Bog'lanish

Telefon
(+998 69) 227-06-62

Elektorn manzil
namangan@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

22

Сайлов қонунчилиги: ислохотлар ва инсон


Юртимизда муҳим сиёсий жараён бўлиши кутилаётган бир вақтда сайлов ва у билан боғлиқ бўлган тарғибот ишларини янада жонлантириш барчамиздан бирдек маъсулият талаб этади.
Айниқса тарқоқ қонун-қоидаларни бир ерга жам қилган сайлов кодекси ҳақида гапирмасликнинг иложи йўқ. Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 22 декабрдаги Олий Мажлисга мурожаатномасида сиёсий хаётимизда муҳим ахамият касб этган сайлов қонунчилиги ҳақида ҳам тўхталиб, бу борада қабул қилинган бешта қонун ва кўплаб қонуности ҳужжатлари халигача яхлит бир шаклга келтирилмагани, ҳалқаро норма ва стандартларга жавоб берадиган ягона Сайлов кодексини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш кераклигини таъкидлаган эдилар.
Сайлов кодексини яратишдан кўзланган асосий мақсадлар:
- фуқароларнинг сайлов қонунчилигига доир конституциявий ҳукуқларидан самарали фойдаланиш;
- миллий сайлов қонунчимлигимизнинг ҳалқаро стандартларга мувофиқлигини таъминлаш;
- фуқароларнинг давлат ва жамият бошқарувида бевосита иштирок этиш ҳуқуқларини янада мустахкамлаш;
- фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини химоя қилишнинг қўшимча механизмларини такомиллаштириш;
- сиёсий партияларнинг мамлакат сиёсий сахнасидаги соғлом рақобатини таъминлаш;
- сайлов қонунчилигини такомиллаштириш ва тартибга солиш;
- сайлов ҳуқуқи нормалари иерархиясини таъминлаш;
- сайлов нормаларининг очиқлиги ва равшанлигини таъминлашдан иборат.
Сайлов кодекси Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари сайловларига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солади хамда Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хоҳиш-иродаси эркин билдирилишини таъминловчи кафолатларни белгилайди. Кодекс 18 боб, 103 та моддадан иборатдир.
Эндиликда ушбу кодексга биноан, Қонунчилик палатасида Экоҳаракат вакиллари учун квота ажратиш институти тугатилди. Номзодларни халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашларига фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан кўрсатиш тартиби бекор қилиниб, сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини юритиш тартиби қонунан тартибга солинади ва сиёсий партиялар томонидан имзо йиғишда сайловчилар томонидан бир қанча партияларни ёқлаб имзо қўйиш имконияти берилди.
Бундан ташқари, сайлов участкаларида участка сайлов комиссиясининг овозларни санаш тўғрисидаги баённомасининг зудлик билан жамоатчилик мухокамаси учун 48 соатдан кам бўлмаган вақтга илиб қўйиш, участка сайлов комиссияси аъзоларининг ярмидан кўпи битта ташкилотдан тавсия этилиши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилди.
Шу билан бир қаторада, халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларида муҳокама этиладиган ва тавсия этиладиган участка сайлов комиссиялари аъзолари номзодлари бўйича жамоат бирлашмалари ва ташкилотларининг таклифлари олиниши тартиби ўрнатилиб, сайлов округларини тузишда сайлов округларидаги сайловчилар сонининг йўл қўйиладиган энг кўп четга чиқиши ўн фоиздан ошмаслиги тартиби ўрнатилди.
Эндиликда, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига сайловларда кузатувчи сифатида иштирок этиш ҳуқуқи берилиб, Қонунчилик палатасига, махаллий Кенгашларга сайлов бир вақтда ўтказилган тақдирда, Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссиялари томонидан ягона сайлов участкаларини тузиш тартиби ўрнатилди. Ва энг асосийси сайловларда овоз бериш вақти 08:00 дан 20:00 гача этиб белгиланди;
Хулоса ўрнида айтишимиз мумкинки, 2019 йил декабрь ойида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлигига сайловларни очиқ ва шаффоф тарзда ўтказилишида ҳар биримиз масъулмиз.

Қобилов Ҳалимжон Хакимжонович
Уйчи туман адлия бўлими бошлиғи
1-даражали юрист