъул ходимлари томонидан ташкилотларда режа-жадвалга асосан ўтказилган режали текширишлар якунлари бўйича таъсир чоралари қўлланилишида ҳам бир қатор камчиликларга йўл қўйилган.

Жумладан, вилоят бандлик бош бошқармасининг 2019 йил 16 январдаги 15-сонли буйруғига асосан, бош бошқарманинг Давлат меҳнат инспекцияси инспекторлари Б.Юсупов ва Б.Тўлашевлар томонидан жорий йилнинг 31 январь куни Наманган шаҳар ДСИ фаолиятида текшириш ўтказилган.

Ўрганиш жараёнида, меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ва иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш қоидалари талабларига риоя этилмаган ҳолатлар аниқланган бўлсада, якунда шаҳар ДСИга ёзма кўрсатма киритиш билан чекланилиб, айбдор шахслар маъмурий жавобгарликка (49 ва 492-модда) тортилмаган.

Шунингдек, бош бошқарманинг Давлат меҳнат инспекцияси инспекторлари Б.Тўлашев ва М.Турсуновлар томонидан жорий йилнинг 23-28 январь кунлари вилоят давлат солиқ бошқармасида текшириш ўтказилган.

Ўрганишда меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя этилмаганлиги аниқланган бўлсада, якунда вилоят ДСБга ёзма кўрсатма киритиш билан чекланилган ва айбдор шасхлар маъмурий жавобгарликка (49-модда) тортилмаган.

Бундан ташқари, 15-сонли буйруққа асосан бош бошқарманинг Давлат меҳнат инспекцияси техник инспектори С.Ғаибов ва туман меҳнат ҳуқуқи инспектори Т.Мамадалиевлар томонидан жорий йилнинг 25-31 январь кунлари Уйчи туман ДСИ фаолиятида текшириш ўтказилган.

Ўтказилган ўрганишда “Меҳнат дафтарчаларини юритиш тартиби тўғрисида”ги Низом (рўйхат рақами 402, 1998 йил 29 январь) ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талаблари бузилганлиги аниқланган.

Бироқ, ўрганиш якунида туман ДСИга нисбатан ҳеч қандай таъсир чора киритилмаган ва айбдор шахслар маъмурий жавобгарликка (49-модда) тортилмаган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 5 октябрдаги 799-сон қарори билан тасдиқланган “Хақ тўланадиган жамоат ишларини ташкил қилиш тартиби тўғрисида”ги Низом талабларига риоя этилмаган.

Жумладан, жамоат ишларини бажариш бўйича Поп тумани, Исковут МФЙ билан марказ ўртасида 2019 йил 1 мартдан 10 апрелга қадар шартнома тузилган бўлсада, МФЙ томонидан ходимларга буйруқ 31 мартгача чиқарилган ва уларнинг ишлаган даврлари учун 31 мартгача табель берилган, қолган 10 кун учун эса, ойлик иш хақлари тўланмаган.

Шунингдек, Поп тумани, Ором МФЙ билан жамоат ишлари бўйича шартнома бўйича фуқароларга табель юритилмаган ёки иш ҳужжатларига қўшиб қўйилмаган.

Вахоланки, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 5 октябрдаги 799-сон қарори билан тасдиқланган “Ҳақ тўланадиган жамоат ишларини ташкил этиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 26-бандида буюртмачи иш берувчи ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 1-санасига қадар АБКМга ўтган ой учун жамоат ишларида қатнашган фуқароларни амалда қатнашган кунлари бўйича тасдиқланган ҳисобга олиш табелини ва иш ҳақи ҳисобланганлиги бўйича қайдномани тақдим этиши белгиланган.

Шунингдек, ўрганиш жараёнида буюртмачи иш берувчилар томонидан жамоат ишларига фуқароларни такроран жалб қилиш ҳолатлари аниқланди.

Масалан, Поп тумани, Чинор МФЙда яшовчи фуқаро Д.Соғиндикова 2019 йил март ойида жамоат ишларига шартнома бўйича жалб қилингани ҳолда июнь ойида ҳам такроран жалб қилинган.

Худди шундай Учқўрғон туманида 2019 йилнинг 1-яримида 164 нафар ишсиз фуқаролар 2 маротаба, 69 нафар ишсиз фуқаролар 3 маротаба, 31 нафар ишсиз фуқаролар 4 маротаба, 15 нафар ишсиз фуқаролар 5 маротаба, 11 нафар ишсиз фуқаролар 6 маротаба, 5 нафар ишсиз фуқаролар 7 маротаба жамоат ишларига жалб қилинган.

Бундан ташқари, Чуст тумани, Боғи Эрам МФЙда яшовчи иш билан банд бўлган фуқаролар М.Бабаджанова ва М.Бобожоновлар уларнинг розилигисиз рўйхатга киритилиб, 2018 йилнинг август ойида жамоат ишлари жалб қилинганлиги ҳақида бандликка кўмаклашиш марказига маълумот ҳамда ишлаганлигини сабабли М.Бабажановага 401 916 сўм, М.Бобожоновга
382 777 сўм маблағ берилганлиги юзасидан ведомость расмийлаштирилиб, туман АБКМга тақдим этилган. Ушбу маълумотларга кўра, аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан Боғи Эрам МФЙга ведомостда кўрсатилган маблағлар ўтказиб берилган.

Ваҳоланки, Низомнинг 20-бандида жамоат ишларида қатнашувчи ишсиз ва банд бўлмаган фуқаролар рўйхатларини шакллантиришда, буюртмачи бюджет ташкилоти ва фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органи бўлганда, мазкур ҳудудда яшовчи банд бўлмаган фуқаролар қамраб олиниши лозимлиги белгиланган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 31 октябрдаги 1066-сон қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тўғрисида”ги низом талаблари бажарилмаган.

Хусусан, Бош бошқарма томонидан Низмонинг 15 банди, Поп туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан Низомнинг 20 ва 19-бандлари, Норин туманда Низомнинг 16 ва 24-бандларида кўрсатилган асосий вазифа ва функциялар бажарилмаган.

Бош бошқарма томонидан иш ўринларини меҳнат шароитлари бўйича аттестациядан ўтказиш сифатини баҳолаш юзасидан давлат экспертизаси ўтказишда юқоридаги низом талабларига риоя этилмаган.

Жумладан, меҳнат шароитлари бўйича иш ўринларини аттестациядан ўтказилиши сифатини баҳолаш юзасидан давлат эскпертизаси аттестация ўтказувчи ташкилотларнинг мурожаатларисиз, фақат эскспертиза ўтказилиши керак бўлган ташкилотнинг алоқа хати асосида ўтказилган, шунингдек алоқа хатида тегишли маълумотлар кўрсатилмаган.

Ваҳоланки, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 27 апрелдаги 246-сон қарори билан тасдиқланган “Меҳнат шароитларини давлат экспертизасидан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 13-бандида меҳнат шароитлари бўйича иш ўринларни аттестациядан ўтказилиши сифатини баҳолаш юзасидан давлат экспертизаси аттестация ўтказувчи ташкилотларнинг мурожаатлари бўйича мазкур Низомнинг 1-иловасидаги схемага мувофиқ амалга оширилиши белгиланган.

Бундан ташқари, бошқарма томонидан давлат экспертизаси бланкалари ҳисобини ва давлат экспертизаси хулосалари реестрини юритиш бўйича Низом талабларига риоя қилинмаган.

Жумладан, бошқарма томонидан Давлат экспертизаси хулосалари бланкаларини сарфлаш китоби юритилмаган, расмийлаштирилган давлат экспертизаси хулосалари бланкалари Давлат экспертизаси хулосалари бланкаларини сарфлаш китобида қайд этилмаган. Бироқ, расмийлаштирилган давлат экспертизаси хулосаларининг рўйхати электрон шаклда юритилган.

Ваҳоланки, юқоридаги Низомнинг 38-бандида расмийлаштирилган давлат экспертизаси хулосалари бланкалари Давлат экспертизаси хулосалари бланкаларини сарфлаш китобида қайд этилиши, 39-бандида Давлат экспертизаси хулосаси бланкаларини сарфлаш китоби рақамланган, ип ўтказиб тикилган ҳамда меҳнат шароитлари бўйича давлат экспертизаси органи раҳбари томонидан имзоланган бўлиши зарурлиги белгиланган.

Шунингдек, меҳнат шароитлари бўйича ўтказилган аттестациянинг сифатини баҳолаш юзасидан бир иш ўрнини давлат экспертизасидан ўтказиш учун тўлов ундирилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд эмаслиги маълум бўлди.

Ваҳоланки, юқоридаги Низомнинг 12-бандига асосан, меҳнат шароитлари бўйича ўтказилган аттестациянинг сифатини баҳолаш юзасидан бир иш ўрнини давлат экспертизасидан ўтказиш учун тўлов Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан, хизмат кўрсатиш бўйича ҳақиқий харажатлардан келиб чиқиб, энг кам ойлик иш ҳақининг 25 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда белгиланади.

II. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда унинг ҳудудий ва таркибига кирувчи ташкилотлар фаолиятининг самарадорлигини ўрганиш.

Бошқарма томонидан туман (шаҳар) АБКМлар фаолияти лозим даражада мувофиқлаштириб борилмаган.

Жумладан, бошқармада мурожаатлар билан ишлашда бошқармада
1 нафар ходим ажратилган. Бош бошқармага келиб тушган мурожаатлар бошқармада рўйхатдан ўтказилиб, деярли барча мурожаатлар бошқарма томонидан ўрганилмасдан, биргина резолюция орқали туман (шаҳар) АБКМларига юборилган. Натижада, бошқарма томонидан мурожаатлар билан ишлаш бўйича туман (шаҳар) АБКМларига услубий ёрдам кўрсатилиб, мувофиқлаштириб борилмаслиги мурожаатларни кўриб чиқиш сифати ва ўз муддатида ижро этилишига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Шунингдек, мурожаатлар резолюция орқали юборилаётганда туман (шаҳар)лардан мурожаат қонунда белгиланган тартибда ўрганиб чиқиб, белгиланган муддатда бошқармага ёзма ахборот киритиш сўралсада, туман (шаҳар)лар томонидан мурожаат муаллифига жавоб хати юборилган ва бу тўғрисида бошқармага ахборот берилиб, жавоб хати нусхаси тақдим этилган. Ушбу ҳолатлар юзасидан бошқарма томонидан муносабат билдирилмаган.

Бундан ташқари, бошқарма томонидан туман (шаҳар) АБКМ томонидан меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузган шахсларни маъмурий жавобгарликка тортиш бўйича амалиёти мувофиқлаштириб борилмаган ва масъул ходимларга услубий ёрдам кўрсатилмаган.

Хусусан, барча маъмурий жавобгарликка тортиш бўйича иш ҳужжатларида масъул ходимлар томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқиш баённомаси юритилмаган. Бош бошқарма томонидан ушбу ҳолатлар юзасидан амалиётни тўғри йўлга қўйиш бўйича кўрсатмалар берилмаган.

III. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ижрочиларга етказиш ҳамда мазмун-моҳияти ва аҳамиятини тушунтириш аҳволини ўрганиш.

Наманган вилоят бандлик бош бошқармаси ва барча туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларининг расмий веб-сайти мавжуд эмаслиги сабабли, соҳага оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар матнлари жойлаштирилмаган.

Шунингдек, Наманган шаҳар, Косонсой, Мингбулоқ, Наманган, Тўрақўрғон, Уйчи, Чортоқ туманларида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг электрон шаклини қабул қилиш ва ижрочиларга етказиш бўйича алоҳида буйруқ билан масъул ходимлар бириктирилмаган.

Бундан ташқари, бош бошқарма ва туман (шаҳар) АБКларда
норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ижрочиларга етказиш ҳамда уларнинг моҳияти ва аҳамиятини аҳоли ўртасида тушунтириш бўйича намунавий “Йўл харитаси” асосида ўзларининг “Йўл хариталари” ишлаб чиқилмаган ва соҳага оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар бўйича тарғиботни амалга оширишга мўлжалланган тарқатма материалларидан слайд ва видеороликлар мавжуд эмас.

Шунингдек, бош бошқарма, Наманган шаҳар, Косонсой, Мингбулоқ, Косонсой, Чортоқ, Янгиқўрғон туманларида ўтказилган тарғибот тадбирлари бўйича асословчи ҳужжатлар мавжуд эмас.

IV. Мурожаатлар билан ишлаш аҳволини ўрганиш.

Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқишда ва муаллифларга жавоб берилишида муддатларга риоя этилмаган.

Жумладан, Наманган шаҳар, Ровустон МФЙ, Янгичек кўчасида яшовчи фуқаро А.Юлчиевнинг 2019 йил 7 февралдаги мурожаати юзасидан 2019 йил
2 мартда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига ахборот берилган бўлсада, ўрганиш кунига қадар фуқарога жавоб хати юборилмаган.

Шунингдек, Наманган шаҳар, Навбаҳор МФЙ, 1-кичик туман, 65-дом, 4-хонадонда яшовчи фуқаро Д.Ибрагимованинг 2019 йил 7 мартдаги мурожаати бўйича фуқародан қониқиш хати олинган бўлсада, ўрганиш кунига қадар мурожаат муаллифига жавоб хати юборилмаган.

Наманган тумани, Чорбоғ МФЙ, Шодлик кўчаси, 12-уйда яшовчи фуқаро Б.Халиловнинг 2019 йил 22 январдаги мурожаати юзасидан мазкур мурожаат ўрнилган бўлсада, ўрганиш кунига қадар мурожаат муаллифига жавоб хати юборилмаган.

Шу каби ҳолатлар Наманган шаҳар, Косонсой, Мингбулоқ, Норин, Поп, Уйчи, Учқўрғон, Чортоқ ва Чуст туман АБКМлар томонидан мурожаатларни кўриб чиқишда ҳам такрорланган.

Ваҳоланки, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонуннинг 27-моддасида мурожаат, агар унда қўйилган барча масалалар ушбу Қонун талабларига мувофиқ кўриб чиқилган ва мурожаат қилувчига тегишли жавоб юборилган тақдирда, кўриб чиқилган ҳисобланиши белгиланган.

Шунингдек, Поп тумани, Гулистон МФЙ, Шодлик кўчаси, 40-уйда яшовчи фуқаро Н.Абдурахмонованинг (ижрочи Б.Хамидов) 2018 йил 20 ноябрдаги мурожаати ўрганиб чиқилган бўлсада, мурожаат муаллифига 2019 йил 8 январда, яъни 19 кунга кечикиб жавоб хати юборилган.

Худди шундай ҳолат Мингбулоқ, Поп, Уйчи, Чортоқ ва Янгиқўрғон туманларида ҳам такрорланган.

Юқоридагиларга кўра, қонун ҳужжатларининг бузилиши, уларнинг сабаблари ва бунга олиб келувчи шарт-шароитларни бартараф этиш ҳамда келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик юзасидан бандлик бош бошқармаси ва туман (шаҳар) АБКМларга жами 13 та тақдимнома, 1 та огоҳнома ҳамда айбдор шахсларни маъмурий жавобгарликка тортиш юзасидан ваколатли органларга 10 та маъмурий таклифлар, бундан ташқари меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этмаган туман (шаҳар)лардаги корхона, ташкилот ва муассасаларга жами 212 та тақдимнома, 332 та огоҳнома ва айбдор шахсларни маъмурий жавобгарликка тортиш юзасидан туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларига жами 177 та маъмурий таклифлар киритилди.

Абдурахим МУСАШАЙХОВ
Азизбек ЁДГАРОВ
Гулнора ҚОСИМОВА

Наманган вилоят адлия бошқармасининг
Ижтимоий-иқтисодий соҳада ҳуқуқни қўллаш
амалиётини ўрганиш бўлими масъул ходимлари