Bog'lanish

Telefon
(+998 69) 227-06-62

Elektorn manzil
namangan@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

02

МАЖБУРИЙ МЕҲНАТГА ҚАРШИ КУРАШИШНИНГ ҲУҚУҚИЙ АСОСЛАРИ


Бугунги кунда интернет ва ижтиомий тармоқларда энг муҳокамаларга сабаб бўлаётган мавзулардан бу албатта мажбурий меҳнатдир. Тўғри, мамлакатимизда бу борада, айниқса фуқароларни қўшимча бошқа ишларга жалб этиш, “ихтиёрий ҳашар” ниқоби остида мажбурий равишда ободонлаштириш ва бошқа шу каби ишларга жалб этиш ишлари ҳамон давом этаётгани бугунги кунда мамлакатимиз раҳбарини ҳам ташвишга солмоқда.

Мустақилликнинг илк даврларига назар соладиган бўлсак, Ўзбекистон ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамияти қуришни ўз олдига мақсад қилиб олди. Шунга монанд ўз қонунчилигини ҳам инсонпарварлик, адолат, миллий қадриятлар руҳида қарор топтиришга ҳаракат қилди.

Жумладан, 1995 йилда қабул қилинган Меҳнат кодексининг 6-моддасида барча фуқаролар меҳнат ҳуқуқларига эга бўлиш ва улардан фойдаланишда тенг имкониятларга эга эканлиги, жинси, ёши, ирқи, миллати, тили, ижтимоий келиб чиқиши, мулкий ҳолати ва мансаб мавқеи, динга бўлган муносабати, эътиқоди, жамоат бирлашмаларига мансублиги, шунингдек ходимларнинг ишчанлик қобилиятларига ва улар меҳнатининг натижаларига алоқадор бўлмаган бошқа жиҳатларига қараб меҳнатга оид муносабатлар соҳасида ҳар қандай чеклашларга ёки имтиёзлар белгилашга йўл қўйилмаслиги ва булар камситиш деб ҳисобланиши белгилаб қўйилди.

Шунингдек, кодекснинг 7-моддасида мажбурий меҳнат, яъни бирон-бир жазони қўллаш билан таҳдид қилиш орқали (шу жумладан меҳнат интизомини сақлаш воситаси тариқасида) иш бажаришга мажбурлаш тақиқланиши белганди.

Эътиборли жиҳати шундан иборатки, мажбурий меҳнатга қарши курашишда Ўзбекистон умумэътироф этилган халқаро ҳужжатлар нормаларини тан олиш ва миллий қонунучиликка сингдиришга ҳам ҳаракат қилди.

Хусусан, 1997 йил 30 августда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг “Зўрлаб ишлатиш ёки мажбурий меҳнат тўғрисида”ги ҳамда “Мажбурий меҳнатни тугатиш тўғрисида”ги Конвенцияларни ратификация қилиш тўғрисидаги қарорлари қабул қилинди.

Таъкидлаш керакки, мустақиллик йилларида Ўзбекистон Халқаро Меҳнат ташкилотига аъзо бўлди ва ушбу ташкилотнинг 14 та, жумладан, 8 та асосий конвенцияси, шунингдек, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга қарши курашишга доир конвенциялари ратификация қилинди.

Республикада ХМТ Конвенцияларини ҳаётга татбиқ этишга доир миллий ҳаракатлар режаси қабул қилинди, мазмуни ва моҳияти ХМТ методологияси бўйича миллий меҳнат қонунчилигини ва меҳнат бозорини ривожлантиришга, бандликни, ижтимоий муҳофазани ва аҳоли билан мулоқотни таъминлашга йўналтирилган Муносиб меҳнат бўйича мамлакат дастури бажарилмоқда. Ушбу Ташкилот экспертларининг бевосита иштирокида қишлоқ хўжалигида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатдан фойдаланиш мониторинги олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг “Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига ва халқаро меҳнат стандартларига мувофиқ фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлашга доир чора-тадбирларни кучайтириш тўғрисида” 2017 йил 4 октябрдаги СҚ-231-III-сон қарори билан болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатдан бирон-бир шаклда фойдаланишнинг олдини олиш ва бунга йўл қўймаслик бўйича ушбу йўналишда комплекс ташкилий-амалий чора-тадбирларни амалга ошириш назарда тутилган парламент назорати институти жорий этилди.

Шу билан бирга, жойларда сўнгги пайтларда жойларда таълим, соғлиқни сақлаш соҳалари ва бошқа бюджет ташкилотлари ходимларини ҳудудларни ободонлаштириш, шунингдек, қишлоқ хўжалигидаги турли ишларга мажбурий жалб қилиш шаклида меҳнат қонунчилиги нормаларини бузиш билан боғлиқ айрим ҳолатлар кузатилаётгани, мансабдор шахсларнинг хизмат мавқеини суиистеъмол қилиш, юқорида қайд этилган шахсларни қўрқитиш, уларга нисбатан ҳақоратли сўзларни ва ҳаттоки, куч ишлатиш ҳолатлари ҳам қайд этилганлиги, албатта бу бўйича кескин чоралар қабул қилиш заруратини келтириб чиқарди.

Натижада, бу каби салбий ҳолатларга йўл қўймаслик, давлат органлари ишидаги тизимли камчиликларни бартараф этиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолатларига тўлиқ барҳам бериш мақсадида 2018 йил
10 май куни Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 349-сонли қарори қабул қилинди.

Қарор билан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, шаҳарлар ва туманлар ҳокимлари, барча даражалардаги давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарлари фуқароларни, жумладан, таълим, соғлиқни сақлаш муассасалари, бошқа бюджет ташкилотлари ходимларини, таълим муассасалари ўқувчилари ва талабаларни мажбурий меҳнатга, шу жумладан туман ва шаҳарлар ҳудудларини ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш ишлари, мавсумий қишлоқ хўжалиги ишлари, металл чиқиндилари ва макулатура йиғиш, шунингдек, бошқа турдаги мавсумий ишларга жалб қилиш ҳолатларининг зудлик билан олдини олиш ва бунга чек қўйиши, фуқароларни, хусусан, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаси, бошқа бюджет ташкилотлари ходимларини, талабалар ва таълим муассасалари ўқувчиларини мажбурий жамоат ишларига бевосита ёки билвосита жалб қилган мансабдор шахсларга нисбатан қатъий интизомий чоралар кўриши белгиланди.

Шунингдек, қарорда давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан ҳашарлар қуйидаги шартларга қатъий риоя этилган ҳолда, яъни умумхалқ ҳашарини ўтказиш тўғрисида фақат Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли ҳужжати ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори мавжуд бўлганда ҳамда унда иштирок этадиган шахслар меҳнат қиладиган тегишли ташкилот ҳудудида меҳнатни муҳофаза қилиш ва хавфсизлик нормаларига қатъий риоя этилган ҳолда фақат ихтиёрий тарзда ташкил этилиши ва ўтказилиши белгилаб қўйилди.

Қарорнинг 34-бандига мувофиқ, ввтомобиль йўллари, ҳаракатланиш тиғиз бўлган кўчалар, сув объектлари, қирғоқбўйи ҳудудлар ва зоналар, қурилиш майдонлари, бино ва иншоотлар томлари, хавфли ишлаб чиқариш объектлари, шунингдек, инсонларнинг ҳаётига ёки соғлиғига хавф туғилиши юзага келиши мумкин бўлган бошқа жойларда ихтиёрий ташаббус билан ҳашарлар ва бошқа ишларни ўтказиш тақиқланди.

Албатта, ушбу қарорнинг қабул қилиниши мамлакатимизда мажбурий меҳнага жалб этишга қарши куршиш бўйича олиб борилаётган ишларни янги босқичга кўтарди десак муболаға бўлмайди.

Айни вақтда, бу бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларни янада кучайтириш, улкан қонунчилик базасини мустаҳкамлаш мақсадида жорий йилнинг 30 июль куни муҳтарам Президентимизнинг “Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5775-сонли Фармонлари қабул қилинди.

Фармон билан мамлакатимизда илк марта Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси ташкил этилиб, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари зиммасига одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича ҳудудий комиссияларга, раҳбарлик қилиш вазифаси юклатилди.

Шунингдек, Фармонга мувофиқ, Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича миллий маърузачи институти таъсис этилди ва унинг функциялари Миллий комиссия раиси зиммасига юкланди.

Юқоридагилардан кўриниб турибдики, бугунги кунда мамлакатимизда меҳнат қонунлигини, айниқа аҳолини мажбурий меҳнатга жалб қилиш борасидаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш бўйича ислоҳотлар амалга оширилиб, улкан қонунчилик базаси яратилмоқда.

Абдурахим МУСАШАЙХОВ
Наманган вилоят адлия бошқармасининг
Ижтимоий-иқтисодий соҳада ҳуқуқни қўллаш
амалиётини ўрганиш бўлими бошлиғи